МақолаларФиқҳ

ҚУРБОН ҲАЙИТИ ҲИКМАТИ

Қурбонлик қилиш ибодати  Ҳазрати Иброҳим алайхиссалом ва ўғиллари  Исмоил алайхиссаломга бориб тақалади. Ҳазрати Иброхим бир куни ўғли Исмоилни қурбонлик қилаётганини тушида кўради, бу – илоҳий ваҳий бўлади. Ҳазрати Иброҳим аҳволни ўғлига тушунтиради, ўғли ҳам бунга тайёр, рози эканлигини билдиради. Ҳазрати Иброхим ўғли Исмоилни қурбонлик қилишга тайёрланаётганида жаноби Ҳақ уларнинг бу самимиятлари ва таслимиятлари  сабабли Исмоилнинг ўрнига бир қўй юборади. Ҳазрати Иброҳим Исмоилнинг ўрнига бу қўйни қурбонлик қилади. Қуръони Каримда бу ҳақда айтилади:
“Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй, ўғилчам, мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин”, – деган эди, у айтди : “Эй, отажон, сенга (тушингда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншааллаҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан”. Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта, бу (қурбонликка буюришимиз) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни эваз қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапларни қолдирдик. Иброҳимга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз! Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир!”. (Ас-соффат сураси, 102-111 оятлари).
Қурбонлик диний бир ибодат бўлишидан ташқари, айни вақтда унинг ахлоқий, ижтимоий ва иқтисодий аҳамияти ҳам бор. Қурбоник шу жиҳати билан ҳам Исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамлашишнинг гўзал бир намунасини ташкил этади. Қурбонликдан мақсад, Аллоҳ розилигини топиш. Бу мақсаднинг амалга ошиши эса кибр ва риёдан узоқ бўлиб, самимият ва ихлос билан қурбонликни  адо этишга боғлиқдир. Аслида, Аллоҳнинг на қурбонлик гўштига, на қонига эҳтиёжи бор. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин, у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Қурбонлик луғатда  “Яқинлашмоқ”, истилоҳда Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий яқинлашиш мақсади билан сўйилган ҳайвонга (жонлиғга) берилган номдир. Аллоҳ таолонинг неъматлари учун шукр этиш, Ҳақ йўлида фидокорлик қилиш, моддий имкониятлари йўл қўймаган кимсаларининг маълум бир вақтларда бўлса ҳам, гўшт ейишларини таъминлаш, пировардида савоб олмоқ ва бир қанча балолардан асранмоқ каби диний, ахлоқий ва ижтимоий мақсадларга етишиши Қурбонлик шаръийлигининг ҳикматидир. Қурбонлик айни пайтда исломдаги ижтимоий ўзаро ёрдамлашишнинг ва бирдамликнинг гўзал намуналаридан биридир.
 
Ромитан туман «Хокимулломир» жомеъ масжид 
имом-хатиби Ғолиб Муротов
Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг