Янгиликлар

Мино ва Арафотда ҳожилар учун хизмат сифати янги босқичга кўтарилади

“Ҳаж – 2026” зиёратчилари қулай ва осойишта шароитларда ибодатларини адо этишларига ҳозирлик кўриш мақсадида, Саудия Арабистонида мутасадди идоралар билан мулоқотлар ўтказилмоқда. Хизмат сафарида бўлиб турган Президент маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Комилов, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ҳамда атташе Шуҳрат Амоний муассасалар вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқдалар.

💬 Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини алоҳида эътироф этдилар.

🕋 Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳар бир дақиқасини маънавий озуқа ва руҳий ҳузур ичида ўтказиш учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди.

👀 Rifada тавофа муассасаси раҳбарияти дунё давлатлари орасида ўзбекистонлик зиёратчилар тартиб-интизом ва жамоавий ҳаракатланишда бошқаларга ибрат эканини юқори баҳолади. Ўзаро мулоқотда ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда санитария-гигиена талабларига жавоб бериш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

⛺️Жумладан, ушбу водийларда ҳар бир зиёратчи учун етарли жой ажратиш, чодирларни иссиқлик ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан қоплаш, уларни “Sofa bed”, “Martaba” тўшаклар, совуткич ва бошқа маиший қулайликлар билан жиҳозлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, уч маҳал иссиқ таом, мунтазам чой ва салқин ичимликлар билан таъминлашга урғу қаратилди.

🍑 Муздалифа ҳудудида етарли миқдордаги гилам-полослар ва озиқ-овқат, ичимлик суви заҳирасини таъминлаш ҳам эътибор марказида бўлди.
Соҳа раҳбарлари томонидан Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримовга мазкур хизматларни юқори сифат мезонларига жавоб беришини ўрганиш ва берилган кўрсатмаларни ижросини таъминлаш вазифалари юкланди.

🟢Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад —  ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.

✅ Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг