Ислом тарихиМақолалар

СУЛТОН АБДУЛҲАМИД II КИМ ЭДИ?

Улуғ ҳоқон, жаннатмакон, буюк давлат арбоби Султон Абдулҳамид II 1842 йил 21 сентябрда Истанбулда туғилган. Отаси — Султон Абдулмажид, онаси —  Тир-а Мужгон Хотун афандилар. Онаси черказлардан бўлган. Султон Абдулҳамид II инқирозга учраётган Усмонийлар давлатини тадбирли сиёсати билан 33 йил бошқаришга муваффақ бўлган султондир.

Хайрсевар ва саховатли Султон Абдулҳамид II оддий фуқаролардек яшаб ўтган. Юнонистон сафари давомида хазинада сафар учун етарли миқдорда маблағ йўқлиги айтилганидан, ота-бобосидан қолган меросдан харажатларни қоплаган ва буни давлатдан қайтариб олмаганини тарих битиклари далолат қилади.

Давлат ва сиёсат ишларидан холи қолган кезларида устахонасида вақт ўтказар, ажойиб ашёлар ясаб сотар, дурадгорликдан келган даромадини фақирларга тарқатарди. Ниҳоятда марҳаматли, меҳр-шафқатли инсон бўлган Султон Абдулҳамид II ўзига суиқасд уюштирган кишиларни ҳам кечиргани дунё сиёсат тарихида жуда кам учрайдиган ҳодисадир. Султон Абдулҳамид II маданият ва маърифатга жиддий эътибор беради, таълим-тарбия масканлари қуриб, инсонларнинг маърифатли бўлишларига хизмат қилади.

Нафас санъатлар академияси, тижорат ва Зироат мактаблари ташкил қилган  Султон Абдулҳамид II бошланғич ва ўрта мактаблар, кар-соқовлар, кўзи ожизлар учун мактаблар, касб-ҳунар мактабларини ҳам барпо қилган. Вилоятларда лицейлар, туманларда ўрта мактаблар қуриб, бошланғич мактабларни чекка қишлоқларгача иншо этган.

Истанбулда ўз маблағи ҳисобидан касалхона ва “Дорулажазо” қурган. “Ҳамидия” номи аталган ичимлик сувини қувурлар билан Истанбулга келтиртирган. Асфалт йўлларни Онадўли ичкарисигача етказишга муваффақ бўлган Султон Абдулҳамид II  Бағдод ва Мадинагача темир йўл қатновини йўлга қўйгани билан ҳам шарафли. Шу билан бирга катта шаҳарларга от билан бошқариладиган трамвай линияларини ҳам бунёд қилган.

Султон Абдулҳамид II  1842-1918 йилларда ҳукм сурган Усмонийлар салтанатининг ўттиз тўртинчи султони ҳисобланади. Абдулҳамидхон фақат ўз юртида эмас, бутун Ислом дунёсида лидер даражасида кўриладиган гўзал шахсиятдир.

Султон Абдулҳамид II болалигидан диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллайди. Отаси ва устозларининг ўгитларини Қуръони Карим ва ҳадис уйғунлигида ўрганган Абдулҳамидхон зоҳиридаги зийракликка маънавий камолотдан тож кийдиради.

Жуда ёшлигидан заковати ва сиёсий қобилиятларини ифода этолгани учун, амакиси Султон Абдулазизхон Миср ва Европа саёҳатларида Султон Абдулҳамидни ўзига ҳамроҳ қилади.

Нозиктаъб, марҳаматли ва шафқатли инсон бўлгани учун ҳамманинг кўнглини топишни уддалаган. Фавқуллодда ўткир заковат ва кучли ҳофиза соҳиби эди. Бир бор кўрган ёки овозини эшитган одамини ҳеч қачон унутмаганига гувоҳлик берувчи тарихий ҳикоялар бор. Ривоятларга кўра, олмон бирлигини ташкил қилган Шаҳзода Бисмарк: “Дунёда юз грам ақл бўлса, унинг тўқсон грами Абдулҳамидхонда, беш грами менда, қолган беш грами дунёнинг бошқа сиёсатчиларида…” деган экан.

Абдулҳамидхоннинг энг катта омадсизлиги давлатни жуда оғир аҳволда қўлга олгани бўлди.  Шунга қарамай, йиқилмасдан, шижоатини йўқотмай, улкан ва мустаҳкам иймон, ўткир ва қатъий заковат, гўзал сабр ва катта маҳорат билан давлатни ўттиз уч йил, жиддий ютқизиққа учрамай идора эта олди.

Султон Абдулҳамид IIнинг зиддиятларга тўла, аммо хайрли ишлар билан баракали кечган умри 77 ёшида, 1918 йилнинг 10 февралида ниҳояланди. Аллоҳ ундан рози бўлсин ва раҳмат нурлари билан қабрини мунаввар этсин!..

Умида АЗИЗ тайёрлади.
www.azon.uz

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг