Шаҳрисабзда диний соҳа ходимлари ўртасида республика кураш мусобақаси ўтказилади

Шу йил 21-22 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Соҳибқирон бобомиз туғилиб ўсган қадим ва навқирон Шаҳрисабзда “Ҳалол кураш – 2026” республика мусобақаси ўтказилади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари томонидан ўтказилган туман-шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги саралашларда ғолибликни қўлга киритган 60 га яқин диний соҳа ходимлари ўзаро беллашади.
Айни пайтда мусобақа бўлиб ўтадиган полвонлар юрти бўлган Қашқадарё воҳасининг Шаҳрисабз тумани Мираки шаҳарчасида қизғин тайёргарлик кўрилиб, иштирокчилар учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган.
Жумладан, беллашув майдонлари, меҳмонлар истиқомат қиладиган “Miraki Resort” меҳмонхонаси, қуръа ташлаш тадбири ўтказиладиган заллар ҳар жиҳатдан тайёр ҳолга келтирилиб, мусобақа шукуҳини акс эттирувчи баннерлар ўрнатилган.
Маълумот ўрнида, 2026 йил 7 апрель куни Президентимиз раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор топшириқлар белгилаб берилган эди. Мазкур вазифаларга ҳамоҳанг равишда ташкил этилаётган мусобақа ва унинг доирасидаги тадбирлар жамиятимиз, хусусан, имомлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш баробарида ислом аҳкомларига амал қилиш, соҳа ходимлари ўртасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик руҳини кучайтириши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
