Мақолалар

ИЛМЛИ ЁШЛАР – ЮРТ КЕЛАЖАГИ

Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ва дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг асосан охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм инсоннинг асосан дунёсини ободлиги учун зарурдир. Бу ҳақда Имом Суютий  раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Ал-Жомиъус соғир” асарларида қуйидаги хабарни келтирганлар:

«خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْياهُ ولا دُنْياهُ لآخِرَتِهِ ولَمْ يَكُنْ كَلاًّ على النَّاس» (رواه الإمام الخطيب والإمام الديلمي).

яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз  бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир”. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар:

﴿مَثَلُ الْجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالسُّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ فَحَامِلُ الْمِسْكِ إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً وَنَافِخُ الْكِيرِ إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً (رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).

яъни: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” – деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, – дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат, касаллик етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, – деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври – қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

Ҳар бир киши фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлар экан, фарзандини ёшлигиданоқ одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлар ва кимсалар фитналаридан сақланиши ва бошқа зарурий нарсаларни ўргатиши ҳам лозим бўлади. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг жиддий ва катта камчилиги ҳисобланади.

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк олиму алломалар чиқади, иншааллоҳ.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:

﴿مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ (رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслиги ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдидан чиқармаслиги керак.

Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб авлод бўлишларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Умид қиламизки, ушбу ташаббуслар яқин тарихимизда ўзининг самарасини беради, иншааллоҳ.

08.01.2020 даги жума мавъизаси асосида тайёрланди

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг