Янгиликлар

“ПРЕЗИДЕНТ ҲОЖИЛАРИ” ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИГА САЁҲАТ ҚИЛИШДИ

Шу кунларда юртимизда “Ҳаж – 2026” мавсуми зиёратчиларини муборак диёрга кузатиш ишлари юқори савияда қизғин давом этмоқда. Эътиборлиси, бу йил эл-юрт корига яраётган, фидоий ва жонкуяр ватандошларимиздан иборат 100 нафар “Президент ҳожиси” давлатимиз томонидан алоҳида эҳтиром билан муқаддас сафарга юборилмоқда.

Мазкур тадбирларда Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов иштирок этиб, бўлажак ҳожилар билан самимий мулоқотлар қилишмоқда.

Бугун, 18 май куни “Президент ҳожилари” учун муборак сафар олдидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яқинидаги “Фаровон” меҳмонхонасида гўзал маърифий суҳбат ўтказилди. Учрашувда Ҳаж ибодатига тайёргарлик, сафар давомида эътибор қаратиш лозим бўлган ташкилий ва шаръий жиҳатларни тушунтириш билан бирга улуғ амални бажаришда қулай бўлган махсус либос, сумка ва зарур қўлланмалар тақдим этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига махсус саёҳат ташкил этилди. Унда зиёратчилар марказ фаолияти, бу ерда сақланаётган нодир экспонатлар, қадимий қўлёзмалар ҳамда замонавий технологиялар имкониятлари билан яқиндан танишди.

Улуғвор мажмуа бўйлаб уюштирилган саёҳат ва юксак даражадаги эътибордан мамнун бўлган бўлажак ҳожилар мамлакатимизда Ватан ривожи учун ҳисса қўшаётган инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, илм олиш ва ибодатларни адо этиш учун қилинган шароитлар ҳамда диний-маърифий соҳадаги кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этдилар.

Бундай юксак эҳтиром ва шароитлар учун зиёратчилар мутасаддилар орқали Давлат Раҳбарига ўзларининг дил сўзлари ва миннатдорликларини изҳор этиб, эл-юрт тинчлиги, фаровонлиги учун хайрли дуолар қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг