Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, худди туя қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди қорамол қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, худди товуқ қурбонлик қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, худди тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Қачонки, имом (хутбага) чиқса, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлурлар», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Жума намози учун ғусл қилиш ва унга эрта бориш қанчалик савобли иш экани ажойиб услуб билан баён қилинмоқда.
«Жунубликнинг ғуслини қилса» дейилгани, жунубликдан қандоқ қилиб ғусл қилса, Жума учун ҳам шундоқ ният ва амаллар билан ғусл қилиш лозимлиги тушунилади.
Ҳадиси шарифдаги «соат»дан уламоларимиз фалакий соатларни тушунганлар.
Демак, Жума кунининг тонгидан то Жума намози вақти киргунча бўлган соатларнинг аввалгисида борганлар худди туя сўйиб, хайру эҳсон қилган кишининг савобини олади. Кейинги соатларда борганлар учун эса бериладиган савобнинг ҳажми кичрайиб бораверади.
Ҳадиси шарифнинг охирида Жума куни ва намозининг яна бир улкан фазли – имом хутбага чиққанида уни тинглаш учун фаришталар ҳозир бўлиши ҳақида сўз бормоқда.
Демак, Жума намозига нафақат мусулмон бандалар, балки, фаришталар ҳам қатнашар экан. Албатта, бундоқ жамоат энг хайрли, энг баракали, энг файзли жамоат бўлади. Бундоқ жамоатга ювиниб-таранмай яхши кийимларини киймай, хушбўй нарсалар сепмай бориб бўлмайди. Бундоқ жамоатга қанча эрта борса, шунча яхши. Унга ҳеч кеч қолиб бўлмайди.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, Жума куни бўлса, масжиднинг эшикларидан ҳар бир эшикда фаришталар турур ва келганни ёзиб турурлар. Бас, қачон имом келса, саҳифаларни ёпиб зикрни тинглашга келурлар. Эрта борувчи худди туя қурбонлик қилган кабидир. Сўнгра, худди қорамол қурбонлик қилган каби. Сўнгра, худди қўчқор қурбонлик қилган каби. Сўнгра, худди товуқ қурбонлик қилган каби. Сўнгра, худди тухум қурбонлик қилган каби», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам юқоридаги ҳадисга ўхшаб Жума намозига эрта боришга тарғиб қилмоқда. Бу ҳадисдаги зиёда масжиднинг ҳар бир эшигида фаришталар туриб олиб, Жума намозига келаётганларни ёзиб туришидир. Биз ушбу нарсани доимо ёдимизда тутмоғимиз лозим. Яна бир ёдда тутиш зарур бўлган нарса, имом Жума намози хутбасини бошлаганда, фаришталар Жумага келганларнинг номини ва савобини ёзиб турган китобларини ёпиб, хутба тинглашга келишлари. Демак, ҳеч бўлмаганда Жумага имом хутбага чиқишдан олдин келиш керак. Ҳамда хутбага жиддий эътибор ила қулоқ осиш керак.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз Жумага келса, ғусл қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Жума намозига борадиган ҳар бир намозхон ғусл қилиб келишига тарғиб қилиш бор. Чунки Жума намозига кўпчилик келади. Хусусан, иссиқ пайтларда кишиларнинг терлаши бор. Агар ҳамма ювиниб, тараниб келса, турли ҳидлар тарқалмайди. Тўпланган намозхонлар ҳам, ҳозир бўлган фаришталар ҳам нохуш ҳидлардан озор топмайдилар. Бунинг учун ғусл қилиб, ювиниб-тараниб туриш ҳар бир инсоннинг озодалик ва соғлик омили туфайли ҳам зарурдир.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума кунининг ғусли ҳар бир эҳтилом бўлувчига вожибдир», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бунда ҳам олдинги маъно таъкидланмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло учун ҳар бир мусулмонга етти кунда бир марта ғусл қилмоқ вожибдир», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган. Насаийнинг лафзида: «Ҳар бир мусулмон одамга етти кунда бир марта ғусл қилмоқ вожибдир. У кун Жума кунидир», дейилган».
Шарҳ: Зоҳирийлар ва бир ривоятда Имом Аҳмад ушбу ривоятларни эътиборга олиб, Жума куни ғусл қилиш вожибдир. Ўша куни ғусл қилмаган одам тарки вожиб қилган инсон сифатида гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Бу нарса ўша вақтлар учун озодалик йўлида катта инқилоб эди. Ҳеч бир томон жорий қилмаган иш ҳамда исломнинг озодалик дини эканининг ёрқин далили эди.
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни таҳорат қилса, суннатдир ва қандоқ ҳам яхши. Ким ғусл қилса, ғусл афзалдир», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Жумҳур уламолар ушбу ривоятга алоҳида эътибор бериб, Жума куни ғусл қилиш мандубдир. Чунки бу ривоят олдинги ривоятларнинг ғуслни вожиб эканлиги ҳақидаги кучини бироз кесади, дейдилар. Нима бўлганида ҳам Жума намози учун ғусл қилмоқ яхши ишдир. Имконини топиб шу ишни қилишга ҳаракат қилиш яхшидир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга мисвок ҳақида кўп гапирдим», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисни бу жойда келтиришдан мурод, Жумага боришдан олдин мисвок қилиб, оғизни тозалаб олиш кераклигини таъкидлашдир. Бу савоби улуғ бир иш бўлиб, Жума куни яна ҳам савобли бўлади. Оғиздан чиқадиган нохуш ҳидларни йўқотиб, Жумага тўпланганларни нохуш ҳидлар озоридан сақлайди
Ишанов Исмоилхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси