МақолаларҲадис

Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқлар.

  1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, сўзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи араблардан унга ўхшаш калом келтиришни талаб қилган, улар бунга қодир бўлмаганлар ва қиёматгача ҳам қодир бўлмайдилар. Ҳадиси қудсийда эса бу хусусият йўқ. Унинг мўъжизалиги йўқ ва Аллоҳ таоло араблардан унга ўхшаш нарса келтиришни талаб қилмаган.
  2. Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларини, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий Китобнинг ўзига хос сифатларидан биридир.
  3. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади. Ҳадиси қудсий эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади.
  4. Қуръони Каримнинг барчаси, ҳар бир ҳарфигача тавотур ила ривоят қилинган. Унинг барчаси қатъий собит бўлган. Ҳадиси қудсийларнинг кўпи мутавотир бўлмай, оҳод хабарлардир. Баъзи ҳадиси қудсийлар саҳиҳ, бошқалари ҳасан, яна бошқаси заиф бўлиши мумкин.
  5. Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳдан, десалар, бошқалар Аллоҳдан эмас, дейдилар.

«Шарҳу Арбаъин ан-Нававия» китобида Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқ борасида қуйидагилар айтилган:

«Қуръон ҳадиси қудсийдан қуйидагилар билан фарқланади:

– Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом келтириши шарт. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

– Қуръони Каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Ҳадиси қудсийнинг маъносини ривоят қилса бўлади.

– Қуръони Каримнинг лафзи Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳ таолодан бўлиши шарт эмас.

– Қуръони Каримни таҳорат билангина ушлаш мумкин. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

– Қуръони Карим қироати намозда фарздир. Ҳадиси қудсийни намозда ўқиб бўлмайди.

Агар қасддан ўқилса, намоз бузилади.

– Қуръони Каримнинг ҳар бир калимаси тиловатига ўн савоб берилади. Ҳадиси қудсийда бундай эмас.

– Қуръони Каримнинг бир ҳарфини инкор қилган одам кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилган ёки санади тўғри эмас, деган одам эса кофир бўлмайди.

– Қуръони Карим тавотур ила собит бўлган. Ҳадиси қудсий ундай эмас».

Қўшимча тарзда айтиб ўтиш керак бўлган нарсалардан бири шуки, ҳадиси қудсийлар оз бўлиб, уларнинг сони мингтача. Ўша ададнинг ичида саҳиҳи ҳам бор, заифи ҳам бор.

Ҳадиси қудсийнинг ривоят қилиниш сийғалари:

Ҳадиси қудсийни ривоят қилишнинг икки сийғаси бор. Ровий улардан қайси бирини хоҳласа, шунисини ишлатади:

  1. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадилар», деб, сўнг ҳадис матни айтилади.
  2. «Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам У зотдан қилган ривоятда айтади», деб, сўнг матн баён қилинади.

Ҳадиси қудсий борасида ёзилган энг машҳур китоб:

Абдуррауф Мунавийнинг «Ал–итхафатус–санийяту бил аҳадисил қудсияти» номли китоби бўлиб, ушбу китобда муаллиф 272 та ҳадиси қудсийни жамлаган.

«Тавотур» – ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган, ниҳоятда кўп сонли ровийлар томонидан ривоят қилинган бўлиш. Бундай ҳадис мутавотир дейилади.

«Оҳод» – ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадис.

 

Демак, Қуръони карим, ҳадиси қудсий ва ҳадиси набавий орасидаги фарқ қуйидагичадир:

  1. Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир.
  2. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳдан, десалар, бошқалар Аллоҳдан эмас, дейдилар. Уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўчирма гап тарзида етказадилар.
  3. Оддий ҳадисларнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлади.
Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг