МақолаларРамазон-2017

РАМАЗОН – ИККИ ДУНЁ ҚЎРҒОНИ-2

Рўза инсон тарбияси учун дастур ҳисобланади. Барчамизга маълумки, тақвонинг маъноси ўзимиз билан Аллоҳ таолонинг сифатлари орасига тўсиқ қўйишимиз, яъни, У зотни қодир, ўзимизни ожиз деб билишимиздир. Аллоҳ таолонинг сўзи ҳақ: “Шоядки тақводор бўлсаларингиз” яъни, рўза сабабидан ҳаёт тарзимизни тўғирлаб, нафсимизни жиловлаб оламиз. Бунинг натижасида эса маъсиятлардан узоқлашамиз. Аслида маъсиятлар нафс моддиятининг бирор нарсага кучли хоҳишидан келиб чиқади.  

Рўза айнан мана шу моддиятнинг кучли хоҳишини ва жасадга бўладиган ҳукмронлигини сусайтиради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам балоғат ёшига тўлган ёшларга қарата шундай деганлар:

Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким жинсий ҳаётга қодир бўлса, уйлансин. Чунки у кўзни тўсади, жинсий аъзони сақлайди. Ким уйланишга қодир бўлмаса, рўза тутсин. Зеро, рўза унинг шаҳватини кесувчидир”.    

Рўза ёшлар жисмидаги ана шу нафс моддиятининг кучли хоҳишини пасайтиради. Чунки таомни камайтириш билан нафс моддиятининг ёқилғиси озайтирилган бўлади. Бунинг натижасида инсонни гуноҳу маъсиятларга ундайдиган кучли шаҳвоний истак сусаяди.

Рамазон рўзаси инсонга бир ой давомида шаръий истиқоматни яъни шариат буйруқларини бажариш ва ман қилган нарсаларидан узоқлашиш неъматини ато қилади. Бу билан инсон шаръий истиқомат неъматининг ҳаловатини топади. Натижада Рамазондан кейин ҳам бу ҳаловатни қўлдан бермасликка уринадиган бўлиб қолади. Ана шу ўринда рамазоннинг ҳикмати намоён бўлади. Яъни аслида мусулмондан фақатгина Рамазонда истиқоматда бўлиш талаб қилинмаган, балки бутун ҳаёти давомида истиқоматда бўлиш талаб қилинган. Ушбу фурсат эса бандага ҳаётининг барча лаҳзаларида истиқоматда бўлишга ўрганиши учун малака ҳосил қиладиган вақт қилиб белгиланган. 

Баъзиларнинг: “Макка ва Мадинани зиёрат қилдим. У ерда нафислик, ёруғлик, нурафшонлик ҳаловатини татиб кўрдим, барча нарсаларни унутдим” деяётганларни эшитиб қоламиз. Албатта, бу гапларни айтган киши маконни мақтаяпман деб ўйлайди. Лекин шу маконда топилган ҳаловат бошқа маконларга ҳам тарқалгандагина бу макондаги хурсандчилиги тўғри бўлишини  унутиб қўяди.  

Мана ўзингиз Маккага бориб “Байтуллоҳ”ни зиёрат қилганингизда, Мадинага бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилганингизда аслида барча маконда ҳам Аллоҳ таолонинг кўриб туришини, ислом арконларини бажараётганингиз, ушбу йўлда юрганингиз бу Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун эканини эсламайсизми?  

Тўғри “Байтуллоҳ”нинг ёнида туриб ибодат қилишингиз бошқа жойларга қараганда ниятнинг гўзаллиги ва нафислиги билан ажралиб туради. Гўё сиз “Байтуллоҳ”нинг ёнгинасида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлсангиз, бирор маъсиятни қилишга ҳаё қиласиз. “Аллоҳу акбар” нидосини эшитганингиз он намозга сакраб турасиз ва хушуъ билан адо этасиз. Бирор кишига ҳам азият бермайсиз. Шундай экан, сиздаги мана шу ҳаёт тарзи нима учун барча вақтларда ҳам барча маконларда ҳам давом этмайди? Сиз  қайси маконда бўлсангиз ҳам ўзингизда ана шу таъаббудий ниятни тасаввур қилишга қодирсизку. Агар шундай қилсангиз тезда нафс мусаффолигига эришасиз.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг бир замонни ё бир маконни ёхуд бир инсонни танлаганида, ана шу инсоннинг таъсири барча инсонларга тарқалишини, ана шу маконнинг таъсири барча маконларга тарқалишини, ана шу замоннинг таъсири барча замонларга тарқалишини хоҳлаган.

Шундай экан рамазон ойини тасбеҳлар билан, Қуръон тиловатлари билан кутиб олишаётган, рамазон ўтиши билан барчасини унутиб яна олдинги ҳолатига қайтаётган инсонларнинг ҳолати ниҳоятда таажжублидир!

Ажабо, Рамазон бизларга динимизни қўриқлаб бериш учун келдими ? Ёхуд бошқа ойларда ҳам мусаффолик билан ҳаёт кечиришимизни ўргатгани келдими?

Рамазонда нафсидан ғолиб келиб бошқа ойларда унга қул бўлиб юриш мусулмон кишига муносиб эмас!

Бу ойнинг ҳар дақиқасини ғанимат билайлик. Айниқса саҳарлик, ифторлик, тунги вақтлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта саҳарлик қилишни тавсия қилганлар:

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар, албатта барака саҳарликлардадир”, дедилар.  Муслим ривояти.

Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида қуйдаги маънолар келган:

  1. Саҳарлик қилиш” маъносини англатадиган “Суҳур” (Яъни “Суҳур” деб ўқилганда “Саҳарлик ҳаракатида барака бордир” маъносини англатса, “Саҳур” деб ўқилганда “Саҳарлик қилинадиган таомларда барака бордир” маъносини билдиради). калимаси, саҳар вақтидан олингандир. Бундан “Саҳарлик қилиш”нинг вақти кечанинг охири экани билинади.
  2. Ҳадиси шарифдаги “Саҳарлик қилинглар” деган буйруқ вожиб учун эмас, мустаҳаб учундир. Бунга Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйдаги маънодаги ҳадис далолат қилади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бирор (ейдиган) нарсангиз борми ? дедилар. Мен: Эй Аллоҳнинг Расули бизда ҳеч нарса йўқ дедим. У зот: “Ундай бўлса мен рўзадорман,” дедилар.  Муслим ривояти.

  Ибн Мулқин: “Уламолар саҳарлик қилишнинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилганлар, у вожиб эмасдир”деган.

  1. Ҳадиси шарифдаги буйруқ мустаҳаб учун бўлганидан кейин, саҳарлик қилишнинг ҳукми суннат эканига далолат қилади.
  2. Матнда “саҳарликларда барака бордир” дейилди. Барака “Ўсиш” ва “зиёда бўлиш” каби маъноларни ўз ичига олади. У дунёвий ва ухровий бўлади.
  3. Саҳарлик қилишдаги “Барака” бир қанча ишларда бўлади:

А) Аввало суннатга эргашиш, яъни талаб қилган ҳолда суннатга мувофиқ бўлиш ва унинг воситасида ибодат қилиш бўлади .

Б) Аҳли китобларга мухолиф бўлиш. Саҳарлик қилишдан ушбу маъно ҳам қасд қилинган, бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзалари орасидаги фарқ, саҳарлик қилишдир, деганлар.”  Муслим ривояти.

В) Унинг воситасида тоатга қувват тўплаш, бошқа бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинглар” деганлар. Ибн Ҳиббон ривояти.

Г) Саҳарлик қилиш ва истиғфор айтиш вақтида уйғониш. Бу эса қуйдаги ояти каримада васф қилинган инсонлар тоифасига киришлик бўлади.

“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар”. (Зарият сураси 18-оят).

Ифторлик қилиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай тавсия қилганлар:

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Инсонлар мадомики  ифторликни тезлаштирар эканлар доимий яхшиликда бўладилар.    Бухорий ривояти.

Яъни, модомики, ушбу суннатда бардавом бўларканлар, доимий яхшиликда бўладилар. Чунки қуёш ботганлигини аниқ билганидан сўнг тез оғиз очишлик пайғамбарларнинг суннатларидир. Кимки ушбу суннатни маҳкам ушласа уларнинг хулқлари билан хулқланган бўлади. Қолаверса бунда ифторликни  юлдузлар чиққунига қадар ортга сурадиган аҳли китобларга мухолиф бўлиш ҳам бор. Шунга кўра ким уларга мухолиф бўлиб суннатга эргашса у доимий яхшиликда бўлади. Бироқ кимки ортга суришликни вожиб ё мандуб деб билмасдан ортга суриб очса зарари йўқдир.” (Зайнуддин Муновий “Файзул Қодийр” 18-жуз 281-бет).

Аммо Мулла Алий ал-Қорий: Суннатни тарк қилишлик бўлганлиги учун зарари бордир деганлар.

Тутаётган рўзаси қабул бўлиши учун киши нималарга эътибор бериши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ким ботил сўзни ва унга амал қилишни қўймаган бўлса, унинг овқатини ва ичимлигини қўйишига Аллоҳ таолонинг ҳожати тушиб қолган эмас.   Бухорий ривояти.   

“Қози раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Рўзадан кўзланган нарса шаҳватларни синдириш, нафсни жиловлашдир. Агар рўзадорда ушбу нарсалар ҳосил бўлмаган бўлса унинг рўзасининг эътибори йўқдир, унга иноят назари боқмабди. Ҳадиси шарифдаги “Аллоҳ таолонинг ҳожати тушиб қолган эмас” деган сўз “унга илтифот қилмабди”,“ундан қабул қилмабди” маъносидадир. У бечорага қандай ҳам илтифот бўлсин рўзадан бошқа пайт унга мубоҳ бўлган ейиш- ичишнигина тарк қилиб, ҳамма пайт ҳаром бўлган гуноҳларни содир этиб турган бўлса.” (“Мирқотул мафотийҳ” 492-бет).   

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу ерда рўзани фақатгина ейиш, ичишнинг ўзидангина сақланиш билан эмас, балки Аллоҳ таоло ман  қилган сўз ва амалларни ҳам тарк қилишлик билан тўлиқ бўлишини хабар бермоқдалар.

Ҳа, Рўза бандани дунёда гуноҳлардан тўсиб турадиган қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб турадиган қўрғон бўлади. Агар банда ейиш ичишни тарк қилса-ю бошқа ҳаром ишларни тарк қилмаса қилаётган амалларининг қабул этилмаслигига ва жазоланишга лойиқ бўлиб қолади. Чунки ундан талаб қилинган нарса баъзи гуноҳларни тарк қилиш эмас, балки гуноҳ бўладиган барча ишларни мутлақо тарк қилишдир.

Аллоҳ таоло барчамизни дунёда гуноҳлардан, охиратда дўзахдан тўсадиган рўза тутишимизга муваффақ қилсин.

 

Қудратуллоҳ Сиддиқметов

Абдулқодир Пардаев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг