Мадинаи Мунавварага зиёратчилар етиб келишди

Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчиларимизнинг илк гуруҳларини “Ҳаж – 2026” ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консули Сирожиддин Шамсуддинов, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бошқа мутасаддилар томонидан тантанали кутиб олинди.
Шунингдек, ҳамюртларимиз муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, гуллар ила икром қилинди. Таъкидлаш жоизки, зиёратчиларимизни Мадина халқаро аэропортидан бошлаб маҳаллий мутасаддилар катта эҳтиром билан пешвоз чиққанлари зиёратчиларимизга юқори кайфият бағишлади.
Айни дамда зиёратчиларимиз ихлосу имон билан ибодатларни адо этиш, хусусан,
Масжиду Набавий ва Равзаи муборакни зиёрат қилишга, яқинлари томонидан илтимос қилинган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишга ошиқмоқдалар.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айласин, Равзаи шариф зиёратини барчамизга насиб этсин!
