Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев: Ислом цивилизацияси маркази асрлар давомида халқимизга хизмат қилади

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига яна бир бор ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари асос солган ушбу муассаса халқимизнинг бой ўтмишини, илм-маърифат ривожига қўшган катта ҳиссасини намоён этадиган яхлит мажмуа бўлади.

– Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг юртимиздагидек бой ўтмиш, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам улкан меросимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, – деган эди Шавкат Мирзиёев бу ерга аввалги ташрифларидан бирида.

Марказ қурилиши ва фаолияти йўлга қўйилишида ана шу мақсад асосий мезон этиб белгиланди. Қарийб икки гектар майдонда уч қаватли кўркам иморат қад кўтарди. Тўрт томонда 34 метрлик пештоқлар қурилди. Бинонинг симметрик марказида улкан шарқона гумбаз ўрнатилади.

Мазмунан олганда эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди.

Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.

Иккинчи қаватдаги улкан фойе марказига Усмон Қуръони жойлаштирилади. Шунингдек, бу ерда Ислом санъати музейи, 435 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади. Кўргазмаларда Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилади.

Учинчи қаватдан эса 100 минггача қўлёзмалар фондига эга кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва маъмурий хоналар ўрин олади.

Президентимиз таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлади. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар илмий тадқиқотлар олиб боради, уларнинг натижалари асосида қомуслар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчи ва талабалари ушбу масканга келиб, билимини мустаҳкамлайди.

– Бу марказ асрлар давомида халқимизга хизмат қилади, унинг ҳар бир нақши тарихга муҳрланади. Шунинг учун марказнинг безаги, маъно-мазмуни диний ва илмий жиҳатдан асосланган, чуқур ўйланган бўлиши керак. Одамлар ҳам ўқиб, илм оладиган, ҳам юракдан ҳис қиладиган муҳит яратиш зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Бутун дунёдан диний уламолар, исломшунос ва тарихчи олимлар иштирокида халқаро анжуман ташкил этиб, фикрларини ўрганиш, таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

prezident.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг