ИМОМЛАР УЧУН МЕДИА КОНТЕНТ ТАЙЁРЛАШ ДАРСЛАРИ БОШЛАНДИ

Шу йил 3-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Swissôtel Tashkent” меҳмонхонасида диний соҳа вакилларининг медиа контент тайёрлаш салоҳиятини ошириш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда. Унда Диний идора ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар масжидларида фаолият юритувчи имом-хатиблар иштирок этмоқда.
🤝Ушбу тадбир Бирлашган Араб Амирликларининг “HEDAYAH” экстремизм ва зўравонликка қарши курашиш бўйича халқаро маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
🗣Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков нутқ сўзлади. Унда бугун замон шиддатига ҳамоҳанг равишда медиа соҳаси ҳам тезкор ривожланиб бораётгани, бу эса барча жабҳалар қатори диний соҳага ҳам ўз таъсирини ўтказаётганини айтиб ўтди.
📖Ҳомиджон домла ўз сўзи давомида кейинги вақтда диний тушунчаларни нотўғри талқин қилаётган гуруҳларнинг кенг ёйилиб бораётгани, уларга қарши туриш учун соҳа мутахассислари доимо ўз устида ишлаб бориши лозимлиги, бу борада “Hedayah” халқаро маркази билан яхши ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани, мазкур семинар-тренинг томонларнинг жаҳолатга қарши маърифат йўналишида ўзаро тажриба алмашиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
🗣“Hedayah” халқаро маркази масъул вакили, дастур менежери Hafedh Dridi сўнгги йилларда марказ ва Ўзбекистондаги диний соҳага оид илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, бугунги таҳликали даврда динни нотўғри талқин қилиш оқибатида кўплаб зиддиятлар содир бўлаётгани, бунинг сабаби илмсизлик ва динни тўғри англамасликда деб билиши, ёшларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг бир қанча йўллари мавжуд ва уларнинг аввалида илм туришини қайд этди.
📄Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Дилшод Бобожонов ва Диний идора бўлим бошлиғи Шавкат Ҳамдамов ҳам мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
⏳Уч кун давом этадиган семинар-тренингда юртимиз диний соҳа ходимлари ва “Hedayah” халқаро маркази вакиллари ўзаро тажриба алмашиш баробарида медиа контент тайёрлаш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлади.
 
 
 
 
 
 
 
 
 
✅Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати