Аёллар саҳифасиМақолаларФиқҳ

НАМОЗ НУРДИР!

✨«Кўзимнинг қувончи намозда қилинди».
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам.

🔅Қалбингиз ёришмаяптими? Намоз ўқинг, у сўнмас нурдир. У инсоннинг бутун вужудини мунаввар қилади, қалбини нурга тўлдиради. Бироқ, унинг нур эканини намозхон бандагина билади, бенамозлик зулматларида саниқиб юрган кимса бу ҳақиқатни қандай ҳам ҳис этсин?! Намоз дунёу охиратни ёритувчи машъалдир! У зулматли тунларингизни, қоронғи қабрингизни мунаввар қилади! Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намоз нурдир», деганлар.
🔅Гуноҳу маъсиятдан дилингиз хиралашганидан сиқиляпсизми? Виждонингиз азоб чекяптми? Намоз ўқинг, чунки намоз гуноҳ ва ғафлат зангларидан моғорланган қалбни тозаловчи илоҳий воситадир. У виждонни покловчи, уни асровчи қўрғондир. Аммо гуноҳлар ботқоғига ботиб, бўғилиб ўлган қалб намознинг ҳаётбахш ифорини туймайди. Агар гуноҳдан қалбингиз қорайганини ҳис этмасангиз, билингки, қалбингиз димиқиб беҳуш бўлибди, уни намоз билан уйғотинг.
🔅Ёлғизликдан азоб чекяпсизми? Намоз ўқинг, у сиз учун энг яхши суҳбатдошдир. Намоз ер билан осмон ўртасини боғловчи кўприкдир. У зарралар ичидаги бир зарра бўлган инсонни бутун борлиқнинг Яратвчиси билан боғлайди. Ўзингиз ерда бўла туриб самоларни сайр қиласиз.
Шаҳватлар сизни домига тортаётганидан хавфсираяпсизми? Намоз ўқинг, у сизни мункар ва фаҳш ишлардан асрайди. Нафс алангасини ўчиради, таскин топасиз.
🔅Шайтон ҳамласига енгилиб қолишдан қўрқяпсизми? Намоз ўқинг, у сизнинг руҳий қувватингизни таъминлайди. Намоздан шайтон ва унинг гумашталари жуда ҳам қўрқади.
🔅Намоз мусибатда юпанч, шодликда суюнчи, мушкулликларда кушойиш, фаровонликда энг гўзал машғулотдир. Намоз инсонни инсонларга қуллиқ қилишдан Аллоҳга бандалик қилиш сари олиб чиқувчи йўлакдир.
Намоз банда учун энг буюк мақомдир. Намоз мўмининг меърожидир. Намоз бандага берилган энг катта имконият, энг улуғ неъматдир. Инсон намозга етишгани шукрига бир умр бошини саждадан кўтармаса арзийди. “Намоз ўқисам ҳам фалон-фалон мақсадларимга эриша олмадим”, дея нолиш ўта кетган нодонликдир, чунки намознинг ўзи энг катта ютуқдир. Намознинг таъмини чиндан туйган одам уни бутун дунёга алиштирмайди. Намоздан баҳраланган одам намозсиз ҳаётни ҳаёт деб билмайди. Намозхоннинг энг буюк орзуларидан бири ‒ намозда ўлим топиш бўлиб қолади.

🕋Аллоҳим! Бизларни намоз билан неъматлантирганинг учун Ўзингга ҳамду шукрлар бўлсин! То ҳаёт эканмиз, бизни бу неъматдан айирма! Намозни кўзқувончимиз айла !!!

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг