Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларига бағишланган конференция бўлиб ўтди

2026 йил 11 апрель куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасининг анжуманлар залида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таваллудининг 74 йиллиги муносабати билан «Ёшларга соф ислом маърифатини танитиш ва уларни ёт ғоялар таъсиридан асрашда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ўрни» мавзусидаги биринчи республика илмий-назарий ва амалий анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда юртимизнинг пешқадам устозлари, шайх ҳазратларининг шогирдлари, илм-аҳллари жам бўлишди. Мазкур анжуман Қуръони Карим тиловати билан бошланди, сўнгра хайрли дуоларт қилинди. Ушбу илмий-назарий ва амалий анжуманни islom.uz портали ходими Қамариддин Бекмуҳаммад олиб борди.



Анжуманни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ кириш сўзи ва хайрли дуолар билан очиб бердилар.

Табрик нутқлари учун ҳазратнинг пешқадам шогирдларидан доктор, шайх Раҳматуллоҳ Термизий, устоз Исҳоқжон домла Бегматов, устоз Анвар Аҳмад домла, фалсафа доктори (PhD) Нурииймон Абулҳасан, Ал-Азҳар университети устози Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Абдуллатиф Аллақулов сўзга чиқиб шайх ҳазратлари билан бўлган ибратли хотираларни эслаб ўтдилар. Устозлар ўз нутқлари давомида силаи раҳм, аҳд, шунингдек, шайх ҳазратларида мужтаҳидлик фазилати бор эканини хотирлашди. Шайх ҳазратлари серқирра инсон бўлганлари, жумладан, шариат, тиббиёт, спорт, туш таъбирлари, тарих, она тили, адабиёт, тасаввуф, мерос масаласи, математика, география, сиёсатшунослик ва бошқа соҳаларда ҳам пешқадам бўлганларини айтиб ўтдилар.






Анжуманда ёшларга соф ислом маърифатини етказиш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан муҳофаза қилишга доир долзарб илмий-амалий масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
«Ёшларга соф Ислом маърифатини танитиш ва уларни ёт ғоялар таъсиридан асрашда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ўрни» мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси «Пешқадам Карвони» жамияти қошида очилган бўлиб, «Пешқадам илмий маркази» томонидан «Hilol-nashr» ва islom.uz ҳамкорлигида ташкил этилди, Ушбу анжуман қатор мақсадларга хизмат қилади:
1. Жамиятимиздаги соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш;
2. Ёш авлодни тўғри эътиқод ва соф ғоялар асосида тарбиялаш,
3. Маънавий барқарорлик ва диний саводхонликни ошириш;
4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросини замонавий тадқиқотлар билан боғлаш;
5. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бебаҳо илмий меросларини кенг жамоатчиликка етказиш.
Шунингдек, ўзига хос илмий мулоқот майдонини шакллантирувчи конференция дастурида:
· ёшларнинг соф Ислом ақидаси бўйича билимларини ошириш;
· экстремизм ва радикал ғояларга қарши маърифат ёрдамида курашиш;
· ватанпарварлик ва миллий қадриятларни тарбиялаш;
· тинчлик ва барқарорликни таъминлаш;
· Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига доир замонавий тадқиқотларни ўз ичига олади.
Маълумот ўрнида конференция учун ўзбек, турк, инглиз, араб ва рус тилларида мақола ва тезислар қабул қилинган бўлиб, танлаб олинган материаллар конференция тўпламида нашр этилади, халқаро илмий маълумотлар базаларида индексланади. Муаллифлар учун ДОИ рақами берилиши кўзда тутилган.
Анжуманнинг биринчи қисмида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, психология фанлари доктори Хўжакелди Алимов «Руҳ ва психика ўртасидаги муносабатлар муаммоси ва унинг психологик ечими», Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Нозима Иброҳимова «Ёш авлод тарбиясида мазҳаб тутиш аҳамияти ва фатво беришдан эҳтиёткорлик принципи», Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, тарих фанлари доктори Илҳом Бекмирзаев «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг фиқҳий билимларни ёш авлодга етказишдаги ўрни», Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси тадқиқотчиси Абдуваҳоб Тўхтаназаров «Янги Ўзбекистонда ёшларни соф Ислом маърифати асосида тарбиялашда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ўрни», Туркиядаги Имом Молик Халқаро Илмлар Академияси магистранти Лолахон Хамдамова «Дерадикализатсия жараёнида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ақидавий мактабидан фойдаланиш методикаси», Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти, филология бўйича фалсафа доктори (PhD) Нуржамол Норматова «Сунъий интеллект даврида олий таълим талабаларининг касбий ва шахсий фазилатларини ривожлантириш» мавзуларида маъруза қилдилар.






Анжуманнинг иккинчи қисмида Хадичаи Кубро ўрта махсус Ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси, Ҳилол Нашр нашриёт-матбааси директор ўринбосари, «Пешқадамлар Карвони» таъсисчиси, исломшунос олима Одинахон Муҳаммад Содиқ «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари ватанпарварлик ва миллий қадриятларни асраш ғояларининг манбайидир», Ўзбекистон халқаро Исломшунослик академияси Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Муминова Дилшодахон «Маънавий тарбия жараёнида тилнинг тарбиявий функцияси ва унинг ёшлар онгига таъсирида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ўрни», Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти доцент в.б., исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Махфузахон Жалолдинова «Ёшларнинг соф Ислом маърифати билан камол топишида Ихтилофлар сабаблар ва ечимлар асарининг ўрни», Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти доценти, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Чарос Мирхолиқова «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларида руҳий тарбия ва маънавий интеллект масалалари», Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), психотерапевт Гавҳар Дарвиш «Руҳий тарбия концепциясининг замонавий психотерапиядаги илмий-амалий аҳамияти», Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси таянч докторанти Шаҳзода Абдураимова «Конфессиялараро бағрикенгликни мустаҳкамлашда islom.uz ва muslimaat.uz медиаконтентларининг аҳамияти» мавзуларида маърузалар қилишди.






Анжуман иштирокчиларига тадбир якунида сертификат ва эсдалик совғалар топширилди.
www.islom.uz