Янгиликлар

«Катта китобларга етказувчи кичик қайиқчалар». «Ҳилол Нашр»да янги асарлар тақдимоти бўлиб ўтди

«Ҳилол Нашр» нашриётида «Андижон дарғалари» китоби ва «Қалби салим» рисоласи тақдимоти ўтказилди. Биринчи китоб совет даврида тақиқда бўлган диний билимларни авлодларга етказишга ҳисса қўшган уламолар ҳақида бўлса, иккинчисида фиқҳий масалалар ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилган.

Июнь ойида «Ҳилол Нашр» нашриётида «Андижон дарғалари» тўплами ва «Қалби салим» рисоласининг тақдимоти бўлиб ўтди. «Андижон дарғалари (ёхуд уламолар ва қорилар тазкираси)» китоби Адҳамжон Қосимов, Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва Искандар Абдулбосит Мадғозиев ҳаммуаллифлигида нашрга тайёрланган бўлса, «Қалби салим» рисоласининг муаллифи Неъматуллоҳ Жалиловдир.

«Андижон дарғалари (ёхуд уламолар ва қорилар тазкираси)» китоби ҳақида

адҳамжон қосимов, андижон дарғалари, большевиклар қатағони, бухоро уламолари, водий уламолари, искандар абдулбосит мадғозиев, исмоил муҳаммад содиқ муҳаммад юсуф, китоб, китоб тақдимоти, мир араб мадрасаси, неъматуллоҳ жалилов, олий маҳад, уламолар ва қорилар тазкираси, шайх муҳаммад аввома, шайх муҳаммад содиқ муҳаммад юсуф, эркин малик, юз йил сарсон-саргардонликда, қалби салим, қатағон, ҳасанхон қори, ҳилол нашр, ҳусайнхон қори

Тақдимот аввалида китоб муаллифларидан бири Ҳасанхон қори бир воқеани сўзлаб берди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг муфтийлик даврида Ливия уламолари Ўзбекистонга келган. Қизиғи, улар совет даврида Ўрта Осиёда дин тамоман тугатилган деган тасаввурда бўлган экан. Улар мезбон уламоларни, халқнинг динга бўлган қизиқишини кўриб, «қандай қилиб ўша тузум даврида динни бундай сақлагансизлар?», деб сўраган. Шунда аҳли илмлар ўғилларини тоғга олиб чиқиб, ертўлаларда ўқитгани, китобларни тоғлар ўртасида, деворлар орасида сақлагани ва ўша даврнинг бошқа қийинчиликларини айтиб берган.

Ливия уламолари: «Сизларда шундай шонли тарихингиз бор экан, нега уни ёзмайсиз? Бу тарих Ислом оламига ибрат бўлади. Иккинчи Уйғониш даврида исломга хизмат қилган олимларингизни дунё танийди, лекин ХХ асрдаги олимларнинг хизматидан бехабар. Буни ёзиб, бошқа тилларга ҳам таржима қилинишида бош-қош бўлинглар», деб маслаҳат берган. Маълум вақт ўтиб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шогирдлари Ҳасанхон ва Ҳусайнхон қориларга, мавриди келганда, шу ишни давом эттиришни таклиф қилган, улар бу таклифни қабул қилган.

«Ҳазрат: „Агар шу китобни бошласангиз, анча қисмини ўзим айтиб бераман. Аввал муҳаддисчиларнинг ишини сал юргизиб олайлик, Худо хоҳласа, ҳаммасига улгурасиз“, деган эдилар. Афсуски, шундан кейин кўп яшамадилар. Ичимизда Ҳазрат нималарни айтиб бермоқчи эдиларки айтолмадилар, деган армонимиз қолиб кетди», — деб эслайди Ҳасанхон қори.

«Ҳилол нашр» нашриёти раҳбари, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқнинг айтишича, замона муҳаддисларидан бири шайх Муҳаммад Аввома ҳам Ўзбекистонга келганида совет давридаги Ислом динига бўлган муносабатни дунё мусулмонларига танитиш кераклигини эслатиб кетган.

«Шундай қилиб, „Андижон дарғалари“ китобини ана шу хизматнинг биринчи қадамларидан, десак бўлади. Ислом дини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бизгача силсила билан етиб келган. Диннинг авлоддан-авлодга аниқ инсонлар орқали етиб келгани асосий хусусиятларидан биридир. Бу китоб ана шу силсиланинг ҳалқаси бўлган инсонлар ҳақида», — деди Исмоил Муҳаммад Содиқ.

Чапда — Ҳасанхон қори, ўртада — Исмоил Муҳаммад Содиқ, ўнгда — Эркин Малик. Фото: «Ҳилол Нашр».Чапда — Ҳасанхон қори, ўртада — Исмоил Муҳаммад Содиқ, ўнгда — Эркин Малик. Фото: «Ҳилол Нашр».

Унда совет даврида тақиқда бўлган диний билимларни авлодларга етказишга ҳисса қўшган уламоларнинг таржимаи ҳоллари жамланган. «Китoбга Андижондаги уламоларнинг ҳаммаси йиғилган, деб айтолмайман. Биз ўзимиз топган, билган маълумотларни киритдик. Биз билмаган, киритмаганларимиз ҳам бўлиши мумкин, аммо асосийлари бор», — дея тушунтирди Ҳасанхон қори.

Китоб Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров сўзбошиси билан бошланади. Китобга киритилган уламоларнинг таржимаи ҳоли ёши каттасидан кичигига қараб тартибланган. Унда XIX аср охири ва ХХ асрда яшаб ўтган уламолар билан бирга бугун ишлаётган имом-домла ва қориларнинг, жами 150 нафардан ортиқ инсоннинг, таржимаи ҳоллари ҳам бор. Шунингдек, Андижондаги масжидлар ҳақида ҳам маълумотлар ҳам илова қилинган.

Китоб муаллифларидан бири Искандар Абдулбосит Мадғозиев ўзи фаолият олиб борадиган Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида Андижон уламолари, шоирлари ва бошқа адибларининг қўлёзма асарлари сақланиши ва улар бугунги кунга қадар деярли ўрганилмагани, ўрганилганлари ҳам жудаям тор доираларда бўлиб, аксариятидан жамоатчилик бехабарлигини айтди.

«Кўплаб уламоларимиз шариат билимдони бўлиш билан бирга жуда маҳоратли шоир ҳам эди. Хусусан, Раҳмат Отабек қози, Пирим қори Андижоний, Мавлоно қори Зокир, Заҳириддин Аълам, Абдулмажид қози, Абдулвоҳид қори, Фурқатий домла каби уламолар ислом маърифатини адабиёт, шеърият орқали халққа етказишга ҳаракат қилган ва ўз асарларида ислом фалсафаси, ахлоқий бошқа масалаларни баён қилган», — деди у.

Таъкидланишича, бир неча йил аввал ўша уламолардан тўққиз нафарининг шеърлари китоб ҳолида босилган. Ўша шеърий тўплам, Мулла Холбек ибн Мусо Андижонийнинг «Ғурбатнома» асари, Адҳамжон Қосимов, Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг тирик гувоҳлардан эшитганлари ва ўрганишлари «Андижон дарғалари» учун манба бўлиб хизмат қилган.

Чапда — Искандар Абдулбосит Мадғозиев. Фото: «Ҳилол Нашр».Чапда — Искандар Абдулбосит Мадғозиев. Фото: «Ҳилол Нашр».

«Китобдаги уламолар нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиёдаги бир қанча аҳли имларнинг устози эди. Илм, Қуръон айнан улар орқали етиб борган. Шунинг учун бу китоб нафақат Андижон халқи, балки бутун ўзбек халқи, минтақа мусулмонлари учун аҳамиятли бўлади, деб умид қиламиз», — дейди Ҳасанхон қори. Айни вақтда, Ҳасанхон қори бу китобдаги тажимаи ҳоллар фақат андижонлик уламоларга хос экан-да, деб хулоса қилмаслик кераклигини қайд этиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, Ислом оламида илмни етказувчиларнинг маконлари турли даврларда турлича ўзгариб турган. Ўз вақтида Макка ва Мадина илм ўчоғи бўлган, кейинчалик Ироқ билан Шом ҳудудлари биринчи ўринга чиққан. Яна бир давр келиб, Бухоро, Хоразм ва Самарқанд Ислом оламининг устуни бўлиб, илмнинг турли жабҳаларида бутун дунёга хизмат кўрсатган. «Қўқон хонлиги илм-фанда Бухоро амирлиги билан ҳамкорликда ўзига хос мактаб яратишга ҳаракат қилган. Аммо марказ барибир Бухоро бўлган. Водийнинг кўп олимлари Бухорода дарс олиб кетган. Бухорода дарс олган киши, албатта, устун ҳисобланган», — дейди Ҳасанхон қори.

Ҳасанхон қорининг қайд этишича, чор Россияси босқинининг дастлабки даврида бир қанча уламоларга ва динга тазйиқ ўтказилган бўлса-да, диннинг ўзи тақиқланмаган эди — масжидлар ёпилмаган, мадрасалардаги фаолият ҳам (аввалгидек бўлмаса-да) давом этган. Аммо ҳокимият тепасига болшевиклар келгач, диний таъқиб кучайиб кетган. «Ўша қатағон даврида инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилинган», — деди у.

Тақдимотда сўзга чиққан ёзувчи Эркин Малик бир неча ўн йиллар аввалги бир воқеани ёдга олди. «Абдулла Қодирий боғида ёшлар театри бўларди. Ўша пайтда мен ёш журналист эдим. Театр ҳовлисида бир кекса инсон супурувчи бўлиб ишларди. Унга „супурувчилик орқасидан кун кўрасизми, бошқа иложингиз йўқми, бола-чақангиз йўқми?“, — деб савол бердим. У инсон эса ҳеч кими йўқлигини айтиб, бошидан ўтганларини гапириб берди», — деб эслайди Эркин Малик.

Маълум бўлишича, у одам Бухорода 200 уламони сўйишда иштирок этган жаллодлардан бири экан. Қатағонга гувоҳлар қолмаслиги учун бир марта жаллодлик қилган одамларни кейинги ўлдириладиган одамларга қўшиб сўйиб юборишар экан. Ўша жаллод буни билгач, Бухородан қочиб кетган. «Аммо мен шароит тақозоси билан унинг ҳикоясини ўшанда ёзолмаган эдим», дейди ёзувчи.

Ҳасанхон қори. Фото: «Ҳилол Нашр».Ҳасанхон қори. Фото: «Ҳилол Нашр».

Ҳасанхон қори сўзида давом этаркан, Бухоро ва Самарқанд ўша даврнинг асосий илм марказларидан бўлгани, шунинг учун ҳам у ерларда қатағон кучли кечганини таъкидлади. Фарғона водийси эса нисбатан чеккароқ ҳудуд бўлгани учун, бу ернинг пана-пастқам жойларида аҳли имларнинг жон сақлашига имконият бўлган. Уларнинг айримлари тоғларга қочиб бўлса-да жонини сақлаган.

«Улар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин вазият бироз юмшагач, дастлаб оилалари бағрига қайтиб, кейин масжидларда имомлик қилган, сўнг Бухородаги Мир Араб мадрасаси қайта очилгач, ўша ерда дарс бериб, 1970 йилларда Олий Маҳад очилганида, унда дарс бериб, ўзлигимизни, динимизни асраш учун жуда катта хизмат қилган. Урушдан кейинги толиби илмлар қатағондан омон қолган уламолардан дарс олган», — дейди у.

«Бугун, Алҳамдулиллоҳ, юртимизда Мустақиллик, ўзлигимизни англашга имконият бўлиб, қатағон даври қурбонлари эсланяпти, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жадид уламоларимизнинг тарихи ўрганиляпти. Шу жараёнда ушбу қатағонлардан кейин ўзлигимизни, динимизни сақлашга хизмат қилган уламоларнинг ҳам тарихини ёритиш вазифамиз бор эди», — деб «Андижон дарғалари» китобини ёзишдан мақсадни тушунтирди Ҳасанхон қори.

Эркин Малик ҳам қатағон даври ҳақидаги «Юз йил сарсон-саргардонликда» номли туркум китоблар муаллифидир. Ёзувчи бу китоблари республика китобхонлик танловига қўйилганини мамнуният билан таъкидларкан, унинг қаҳрамони ҳам андижонлик эканини қайд этиб ўтди. «Бугунги ёшларимиз бу китобларни ўқиши, кўзларини очиши керак. Бу тарихни қанча билсак, мустақиллигимизнинг қадрига етамиз, уни ҳимоя қиламиз. Бўлмаса, иложи йўқ», — дея қўшимча қилди у.

«Қалби Салим» рисоласи ҳақида

адҳамжон қосимов, андижон дарғалари, большевиклар қатағони, бухоро уламолари, водий уламолари, искандар абдулбосит мадғозиев, исмоил муҳаммад содиқ муҳаммад юсуф, китоб, китоб тақдимоти, мир араб мадрасаси, неъматуллоҳ жалилов, олий маҳад, уламолар ва қорилар тазкираси, шайх муҳаммад аввома, шайх муҳаммад содиқ муҳаммад юсуф, эркин малик, юз йил сарсон-саргардонликда, қалби салим, қатағон, ҳасанхон қори, ҳилол нашр, ҳусайнхон қори

Неъматуллоҳ Жалилов фиқҳий масалаларни ҳаётий воқеалар асосида тушунтиришни мақсад қилиб, «Қалби салим» (яъни «Саломат қалб») номли кичик рисола ёзган. Китоб оммабоп тилда ёзилган, савол-жавоб рукни ҳам бор.

Муаллиф китобнинг мазмун-моҳияти ва йўналишини бир воқеа мисолида баён қилди:

«Жиззахга борганимизда синфдошларимиз даврасида бир савол бўлди. Улар тўйга боришганда бир домла келган экан. Меҳмонлар овқатланаётганида, маъруза қилаётган домла уларга: «Маърузага қулоқ солмай, овқатланиб ўтирибсиз, қиёматда ўзингиз жавоб берасиз» деб, кетиб қолибди. Синфдошларим: «Шунда биз гуноҳкор бўлдикми, овқатланиб ўтирганимизда ўзи гапирди, нима қилишимиз керак эди?», деб сўради. Уларга бир ривоят мисолида жавоб бердим.

Эмишки, бир мамлакатда имом домлаларни атрофдаги масжидларга маъруза қилишга юборишар экан. Бир домлага чеккароқ масжидга бориб маъруза қилишни айтишибди. Имом у ерда катта жамоат бўлади, деб тайёргарлик кўриб, масжидга борса, фақат бир киши ўтирган экан. Имом «маъруза қилсаммикан, қилмасаммикан», дебди. Кейин, «кел, шу одамнинг ўзидан сўраб кўрай, шунга қараб иш тутаман», дебди ва сўрабди.

У одам эса: «Домла, мен домлаликни билмайман, бир отбоқар одамман. Агар вақти келиб, отхонага борсаму, у ердан ҳамма отлар чиқиб кетиб, фақат бир от қолган бўлса, унинг емини бермай кетмайман», дебди. Шунда домла: «Ҳа, бунга маъруза қилишим керак экан», деб маърузани бошлабди. Катта жамоатга қиладиган маърузасидек, «эй, жамоат, нимага ундай қиласизлар, нимага бундай қиласизлар, ундай қилманглар, бундай қилманглар», деб анча гапирибди.

Тугатгач, ҳалиги одамдан: «Биродар, маърузам сизга маъқул бўлдими?», деб сўрабди. У одам эса: «Домла, мен домла эмасман, отбоқарман. Агар мен отхонага ем беришга борсаму, отларнинг ҳаммаси чиқиб кетиб, биттаси қолган бўлса, ҳамма отларнинг емини битта отга едирмайман», деган экан. Шунда домла хатосини тушунибди”.

Синфдошларимга шу ривоятни айтиб бергач, «Сизларга овқат еяётганларингизда маъруза қилган домла ҳам қанча ва қандай маъруза қилишни билиши керак эди. Ёки сизлар овқатни тўхтатиб туринглар, мен маъруза қилиб олай дейиши ёки сизларнинг овқатланиб бўлишингизни кутиб, кейин маъруза қилиши керак эди», дедим. Китобда мана шунга ўхшаш баъзи масалаларни ҳаммага тушунарли тарзда, енгилроқ баён қилишга ҳаракат қилганмиз”.

Ўнгда — Неъматуллоҳ Жалилов, чапда — Эркин Малик. Фото: «Ҳилол Нашр».Ўнгда — Неъматуллоҳ Жалилов, чапда — Эркин Малик. Фото: «Ҳилол Нашр».

Неъматуллоҳ Жалилов «Қалби салим» китобига юкланган вазифани ҳам ёдда қоларли ўхшатиш билан тушунтирди: «Ўтмишда катта кемалар қирғоққа яқин келолмас экан, яқин келса, ҳалокатга учраркан. Шу боис қирғоққа етмай тўхтаркан-да, юкларни қайиқчалар орқали қабул қилиб оларкан. Бу китобчамиз ҳам катта китобларга олиб борадиган бир қайиқча мисоли рисола бўлди, деган умиддамиз».

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг