Янгиликлар

Шайх Равиль Гайнутдин: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мусулмон оламининг фахридир

Москва сафари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равиль Гайнутдин билан мулоқот қилдилар.

Муфтий ҳазратлари юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ўзгаришларни баён этиш баробарида икки давлат диний идоралари ўртасида давомли алоқалар ривожланиб бораётганига урғу қаратдилар.

Россия муфтийси бугунги кунда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан оламшумул ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва қисқа фурсатда бундай ишлар жаҳон ҳамжамияти эътиборини қозонганини таъкидлади. Айниқса, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси бутун ислом оламига донг таратгани, уларнинг архитектураси, мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари халқаро жамоатчиликни ҳайратлантираётганини эътироф этди.

Шайх Равиль Гайнуддин Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан дунёда ягона бўлган мега лойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилгани, Давлат Раҳбарининг шахсан таклифи асосида ушбу муҳташам марказ биносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси учун алоҳида жой ажратилгани ва унда фаолият юритиши юксак эътибор намунаси эканини таъкидлади.

Шунингдек, Президент Ўзбекистон муфтийсининг хонасига кириб дуо қилгани эса мамлакатда дин уламоларига эҳтиром нақадар юқори эканини, бундай хайрли ишлар туфайли юртга қут-барака келишини қўшимча қилди.

Самимий мулоқотда кўплаб дин уламоларига мадраса бўлган, дунёга машҳур Бухорои шарифдаги Мир Араб мадрасасининг нуфузини баён этиб, у ернинг битирувчилари орасидан турли давлатлар муфтийлари, таниқли уламолари, дин ва давлат арбоблари етишиб чиққанини мисоллар билан изоҳлади. Шунингдек, 500 йиллик тарихга эга бўлган Мир Араб мадрасаси Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар натижасида аввалги олий мақомини яна тикланаётганини мамнуният билан қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия диний идоралари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани тилга олиниб, ушбу муҳим ҳужжат асосида диний-маърифий, илмий-маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бораётганига эътибор қаратилди.

Ўзбекистондаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига хорижлик талабаларни ҳам ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилгани, келгусида заминимизда таълим олишни истаган россиялик ёшлар учун ҳам таълим муассасаларимиз эшиклари очиқ экани билдирилди.

Мулоқот дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг