Аёллар саҳифасиМақолалар

ҲАЙЗ ВА НИФОСГА ТЕГИШЛИ БАЪЗИ ҲУКМЛАР

Ҳайз ва нифосга тегишли ҳукмлардан баъзиларининг қисқача баёни:

1. Ҳайз ва нифос тамом бўлгандан кейин ғусл қилиш вожиб бўлади. 

Бу ҳайз ҳақидаги оят ва Имом Бухорий Фотима бинти Абу Ҳубайш розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:

«Ҳайз кўрган кунларинг миқдорида намозни қўй. Сўнг ғусл қилгин-да, намозни ўқий бергин», деган ҳадисга биноан бўлади.

2. Ҳайз кўриш ила қиз бола балоғатга етади ва шариат таклифларини амалга ошириши лозим бўлади.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳайз кўрувчининг намозини Аллоҳ химор (авратни тўсадиган кийим)сиз қабул қилмайди», деганлар.

Шундан ҳайз кўриш ила ўзини тўсиш лозим бўлгани билиб олинади.

3. Идда ўтириш ҳам ҳайзга қараб бўлади.

4. Ҳайзли ва нифосли аёлга намоз ўқиш ҳаромдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Абу Ҳубайш розияллоҳу анҳога:

«Қачон ҳайз келса, намозни қўй», деганлар.

Шунингдек, бу масала юқорида ўрганган ҳадисларимизда ҳам ўтди.

Улардан ҳайз пайтида ўқилмай қолган намозлар қазо қилиб ўқилмаслигини ҳам билдик.

5. Ҳайзли ва нифосли аёлга рўза тутмоқ ҳаромдир.

Буни ҳам ўтган ҳадислардан билдик.

Шунингдек, улардан ҳайз пайтида тутилмай қолган рўзани қазо қилиб тутиш лозимлигини ҳам биламиз.

6. Ҳайзли ва нифосли аёлга Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳаромдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:

«Қачон ҳайз кўрсанг, ҳожи нимани қиладиган бўлса қилгин-у, аммо то пок бўлмагунингча Байтни тавоф қилмагин», деганлар.

7. Қуръон қироат қилиш ва мусҳафни ушлаш ҳам бу фаслдаги ҳадисга биноан ҳайзли ва нифосли аёллар учун ҳаром.

8. Ҳайзли ва нифосли аёлларга масжидга кириш, туриш ва у ерда эътикоф ўтириш ҳаром. Буни ҳам шу фаслдаги ҳадисдан ўргандик.

9. Ҳайзли ва нифосли аёлларга жинсий яқинлик қилиш ва уларнинг киндиклари билан тиззалари орасидан лаззатланиш ҳаром. Бу ҳақдаги ҳадисларни ҳам ўрганиб чиқдик.

10. Ҳайзли аёлни, яъни, ҳайз кўриб турган аёлни талоқ қилиш ҳаромдир.

Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳайзли хотинини талоқ қилганларида баён қилганлар.

Ушбу ҳукмларни барча, айниқса, мўмина-муслима аёллар яхшилаб билиб олишлари ва уларга амал қилишлари лозим. Чунки ҳайз ва нифосни ўз эгасидан бошқалар билмайди, билиш имкони ҳам йўқ. Қолаверса, бу масалаларни омма ичида муолажа қилишга одатланилмаган. Шунинг учун аёллар ўзлари илмий мажлислар қилиб, билганлардан дарс олиб, яхшилаб ўрганиб қўйишлари ўта муҳимдир.

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг