Янгиликлар

Бишкекда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг қирғиз тилидаги нашри тақдимоти ўтказилди

Таниқли аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бой илмий мероси Марказий Осиё халқлари маънавий ҳаётида чуқур из қолдирган бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Ушбу илмий мерос келажак авлодлар учун муҳим маънавий дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда Шайх ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш борасида қатор амалий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, устозимизнинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб, қардош халқларга тақдим этилмоқда. Шу эзгу ташаббуслар доирасида Шайх ҳазратларининг «Бахтиёр оила» асари ҳамда укалари Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган «Исломга бағишланган умр» китоби қирғиз тилига таржима қилиниб, «Дарак» нашриёти томонидан 2025 йилда нашр этилди.

2026 йил 2 май куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида, Миллий тарих музейининг анжуманлар залида ушбу китобларнинг расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Қирғизистон Республикаси давлат мадҳияси билан очилиб, Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан давом этди. Шундан сўнг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёрқин хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм ҳамда «Дарак» нашриёти фаолияти ҳақида видеолавҳа намойиш этилди. Тадбирни шоир ва сухандон Идрис Айтибаев олиб борди.

Тадбирда Қирғизистон Республикаси давлат котиби Арслан Койчиев, Президент ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар бўйича миллий агентлик раиси Талантбек Ташибеков иштирок этиб, самимий табрик ва қутлов сўзлари билан чиқиш қилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикрам Ниязходжаев, Қирғизистон мусулмонлари муфтийининг биринчи ўринбосари Шакир хожи Маматов, «Дарак» нашриёти раҳбари Сейитбек Идрисов, «Hilol Nashr» нашриёти ва Islom.uz раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ, ҳадисшунос олима Одинахон Муҳаммад Содиқ, китоблар таржимони Майрамбек Жумалиев ҳамда бошқа олиму уламолар иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар Шайх ҳазратларининг илмий мероси, унинг қардош халқлар маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар, бундай ташаббуслар халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашини таъкидладилар.

Жумладан, «Hilol Nashr» нашриёти ва Islom.uz раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ ўз нутқларида тадбир ташкилотчилари ва қардош қирғиз халқига самимий миннатдорлик билдириб, бугунги учрашув нафақат китоб тақдимоти, балки қалбларни яқинлаштирадиган, умумий қадриятларимизни яна бир бор ёдга соладиган муҳим маънавий воқеа эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. У зот Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарлари турли тилларда нашр этилаётгани — устоз қолдирган буюк мероснинг тирик эканидан далолат эканини қайд этдилар.

Шу билан бирга, у киши Марказий Осиёнинг забардаст уламоларидан бири, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубак ҳожи Жалиловнинг ҳам Ислом йўлидаги беқиёс хизматларини эҳтиром билан тилга олиб, бундай улуғ зотлар халқларимизни бирлаштирувчи маънавий кўприк эканини таъкидладилар. Шу руҳдаги ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни янада ривожлантириш барча учун муҳим вазифа эканини айтиб ўтдилар.

Тадбир доирасида китобларнинг расмий тақдимоти ўтказилиб, рамзий лента кесиш маросими бўлиб ўтди. Меҳмонларга эсдалик совғалар топширилди.

Мазкур маърифий тадбир нафақат қирғиз халқи, балки бутун Марказий Осиё минтақасида маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, деган умиддамиз.

Қирғизистон. Бишкек шаҳри. Миллий тарих музейи.

2026 йил 2 май.

www.islom.uz

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг