«Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курси устозлари ижоза олдилар

Тошкент ислом институти ҳузуридаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида ушбу хайрли анъана давом эттирилиб, қуйидаги устозлар муваффақиятли равишда ижоза соҳиби бўлдилар:
Сайдуллаев Нуруллоҳ Убайдуллоҳ ўғли – “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси устози ва бўлим ходими. Нуруллоҳ қори Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятини Шотибий йўли асосида якунлади.
Иззатуллаев Файзуллоҳ Лутфуллоҳ ўғли – “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси Янгийўл тумани филиали устози ҳамда Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Садр ота” жоме масжиди имом-хатиби. Файзуллоҳ қори Имом Осим қироати, Ҳафс ва Шўба ривоятларини Шотибия йўли орқали топширди.
Мазкур йўналишлар бўйича Қуръони каримни тўлиқ хатм қилган устозларимизга “Қуръон илмлари” кафедраси устози, 10 та қироат бўйича ижоза соҳиби, Ал-Азҳар шайхи Иброҳим Муҳаммад томонидан ижоза шаҳодатномалари тантанали равишда топширилди. Ушбу ҳужжат унинг соҳибларига Қуръони каримни ўзлаштирилган қироат йўллари асосида нафақат қироат қилиш, балки бошқаларга ҳам ўргатиш ҳуқуқини беради.
Маълумки, ижоза – Қуръони каримни ривоят қилиш учун устоз томонидан бериладиган илмий изндир. Қироат илми уламолари наздида у ижоза берувчи муқрийдан ижоза олувчи қорига тақдим этиладиган шундай шаҳодатномаки, унинг силсиласи бевосита Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади.
Аллоҳ таоло устозларимизнинг ушбу илмий фаолиятларини хайрли ва баракотли қилсин. Қуръон нури билан халқимиз маърифатини юксалтириш йўлидаги хизматларида уларга зафарлар ато этсин!

t.me/oliymahad