ДИНИЙ ИДОРАНИНГ РОССИЯДАГИ ДОИМИЙ ВАКИЛИ ТАЙИНЛАНДИ

Кейинги йилларда юртимизнинг барча жабҳаларида бўлгани сингари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан диний-маърифий, илмий-маданий соҳаларда фаол ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда.
Жумладан, Россия мусулмонлари диний идораси билан мазкур давлатда ўқиш ё иш билан вақтинча яшаб турган ватандошларимиз билан маърифий учрашувлар ўтказиш, Рамазон ойида имом ва қориларни юбориш, диний соҳа ходимларининг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, диний таълим ва илмий тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқиш борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, фаол иш олиб борилмоқда.
Мана шундай хайрли ишларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Россия Федерациясидаги доимий вакили иш бошлади. Мазкур вазифага Москва шаҳридаги Имом Муҳаммад ал-Бухорий номидаги мусулмонлар диний ташкилоти раиси, мазкур ташкилот ҳузуридаги «Имом ал-Бухорий» мадрасаси мудири Умидбек Мамталиев тайинланди.
Эндиликда Диний идора вакили Россия ҳудудидаги ватандошларимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш ҳамда икки давлатнинг диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш йўлида фаол иш олиб боради.
ℹ️ Маълумот учун, Умидбек Мамталиев Ўзбекистонда туғилиб ўсган ва таълим олган. Москвадаги “Аль-Фатиха” мадрасаси ва Москва Ислом институтида ўқиган. Москва шаҳридаги “Исторический мечеть” диний ташкилоти, Домодедово туманидаги масжидларда имомлик қилган. Сўнг Москвада “Имом Муҳаммад ал-Бухорий” номли ташкилотга асос солган. Ҳозирги кунда ушбу марказ 300 дан ортиқ офлайн, 2000 дан зиёд онлайн тингловчи таълим олмоқда.
Аллоҳ таолодан янги вазифага тайинланган Умидбек Мамталиевга масъулиятли ва шарафли фаолиятига муваффақият тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати