1 қисм | Мазҳабда нажот | Савол-жавоблар

Ислом илмлари халқаро университети, ҳанафий фиқҳи факультети мудири, устоз, доктор Салоҳ Муҳаммад Солим Абул Ҳожнинг юртимиз уламолари билан «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» мавзусида олиб борган суҳбатларидаги савол-жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Савол: «Ташаддуд» ва «таҳаллул» атамалари билан бирга «васатия», «тавассут», яъни мўътадиллик деган сўзни кўп ишлатдингиз. Саволим шундан иборатки, уламолар мана шу «васатия» атамасини қачондан бери ишлатиб келишяпти?
Жавоб: «Васат» сўзи Қуръони Каримда келган. Аслида бизнинг баҳсимиз бу ҳақда эмас. Бизнинг баҳсимиз бу истилоҳнинг Исломга муносиблиги ҳақида. Ислом уммати ифротни (ғулувга кетишни) ҳам, тафритни (бепарволикни) ҳам қаттиқ қоралайди, ҳамма ишларда мўътадилликка чақиради. «Васат» ана шу мўътадилликдир. Дин фақат мўътадиллика чақиради. Васатийлик ҳақида гаплашиб, шунинг гувоҳи бўлдикки, таҳаллулчилар ҳамма нарсани ҳалол, мумкин, жоиз деб юборса, ташаддудчилар ҳамма нарсани ҳаромга чиқариб, мумкин эмас, деб ташлайди. Ваҳоланки, бу икки йўналишнинг ўртасида ҳалол нарсалар ҳам, ҳаром нарсалар ҳам бор. Шу икковининг ўртасини ушлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг манҳажларини, саҳобаларнинг йўлларини, умуман, тарих мобайнида ҳақиқий Исломнинг ғоясини ўзида мужассам этган йўналишгина чинакам «мўътадиллик», «васатийлик» деган сифатлар билан сифатланишга ҳақлидир. Юқорида айтганимиздек, бу Аҳли суннанинг манҳажи. Бу атама узоқ тарихдан буён истилоҳ сифатида ишлатиб келинади. Лекин васатийликдан оғиб кетган мазкур икки тоифага келсак, улар ҳозирги кунда пайдо бўлишди. Умуман, ҳар хил адашган фирқалар барча замонларда ҳам турли муаммолар чиқариб, динни бузишга уриниб келмоқда.
Савол: Маълумки, бугунги кунда ташаддудчилар бу истилоҳни кўп ишлатиб, ўзларини салафларга нисбат беришади. Ҳозирги кунда мана шу тоифаларга раддия бериш билан машҳур бўлган асримиз уламоларидан бири уларга эътироз билдириб, шундай деди: «Сизлар «салаф солиҳларнинг фаҳми» деганда улар иттифоқ қилган масалаларни назарда тутасизларми ёки ихтилоф қилганлариними? Агар иттифоқларини назарда тутаётган бўлсангиз, бу биз айтаётган ижмоънинг айни ўзгинаси. Имомларимиз буни қабул қилишган. Нега унда «ижмоъ» сўзини ишлатишдан қочиб, «салафи солиҳларнинг фаҳми», деб айтасизлар. Агар ихтилофларини назарда тутаётган бўлсангиз, унда уларнинг қайси бирини оламиз? Масалан, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг орасида мужтаҳидларнинг адади оз бўлган, яъни барчалари ҳам мужтаҳид бўлмаган. Усул қоидаларига биноан саҳобанинг сўзи ҳужжат эмас». Хулласи калом, эътироз билдираётган олим бу истилоҳни ишлатмасликни ихтиёр қилди. Аслида «салафи солиҳларнинг фаҳми» деган истилоҳнинг асоси борми?
Жавоб: Ташаддудчилар: «Биз Қуръон ва Суннатни салаф уламоларнинг фаҳми ила тушунамиз. Бу тўрт мазҳаб эса кейин пайдо бўлган», дейишяпти.
Биз уларга шундай жавоб беряпмиз: «Аввало ҳужжат билан айтинг-чи, бирор киши сизлар даъво қилаётган нарсани даъво қилганми? Саҳобалар, тобеъинлар ёки улардан кейин келган мутааххир уламолардан бирор киши «Қуръон ва Суннатни салаф уламоларнинг фаҳми ила тушунамиз», деганми? Йўқ. Демак, бу истилоҳни ўзингиз ўйлаб топгансиз! Бу қоидани тарихда сизлардан бошқа ҳеч ким айтмаган. Мазҳаблар ва уларга эргашишга келсак, бунга Набий алайҳиссалом кўрсатма берганлар, Қуръони Карим ҳам шунга буюрган. Қолаверса, саҳобаи киромлар ҳам бир-бирларига тақлид қилишган. Бу мазҳаблар салафи солиҳлар даврида вужудга келган. Салаф имомлар муайян мазҳабларга эргашишган. Юқоридаги истилоҳни эса бор-йўғи ўттиз-қирқ йил олдин замондош уламолар ўйлаб топишган. Бу атаманинг умуман асли йўқ. Сизлар суянаётган бу тушунчанинг ўзи бидъат. Бу бидъат Аҳли суннанинг мерос бўлиб келаётган манҳажи эмас.
Кечирасизлар, баҳс ўрни бўлмаса ҳам айтаман, бу тоифа даъво қиладиган аксар тушунчаларга эътибор берсангиз, деярли барчаси бидъат бўлиб чиқади. Уларнинг бошқаларни бидъатчига чиқаришдаги журъатлари, мушрикка чиқаришга йўлни кенг очишлари, қабрларни зиёрат қилишни, тавассулни рад қилишлари, тасбеҳ ишлатиш ва азондан кейинги салавотларни инкор қилишларининг барчаси бидъатнинг ўзгинаси, чунки салафлардан бирортаси буларни инкор қилмаган. Набий алайҳиссаломнинг мавлидларини инкор қилишлари ҳам бидъат. Уларнинг тутаётган йўлини ўзлари ўйлаб топган истилоҳга кўра яхшилаб текширсангиз, «бидъатчи» деган номга айнан ўзлари ҳақлироқ, лойиқроқ бўлиб чиқишади. Уларнинг бугунги одамларга кийдирмоқчи бўлган кийимлари тарихимизда асло бўлмаган. Бирор киши бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган. Даъво қилаётган манҳажлари, илмий услублари ва ҳоказоларнинг барчаси бидъатдир, асоссиздир. Ўзлари таъсис қилган қоида ва усулларда ҳам, уларни амалиётга татбиқ қилишда ҳам асосга эга эмаслар. Бу гапларимдан мақсадим шуки, биз уларнинг чиройли ибораларига, баландпарвоз, тумтароқ шиорларига алданиб қолмаслигимиз керак. Улар айтаётган гапларга диққат билан қарасангиз, ҳеч бирининг асоси йўқлигини кўрасиз. Ҳаммаси ақлга ҳам, нақлга ҳам, саҳобаларнинг амалига ҳам хилоф.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.