Муфтий ҳазратлари “АЛ-ИЛМ” ордени билан тақдирландилар

Москва сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Имом Муҳаммад ал-Бухорий номидаги мусулмонлар диний ташкилоти раиси ва мадраса директори Умидбек Мамталиев билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқот чоғида Муфтий ҳазратларининг диний-маърифий илмларни тарқатиш, жамиятда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, ислом маданиятини кенг ёйиш ҳамда мусулмонлар ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш борасидаги кўп йиллик самарали фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ёш авлодга диний ва дунёвий билимларни уйғун ҳолда етказиш, халқаро майдонда динлараро мулоқотни ривожлантириш ва тинчликпарвар ташаббусларни илгари суришдаги салмоқли ҳиссаси юқори баҳоланди.
Мулоқот якунида мўмин-мусулмонлар бирлиги ва маърифати йўлидаги мазкур эзгу ишлари ва халқаро миқёсдаги самарали фаолиятларининг эътирофи сифатида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Москва шаҳридаги Имом Муҳаммад ал-Бухорий номидаги мусулмонлар диний ташкилотининг “АЛ-ИЛМ” ордени тантанали равишда топширилди.
Маълумот ўрнида: “АЛ-ИЛМ” ордени Москвадаги Имом Муҳаммад ал-Бухорий номидаги мусулмонлар диний ташкилоти томонидан таъсис этилган бўлиб, маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш ва ислом маданиятига хизмат қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатган дин пешволарига топширилади.
Аллоҳ таоло ушбу юксак эътирофни муборак айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати