Янгиликлар

2021 ЙИЛДА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛАДИГАН МАСЖИДЛАР

Сўнгги уч йил маълум маънода масжидларни таъмирлаш, обод этиш даври бўляпти, десак муболаға бўлмайди. Бу вақт оралиғида юртимизда 256 та масжид қайтадан қурилди, 308 таси эса капитал таъмирланди. Бинолари эскириб, нураб қолган, шунингдек, намозхонлар учун торлик қилаётган кичик ибодат уйлари ўрнида шаҳарсозлик андозаларига мос замонавий талаблар асосида кенг ва шинам жомелар қад кўтармоқда. Баъзилари катта йўл бўйларига чиқариб қурилмоқда. Бу эса ички ва ташқи зиёрат туризми доирасида қўшимча имконият ва қулайликлар туғдиради.

Айни пайтда 218 та масжид бутунлай янги лойиҳа асосида қайтадан қурилмоқда. Уларнинг бир қисми шу йили битказилиб, мўмин-мусулмонларни ўз бағрига чорлайди, янгича имкониятларда ҳузур-ҳаловат ила ибодат қувончига сабаб бўлади.

Қуйида 2021 йилда фойдаланишга топшириладиган марказий масжидлар ҳақида ҳикоя қиламиз:

1. Хонобод” масжиди

  • Манзил: Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри
  • Сиғими: 4000 киши
  • Меъморий услуби: Эклектика
  • Фойдаланишга топширилиш вақти: 2021 йил август ойи
  • Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона.

Бу йили Оҳангарон шаҳри маркази, Тошкент-Ўш А373 магистрал йўлида катта масжид фойдаланишга топширилади. 2020 йилда шаҳарни ижтимоий–иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастури доирасида қўшимча ер майдони ажратилиб, масжидни янгидан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунга келиб 53 метрлик минора қурилишини ҳисобга олмаганда, асосий ишлар ниҳоясига етиб бормоқда. Масжид йўл бўйида эканини ҳисобга олиб, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олган. Режалар эса улкан. Кейинги босқичда бу ерда зиёрат туризми доирасида ҳалол стандартлари асосида меҳмонхона ва ошхона қурилиши режалаштирилган.  


2. “Акбарали ота” масжиди

  • Манзил: Сирдарё вилояти Гулистон тумани
  • Сиғими: 1500 киши
  • Меъморий услуби: саккиз бурчак
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил апрель (Рамазон) ойи
  • Қўшимча имкониятлари: кутубхона, кенг автотураргоҳ

“Сойибобод” қишлоғи аҳолиси 5-6 йилдан бери авария ҳолатига келиб қолган масжидни янгидан қуришни орзу қилади. Бироқ доим қатор муаммолар халақит бериб келди: молиявий имкониятлар, ер ва қурилишга рухсат масаласи. Ниҳоят ўтган йили барчаси ҳал этилиб, икки қаватли замонавий масжид қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда биринчи қаватда ишлар якунланган. Қишлоқ аҳли хурсанд, одамлар ҳатто ўз ерларини масжидга ҳадя этиш ҳисобидан охиратларига улкан савобларни тўпламоқдалар. Рамазон ойига очилиши режалаштирилаётган янги жоме Гулистоннинг безаги бўлиши шубҳасиз. Чунки жойлашган ўрнига кўра у Гулистон шаҳри ва тумани кесишмаси оралиғидадир. 


3. “Хожи Абдуллоҳ ал Ансорий” масжиди

  • Манзил: Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани
  • Сиғими: 2000 киши
  • Меъморий услуби: Эклектика
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил декабрь ойи
  • Қўшимча имкониятлари: уч томонлама кириш йўли, кенг автотураргоҳ

Кўриниши ва безак услублари “Масжидун Набавий”ни эслатиб турувчи ушбу масжид аввалги жойлашган ўрнидан 500 метр масофада, Марғилон-Қўқон катта автомобил йўли ёқасида қурилмоқда. Дастлаб, ер олиш масаласида қийинчиликларга дуч келинган бўлсада, бугун бари ортда қолди. Ҳатто исмини ошкор этишни хоҳламаган ҳиммати баланд кишиларнинг кўмаги билан 50 сотих майдонда бино кўтарилиб, том қисмини ёпиб бўлинди. Масжид лойиҳасини архитектор Фаҳриддин Абдуллатипов ишлаб чиққан. 


4. “Қорашбува” масжиди

  • Манзил: Фарғона вилояти Қўштепа тумани
  • Сиғими: 1500 киши
  • Меъморий услуби: Янги классика
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил сентябрь ойи

Қўштепа туманининг серқатнов Шижоаткор кўчасида жойлашган масжиднинг эски биносига намозхонлар сиғмай қолишди. Жамоатнинг аксарият қисмини йўловичилар ташкил этади. Бунинг устига масжид қибласи ҳам тўғри эмас эди. 250 ўринлик масжид ўрнида 1500 кишини сиғдира оладиган, бетакрор улубдаги намозгоҳ истиқлолимизнинг 30 йиллик санаси арафасида мўмин-мусулмонларга туҳфа этилиши режалаштирилмоқда.


5. Ўтовли Эшон” масжиди

  • Манзил: Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани
  • Сиғими: 250 киши
  • Меъморий услуби: анъанавий-тарихий
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил май ойи (Рамазон ҳайити)

Хоразм-Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тупроққалъа маскани, Саримой, Нукус, Хазорасп маҳаллалари аҳлининг кўп йиллик орзулари ушаладиган бўлди. 9 минг аҳоли истиқомат қиладиган тўрт ҳудудда бирорта масжид йўқ эди, энг яқини Хазорасп туманидаги “Шайх Қосим бобо” масжиди бўлиб, 120 километр масофани ташкил этади. Масжид учун “Тупроққалъа маскани” маҳалласидан 60 сотих ер ажратилди.

Ибодатгоҳ Хоразм меъморчилик анъаналари асосида замонавий талаблар уйғунлигида барпо этилади. Хонақоҳ 160 кишига мўлжалланган бўлса, ҳовли ва атроф саҳнлари билан 250 га яқин намозхонни сиғдиради.


6. Девонабой” масжиди

  • Манзил: Андижон вилояти Андижон шаҳри
  • Сиғими: 15000 киши
  • Меьморий услуби: анъанавий-тарихий
  • Фойдаланишга топшириш муддати: 2021 йил Апрель (Рамазон) ойи
  • Қўшимча имкониятлари: Веб-сайт фаолияти учун алохида хона, анжуманлар зали, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона.

Сиғими бўйича нафақат Андижон, балки,  Ўзбекистондаги энг катта масжид бўлиши кутилаётган ушбу жомени кенгайтириш ишлари бу йили якунланади. Аслида 2020 йилда битказилиши режалаштирилган эди. Бироқ, ҳар бир соҳага таъсир ўтказган пандемия масжидлардаги қурилиш жараёнини ҳам четлаб ўтмади. Янги бино уч қаватдан иборат. Таъкидланганидек, ҳозирча Ўзбекистондаги энг катта жоменинг ички ва ташқи безакларида Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм нақш ва ўймакорлик санъат намуналарининг барчасидан фойдаланилган. Бугунги қадар 90% иш якунланди. Масжид лойиҳасини Облоқул Мирзаев ишлаб чиққан.

Қадим ўзбек меъморчилик санъатининг силсиласи сифатида қад ростлаётган мазкур ибодатгоҳ кўпдан-кўп авлодлар учун муқаддас маскан бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин!


 7. Абдулҳамид қори” масжиди

  • Манзил: Андижон вилояти вилояти Хонобод шаҳри
  • Сиғими: 3000 киши
  • Меъморий услуби: анъанавий-миллий
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил сентябрь ойи
  • Қўшимча имкониятлари: аёллар учун таҳоратхона ва намозхона

Намоздан сўнгги тасбеҳ миқдорига тенг гумбазларига эга масжид. Аниқроқ айтилса, 33 та катта-кичик гумбаздан иборат ажойиб меъморий ечим ўзига хос рамзий маънога эга. Архитектор Саидакбархон Муртазохўжаев бошчилигида ишлаб чиқилган лойиҳа асосида қурилаётган ушбу масжид Андижон сув омбори йўлидан ўтаётган ҳар қандай кишининг эътиборини тортиши, унга бир бор кириш истагини уйғотиши табиий. Масжиднинг Телеграм мессенжерида очилган каналида қурилиш учун кунлик қилинган хайриялар эълон қилиниб борилади. Яқинда асосий гумбазга ҳилол рамзини ўрнатиш учун каналда ўзига хос “ким ошди савдоси” ташкил этилди.


 8. Саримозор” масжиди

  • Манзили: Сурхондарё вилояти Бойсун тумани
  • Сиғими: 5000 киши
  • Меморий услуби: Эклектика
  • Фойдаланишга топшириш вакти: 2021 йил август ойи
  • Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, ошхона, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона

Бойсуннинг марказий масжиди мана шундай кўринишда бўлади. Эски масжид 2000-2500 кишини сиғдирсада, жума намозларида 5000 намозхон келар эди. 2019 йилда масжид учун шаҳар маркази, М19 магистрал йўли ёқасидан вилоят ҳокимлиги томонидан оз эмас, 2 га ер ажратилди. Йирик масжид лойиҳаси ҳам ўша вақтдаги вилоят ҳокими томонидан тайёрланди. Бу жойда кўплаб инфратузилма обьектлари барпо этила бошланди. Шаҳар маълум маънода янги манзилга кўчирилди. Ҳозирда кўплаб масжидларда автомобилларни жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар юзага келаётган бир вақтда, бу ерда автотураргоҳ учун 80 сотих майдон ажратилган.


9. “Қиличбек Қўрғонча” масжиди

  • Манзил: Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри
  • Сиғими: 1800 киши
  • Меъморий услуби: Эклектика
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил декабрь ойи
  • Қўшимча имкониятлари: кутубхона, китоб дўкони.

XIX аср бекликларидан бирининг номи билан аталгувчи ушбу масжид ниҳоятда тор ва нураб қолган эди. Янги ҳолатидаги сиғимидан ўн баробар кам намозхонгина сиғар эди унга. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила бу йили маҳалла аҳли янги замонавий масжидга эга бўлади. Саккиз бурчак услубидаги масжид Қашқадарё вилояти учун ҳам ўзига хос янгилик бўлади.


10. “Боймоқли” масжиди

  • Манзил: Жиззах вилояти Зомин тумани
  • Сиғими: 860 киши
  • Меъморий услуби: Саккиз бурчак
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил август ойи.
  • Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, кутубхона, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона.

Тез орада Зомин туманидаги бешта қишлоқ учун дурдона масжид қуриб битказилади. Бугунги ислоҳотларнинг асл мақсади чекка ҳудудлардаги аҳолининг ҳам турмушини яхшилаш, етарли шарт-шароит яратиб беришдан иборат. Замонавийлик фақат шаҳарларда эмас. Саккиз бурчак услубида, тўртта йирик портали билан алоҳида маҳобат касб этадиган Боймоқли масжиди янги авлод масжидларининг кўпгина деталларини ўзида жамлайди. Саккиз томонидан шахтасимон ўрнатилган ҳавони шамоллатиш тизими фикримиз мисолидир. Бир вақтлар бир қарич цемент устига лойдан қурилган, қурилиш идоралари шикоят қилавериб чарчаган увада ҳолига келган иморатнинг яқин йилларда мана шундай бетакрор санъат асарига айланишини бирор кимса тасаввур қилганмикин?! Шубҳасиз, Аллоҳнинг байтини Ўзига ва охиратга иймон келтирганлар обод этадилар.


11. “Дилкушо” масжиди

  • Манзил: Бухоро вилояти Бухоро шаҳар
  • Сиғими: 2000 киши
  • Меъморий услуби: тарихий-анъанавий
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил март ойи
  • Қўшимча имкониятлари: Йирик кутубхона, 2 кишилик дам олиш хонаси (меҳмонхона), аёллар учун  намозхона

Бухоронинг асл меъморий анъаналари асосида бунёд бўлаётган ушбу масжидни кенгайтиришга эҳтиёж мавжуд эди. 2019 йилгача тўртта алоҳида кичик пастқам хонақоҳлардан иборат ибодат уйи жамоат тўпланса, ҳаво етишмас даражада исиб кетар эди. Субҳон Одилов ва бошқаларнинг лойиҳаси асосида ислом қуббати маржонлари сафига яна бир садафнинг қўшилишига жуда оз вақт қолди…


12. “Сирож солиҳ” масжиди

  • Манзил: Тошкент шаҳар Олмазор тумани
  • Сиғими: 4000 киши
  • Меъморий услуби: Эклектика
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил апрель (Рамазон) ойи Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, веб-сайт фаолияти учун видеостудия

Эклектика – миллий ва замонавий услубларнинг ўзаро уйғунлиги. Бугун аксарият қурилаётган масжидлар архитектурасида шундай услуб танланяпти. Қорақамиш 2/3 мавзесида чирой очажак “Сирож солиҳ” масжиди лойиҳаси “Etalon Projeсt” муассасаси маҳсулоти. Миноралар “Ҳарами шариф”ни эслатиб юборади. Юртимиздаги таниқли уламолардан, масжид имом-хатиби Ҳасан домла Қодировнинг ташаббуси билан ўрин олган тасвирга олиш видеостудия хоналари ҳам ўзига хос янгилик бўлмоқда.


13. “Кулол қўрғон” масжиди

  • Манзил: Тошкент шаҳар Юнусобод тумани
  • Сиғими: 3500 киши
  • Меъморий услуби: Эклектика
  • Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил апрель (Рамазон) ойи
  • Қўшимча имкониятлари: сартарошхона, 30-35 сиғимли ички автотураргоҳ (“парковка”), китоб дўкони, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона

“Масжид қурилишини бошлагину, барча сабабларини қилган ҳолда Ўзига таваккул қил. Байти учун Ўзи етказади.” Бу иборани худди шу масжидга нисбатан ишлатиш мумкин. Шаҳарнинг турли нуқталарига қўйилган эҳсон қутилари эвазига бунёд бўлди бу намозгоҳ. Пойтахт масжидлари доимо эътибор ва андозада бўлиб келган. Кичик бир мавзеда бўлса ҳам азим шаҳарда масжид қурилаётганидан кўпчилик хабар топади ва имкони қадар ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, бугун масжидларда автомобилларни қўйиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Автотураргоҳлар кичиклик қилмоқда, каттасига эса ортиқча ер майдони зарур. Бу ҳолат айниқса Тошкент шаҳрида яққол кўзга ташланади. Лойиҳада эса муаммога замонавий ечим берилиб, ертўла қисмга “паркинг” жойлаштирилган. Ҳозирда масжидда 75% иш тугалланган. Учқаҳрамон аҳлини янги масжид билан қутлаш тез орада насиб этсин!

Таъкидлаш керакки, бу ишлар саҳоватпеша инсонлар, меҳнатсевар халқимизнинг ҳашари билан бўлмоқда. Мухлис элимиз қаердаки масжид қурилиши ҳақида дарак топса, “Аллоҳнинг уйини обод этишга мен ҳам ҳиссамни қўшсам”, деган илинжда баҳолиқудрат хизматга бел боғламоқдалар, ижтимоий тармоқларда далолат қилмоқдалар. Сиз-чи, азиз ватандош, четда қолиб кетмадингизми? Бордию шундай бўлса, имконият бор, фурсат бор. Кимнидир эмас, оламлар Роббисининг хизматига сизни таклиф этамиз! 

Зоиржон Содиқов
Масжидлар бўлими мутахассиси

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг