ОИЛАДА COVID-19’ГА ЧАЛИНГАН ОДАМ БЎЛСА, ЮҚТИРИБ ОЛМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Агар оила аъзоларидан бири COVID-19га чалинган бўлса, коронавирусни юқтириб олмаслик учун нима қилиш керак? Россиялик шифокор-терапевт ва иммунолог Ирина Ярцева бу борада қандай йўл тутиш кераклиги тўғрисида маслаҳат берди.
«Хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш лозим, бемор ниқобда бўлиши шарт, бошқалар тақмаса ҳам бўлади. Иложи бўлса, беморни алоҳида хонага ўтказиш керак. Соғлом оила аъзолари эса тоза ҳаводан нафас олиш учун тез-тез ташқарига чиқиб тургани маъқул. Имкон бўлса, доимий ишлаб турадиган ёпиқ турдаги кварцли чироқ харид қилиш керак ёки ижарага олиб турса ҳам бўлади. Кунига бир неча марта бурунни тузли эритма билан ювиб туриш тавсия этилади», — деди Ярцева.
Беморнинг сочиғи ва идиш-товоқлари алоҳида бўлиши шарт. У ошхонага камроқ киргани маъқул. Мабодо бир хил буюмлардан, масалан, телефон, калит, телевизор пультидан фойдаланишга тўғри келса, спиртли салфетка ёки хлорли восита билан артиш керак.
«Ушбу вирус ҳавода узоқ яшамайди, буюм юзаларида ҳам унчалик кўп жон сақлолмайди. Хоналарни оддий нам латта билан тез-тез артиб туриш кифоя. Агар хлорли воситадан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилса, аҳволнинг ёмонлашишига олиб келади — нафас йўллари шиллиқ қаватига салбий таъсир кўрсатади, унинг токсик шикастланишига олиб келади. Натижада вируснинг ичкарига кириши янада осонлашади. Шу боис ҳеч қандай ортиқча чора кўришга ҳожат йўқ — шунчаки намлаб артиш буюмларнинг юзасида вирус концентрациясининг камайишига олиб келади», — дея таъкидлади шифокор.
Терапевтнинг сўзларига кўра, кўпинча бундай вазиятда оиланинг биргина аъзоси касалликни бошидан ўтказади.