Мақолалар

ЭР-ХОТИН АҲИЛ БЎЛСА…

Айрим оилаларда пайдо бўладиган жанжаллар яхшилаб ўйлаб кўрилса, ўта оддий, урушишга арзимас сабаблардан бўлади. 

Аёл эрига итоат этишга, розилигини қозонишга буюрилганидек, эр ҳам хотинига эҳсон қилишга, лутф-марҳамат кўрсатишга, унинг айрим ножўя ҳаракатларига сабр қилишга, яхши, тинч-тотув яшаш, едириб-ичириш ва кийдириш каби ҳақларини адо этишга буюрилган. Аллоҳ таоло айтадики:

«Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар» (Нисо, 19).

Эр хотиннинг қариндошларини,хотин ҳам эрнинг қариндошларини ҳурмат ва иззат қилиб, хуш муомалада бўлмоғи лозим. Хотинни ўз оиласидан ажратиб бўлмаслигини эр билиши даркор. Чунки хотини ўз оиласи билан кўп вақт яшаган ва оиласига ҳам қизи азиз фарзанд. Эркак заифасининг оиласини ёмон кўришини шариат мезони тарозисига қўйиб кўрсин. Агар уларни дунёвий сабабдан ёмон кўрса, тавба қилсин. Зеро, дунё бир-биримизни ёмон кўришимизга арзимайди. Агар шариатга тўғри келмайдиган иш юзасидан ёмон кўраётган бўлса, уларга инсоф беришини сўраб Аллоҳга дуо қилсин. Лекин ёмон кўришини очиқ айтиб, хафа қилмасин. Акс ҳолда, хотиннинг ғазаби қайнаб, “эримнинг олдида яқинларимнинг қадри йўқ”, деган фикрга келиб қолади.

Аввало, Аллоҳ учун, сўнгра хотинингизни яхши кўрганингиз учун унинг оиласини ҳам яхши кўришингиз керак.

Хотин киши Аллоҳ таоло эрига берган насибага рози бўлиши ва унга инжиқлик қилмаслиги керак.

Аёл киши эри топган ризққа шукр қилиб, қаноат қилиши, эрининг бу йўлдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Ўтган солиҳ зотларнинг аёллари ўз эрларига шундай дер эканлар: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз”.

Афсуски, баъзи аёллар бошқа эрни ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилиб, эрларидан худди шундай таъминот талаб қиладилар. Ҳолбуки, дунёвий соҳада инсон ўзидан юқоридагига эмас, ўзидан пастроқдагиларга қараши айни ҳикматдир. Ана шунда инсон ўзининг қанчалар кўп неъмат ичида эканлигини ҳис қилиб, шукр қилишни бошлайди. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Зеро, шу иш (яъни ўзингиздан пастдагиларга қарашингиз) Аллоҳнинг сизларга берган неъматини камситмаслигингизга ундайди” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривояти).

Муҳсин Муҳаммад тайёрлади

www.azon.uz 

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг