Инсоннинг одобига яраша илм ҳосил бўлади. Айниқса, шаръий китобларни (таҳорат билан ушлаш шарт бўлмаса ҳам) таҳорат билан ўқишга жуда катта эҳтимом кўрсатиш керак, уларга нисбатан одоб кўрсатилган бўлади.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Мен қоғоз юкланган туяни бетаҳорат етакалашдан ҳаё қиламан” деган эканлар. Улуғларимиздан бир нечалари ич кетиш касаллигига дучор бўлиб, бир кечада бетаҳорат китоб ўқишдан ҳаё қилиб, 16-17 бор таҳорат қилганлари зикр қилинган. Албатта илмлари ҳам ўшанга яраша бўлган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисдан дарс беришларидан аввал чиройли кийим, саллаларини кийиб, хушбўйланиб ва вақор билан ўтириб ҳадисдан дарс берганлар. Имом Моликни ким эканликлари ҳаммага маълум. Ҳар қандай ҳолатда ҳам илм хосил бўлиши мумкин, лекин унинг баракаси, ўзига ва инсонларга бўладиган манфаати, баракаси илмнинг одобини ўрнига қўймасдан хосил бўлмайди.
Қадимдан устозлар бошланғич таълимни олувчиларга “Таълимул-мутаъаллим” китобини ўқитиб келадилар. Унда ўқитувчи, ўқувчи ва китобга бўлган одоблар зикр қилинган. Ўша китобда: “Буларсиз илм ҳосил бўлмайди. Ҳосил бўлсада унинг баракаси, файзи бўлмайди” дейилган.