МақолаларРамазон-2017

МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА

Ислом мусулмонлар учун фазилатли, баракотли бўлган кун ва кечаларни алоҳида васф, ўзига хос сифатлар билан баён қилади. Қадр кечаси ҳам шулар жумласидан.

Қадр кечаси қандай кеча, бу кечани қай тарзда ўтказиш керак, бу борада Қуръон ва Суннатда нималар? Барча учун манфаатли бўлган мазкур саволларнинг жавоби қуйидаги сатрларда келтирилади:

Бу кеча – улуғ кеча..

 

Бу кеча – қадри баланд кеча…

Бу кеча – алоҳида байрам кечаси…

Бу кеча – ибодат, зикр, тиловат, дуо, хайрли амаллар қилинадиган махсус кеча…

Бу кеча – минг ойдан афзал кеча…

Бу кеча – Қуръон нозил қилинган кеча…

Аллоҳ таоло муборак китобида: “Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида тушурдик. Қадр кечаси қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни ила барча иш билан тушурлар. У то тонггача салом (тинчлик) бўлиб турур”, деб марҳамат қилган. (Қадр сураси, 1-5-оятлар).

Қадр кечасининг бундай деб аталишида икки хил маъно бор. Биринчиси қадр, яъни қадри улуғ, иккинчиси қадар, яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.
Чунки Лайлатул Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Лайлатул Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади.

Бандалар бу кечада қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкониятига эга бўлади. бор. Аллоҳ таолога қурбат – яқинлик ҳосил қилиш мақсадида кеча бедор ўтказилиб, ухламасдан ибодат, дуо, зикрлар билан машғул бўлинади.

Қадр кечасида қилинган ибодатларнинг ичида қадр бўлмаган бошқа минг ойлик ибодатлардан афзал эканлиги Қуръонда таъкидланади. Шу оятнинг тафирида Ибн Касир шундай деб ёзадилар:

“Бир киши силоҳ олиб, минг ой Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилгани ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб: “Эй, Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!”, дедилар.
“Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир”, деди Аллоҳ таоло”.

Бу кечада Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилинган ишлар ила тушишлари кечанинг фазилати ва шарафини янада оширади.

Қадр кечаси тонг отгунча салом-тинчлик-омонлик кечасидир. Бу кечада фаришталар мўминларга салом берадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасини иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Бешовлари ривоят қилган.

Кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кечанинг Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш лозим.

Қолган қисмида нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, дуо ва зикр қилиш билан қоим қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ хоҳлаган нарсалар билдирилди.У зот худди ўз умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда, Аллоҳ у зотга Қадр кечасини минг ойдан яхши қилиб берди”. Имом Молик ривоят қилган.

Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Қадр кечасини бериб, у зотнинг умматларига аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб қўйди. Бу билан Муҳаммад алайҳиссалом умматлари биргина Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.

Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил Пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закариё, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бир кўз очиб юмгунча ҳам осий бўлмаганлар. Расулуллоҳнинг саҳобалари бундан жуда ажабландилар. Шунда У зотнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматинг шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, дедилар ва У зотга: “Иннаа анзалнааҳу фии Лайлатул Қодр”ни тиловат қилиб берди. Сўнгра:
“Бу сенинг умматинг ажабланган нарсадан афзалдир”, деди. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, У зот билан бирга бўлганлар ҳам хурсанд бўлдилар”.

Хўш, бу кеча қайси кеча?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар”. Имом Термизийнинг лафзида: “Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар”, дейилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари тушларида Қадр кечасининг охирги етти (кеча)да эканини кўрдилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўрмоқдаман. Ким у(кеча)ни излайдиган бўлса, охирги етти (кеча)да изласин”, дедилар”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар”, дедилар”.

Бу кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат ила ўтказса, албатта, уни топади. Зеро, Қадр кечасини маълум бир кечага тайин қилмаганликдаги мақсад ҳам, кишилар бир кечага эътимод қилиб қолмасдан Рамазони шарифнинг барча кечаларида ибодат қилиб, кўпроқ ажри савобга эришадилар.

Қадр кечасининг Рамазонинг 27-кечасида эканлиги ҳам машҳур.

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Убай ибн Каъбдан: “Биродаринг Ибн Масъуд, ким йилни бедор ўтказса, Қадр кечасини топади”, деяптими?”, деб сўрадим.

“Унга Аллоҳ раҳм қилсин. Одамлар суяниб қолмасин демоқчи бўлгандир. Аслида у батаҳқиқ у(кеча)нинг Рамазонда эканини, охирги ўн кунликда эканини ва йигирма еттинчи кечада эканини билган”, деди.
Сўнгра, иншааллоҳ, демасдан қасам ичиб, у йигирма еттинчи кеча эканини айтди. “Буни нимага асосланиб айтмоқдасан, эй Абу Мунзир?”, дедим.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат асосида, ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқадир”, деди”. Абу Довуднинг лафзида: “Аломати нима?”, дедим. “Ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб ёғду сочмай чиқади, деди”, дейилган.

Қадр кечаси бўладиган кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга ёғду сочмай чиқишининг сабаби ўша вақтда фаришталар кўплаб чиқиб-тушганлари учун қуёшнинг ёғдусини тўсиб қўяр эканлар.
Демак, Рамазони шарифнинг барча кечаларида бедор бўлиб, ибодат қилишга уриниш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш керак.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечаси йигирма еттинчи кечададир, дедилар”. Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Бу кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, дуо, истиғфор, тасбиҳ, намоз, Қуръон тиловати фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиш лозим. Баъзи бир ҳолларда Қадр кечасини бедор ўтказишга ҳаракат қилиб, таом, шароб, бекорчи гап-сўзлар ғолиблик даражасига кўтарилиб қолиши эҳтимоли ҳам бор. Албатта бундан сақланиш, бу кечанинг қадрини билиш,  ундан унумли фойдаланиб қолиш керак.

 

Абдулҳаким қори Қомилжон ўғли

“Ислом ота” жомеъ масжиди имом-хатиби

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг