ҲЕЧ КИМГА ҲЕЧ НИМА ҚОЛДИРМАГАН КИТОБ ВА ҲИКМАТ!
Долзарб мавзу
Ҳаммамиз ҳар куни кузатадиган, лекин ҳар доим ҳам эътибор қаратмайдиган бир неча ҳолатлар:
1) тонг отиб, қуёш чарақлаб турса ҳам, қатор симёғочларда ёниб турган кўча чироқлари;
2) одамлар ўтиб-қайтадиган кўча бўйидаги жўмраклардан сувнинг беҳуда оқиб туриши;
3) кўздай яқин қўшнимиз оч-наҳор бўлса ҳам, яқинларимиз, ҳатто ака-укаларимиз, қариндошларимиз орасида фарзандларининг ўқув-шартнома пулларини тўлай олмаётганини ёки маҳалламизда эҳтиёжманд оилалар борлигини билсак-кўрсак-да, лекин дабдабали тўй қилавермиз. Ёшларнинг орзу-ҳаваси деб, биргина “ЗАГС”нинг ўзига бир талабанинг бир йиллик ўқув-шартнома пулини сарфлаймиз…
Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Шу мавзуда хаёлимизга келган ҳамма нарсани тизиб чиқсак, бир мақола у ёқдан турсин, ҳатто бир нечта китоб бўлиши ҳам турган гап.
Хўш, биз қачондан бери дабдага ўч, хўжакўрсинга, кимўзарга мойил, исрофга муккасидан кетадиган бўлиб қолдик?..
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қаттиқ ва қатъий (!) қоралаб: «Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас», деб марҳамат қилади (Аъроф сураси 31-оят).
“Исроф” дейилганда ҳамма нарса қамраб олинади. Маънавий эҳтиёжлардан ташқари, Қуръони карим тиловати, зикр, тасбиҳ, ибодатлар, китоб мутолаасидан бошқа ҳамма нарсанинг, ҳатто сувнинг ҳам меъёридан ортиқча ишлатилиши – исрофдир!
Нега тонналаб обиҳаёт исроф қилинади?
Иссиқ кунларда кўп қаватли уйлар олдида гилам юваётган кишиларга кўзингиз тушгандир. Ёки маҳаллаларга йўлингиз тушса, жўмракларни борича очиб қўйиб, тарвуз-қовунни ташлаб қўйилган ҳолатни-чи? Ёки узун пластмасса ичакларда сув пуркаётган кишиларни кузатгандирсиз. Аслида бир ёки икки челак сув билан ҳал бўладиган ишларга тонналаб обиҳаёт оқизилади.
Парвардигори олам Қуръони каримда: «Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?» – бизни огоҳлантиради. (Воқеа сураси 68–70-оятлар).
Маълумотларга кўра, она сайёрамизнинг 75 фоиздан кўпроқ қисми сув билан қопланган экан. Лекин Ер юзидаги сувларнинг бор-йўғи 3 фоизи чучук, яъни истеъмолга яроқли, холос.
Расулуллоҳ таҳоратга қанча сув ишлатганлар?
Ота-боболаримиз сувни исроф қилишдан жуда эҳтиёт бўлганлар. Биргина мисол, уйимизга қишлоқдан ёши улуғ меҳмон келса, унинг таҳорат олишда сувдан устамонлик билан, яъни исроф қилмасдан фойдаланганини кузатганмиз.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир куни Саъд таҳорат қилаётганида, Жаноби Пайғамбаримиз алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?” – дедилар. Шунда у: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” – дея ажабланди. Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Гарчи дарёда бўйида яшасангиз ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатманг”, – дея унга танбеҳ бердилар» (Имом Аҳмад ривоятлари).
“Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар” (Муттафақун алайҳ). Яъни, Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом тахминан 0,688 литр сув билан таҳорат қилар эдилар.
Тўлдирилган энг ёмон “идиш”
Уламоларнинг айтишларича, мақоламиз бошида келтирилган Аъроф сурасининг 31-оятида табобат илмининг ярми жамланган экан.
Исроф деганда, хаёлимизга кўп нарсалар келади-ю, лекин ортиқча овқатланишни унутиб қўямиз. Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нафсингиз хоҳлаган ҳар нарсани еяверишингиз ҳам исрофдир”, – деганлар (Имом Ҳофиз Абу Яъло ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қорин. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади. Ёки уқорнини уч қисмга ажратсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафас учун” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Хулоса
Ҳорун Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми” деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида, табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон – дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қилинг!” деган ҳадиси шарифларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан.
Беқиёс ва бетакрор, катта ва бой тажрибага эга доно халқимиз ҳам неча минг элакдан ўтказиб, бекордан-бекорга “Нимани ҳор қилсанг, шунга зор бўласан” деб айтмаган. Бежиздан-бежизга
“Тежам билан ишлатсанг – уй-рўзғоринг бут.
Исроф билан ишлатсанг – ёмон кунни кут!”
демаган.
Меҳрибон Парвардигоримиз барча нарсани биргина Аъроф сураси 31-оятининг ярмига, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина ҳадиси шарифларига жамлаб қўйган эканлар, биз чин саодатни истасак, ҳеч кимга ҳеч нарса қолдирмаган КИТОБ – Каломуллоҳ ва ҲИКМАТ – ҳадиси шарифга амал қилсак – марра бизники!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари