Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сигарет ёки нос чекиш таҳоратни бузиши ҳақида фиқҳий китобларда маълумот берилмаган. Яъни мазкур икки нарса фиқҳ қоидаларига кўра таҳоратни бузмайди. Чунки таҳоратни бузадиган амаллар қуйидагилардан иборатдир:
- Олд ва орқа нажосат йўлидан чиққан нарсалар;
- Бадандан чиққан нажосатлар;
- Қон ёки таом ва шу кабиларни қайт қилиш;
- Бирор нарсага суяниб ухлаш;
- Беҳушлик;
- Жинни бўлиш;
- Руку ва саждаси бор намозларда қаҳқаҳа отиб кулиш;
- Эркак ва аёлнинг жинсий аъзолари кийимсиз ҳолда бир бирига тегиши. (“Мухтасарул виқоя” китоби).
Лекин шуни ҳам эслатиб ўтамизки, сигарет ва нос таҳоратни бузмаслиги уларни чекиш мумкин дегани эмас. Балки уларни чекиш ҳалол эмас. Бу моддалар дастлаб пайдо бўлганда кўпчилик уламолар чекишни макруҳ дейишарди. Ҳозирги кунда бу маҳсулотларнинг зарари янада кўпроқ юзага чиқмоқда, борган сари кўпроқ одамлар мубтало бўлмоқда, шунинг учун кўпчилик олимлар энди уларни чекишни макруҳи таҳримий дейишмоқда. Мусулмон киши бундай иллатлардан қутилиши керак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.