МақолаларРамазон-2017

РАМАЗОН – ИККИ ДУНЁ ҚЎРҒОНИ-1

Юртимизда муборак Рамазон ойи ўз шукуҳини таратмоқда. Бу ой – саодат асридан буён мусулмонлар алоҳида аҳамият билан кутиб оладиган ой.

 Бизни мусулмонлардан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Мусулмонлар ичида масжидга қатнайдиганлардан, рўза тутадиганлардан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Барча мусулмонларга Қуръон, тақво, шафқат, барокат, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойи муборак бўлсин.

Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни, ҳижратнинг иккинчи йили, Шаъбон ойининг 18 куни фарз бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил фарз рўзасини тутганлар. Рамазон ойида Қуръон нозил бўлган, исломга даъват ҳам шу ойда бошланган. Рўза тутиш фарз қилиниши билан бу ойнинг фазилатлари янада зиёда бўлган. Рўза инсоннинг соғлигига шифо бўлса, Қуръон унинг руҳиятига шифодир. Бу ой мусулмон киши учун интизом ойидир, меҳр-шафқат ойидир.

Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда иймон билан савоб умидида рўза тутганларнинг гуноҳлари мағфират қилиниши муждасини берганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ким Рамазонда иймон  ила савоб савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда иймон  ила савоб савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қодр”да иймон  ила савоб савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Муттафақун алайҳ.

Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган намоз, садақа каби яхши ишлари ундан бандалик билан содир бўлган гуноҳларини кетказиб туради. Аммо булардан ҳам ортиб кетган гуноҳлари бўлса Рамазон билан кетказилади.

Гуноҳлар мусулмон киши учун худди заҳар баданга шикаст етказганидек зарарлидир. Заҳарланган танага заҳарни кетказувчи восита қанчалик муҳим бўлса, мусулмон киши учун ҳам Рамазон рўзаси шунчалик муҳимдир.

Агар гуноҳнинг зарарларига назар ташлайдиган бўлсак, инсоният оламидаги энг катта ҳалокату хорликларнинг барчаси гуноҳ маъсиятлар сабабидан юзага келганига гувоҳ бўламиз:

Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ маъсият сабабли ғарқ бўлган.

Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ маъсият сабабли сорсор шамоли билан ҳалок бўлган.

Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ маъсият сабабли чақмоқ билан ҳалок бўлган.

Ҳа, ўтган қавмларнинг барчасини ҳалокатга учратган нарса қилган гуноҳ маъсиятларидир.

Ушбу ой ана шундай охири ҳалокат бўлган гуноҳ маъсиятлардан халос бўлишга сабаб бўладиган ойдир. Гуноҳнинг мўмин қалбига қандай таъсир қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мўмин киши қачон гуноҳ қиладиган бўлса,  қалбида бир қора доғ пайдо бўлади, агар тавба қилиб, ундан четланиб, истиғфор айтса, қалби ундан сайқаллашади. Агар гуноҳ ишини кўпайтираверса, ҳалиги қора доғ ҳам катталашаверади, ҳатто, қалби у билан қопланиб қолади. Бу Аллоҳ азза ва жалла китобида зикр қилган “Рон”дир: “Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир.” (Мутоффифийн сураси 14-оят). Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган.

 Демак бу ой тавба қилишга, истиғфор айтишга, савобларни кўпайтиришга ва қалбларимизни сайқаллашга энг яхши фурсатдир. Бошқача қилиб айтганда бу ой ибодат мавсумидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва исёнкор жинлар занжирбанд қилинадилар, дўзах эшиклари ёпиб ташланади ва улардан бирортаси ҳам очилмайди, жаннат эшиклари очиб ташланади ва улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: эй яхшилик талаб қилувчи, ҳаракат қилиб қол! эй ёмонликга интилувчи, тийилгин! дея нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган кўплаб бандалари бўлади. Ўша (нидо) ҳар кечада бўлади.    Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.

 Бу ойнинг фазли, меҳр мурувват ойи экани ҳамда унда қилинадиган зикрлар ва дуолар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:          

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким қўл остидагига (қулига) енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади. (Ҳаммам ўзининг ривоятида зиёда қилди) Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринглар. Икки хислат билан Роббиларингизни рози қиласизлар. Яна икки хислатга эса албатта муҳтож бўласизлар. Роббиларингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодати ва У зотга истиғфор айтишларингиз. Сиз уларга албатта муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишини ва жаҳаннамдан сақлашини сўрашларингиздир”, дедилар.  (Байҳақий ривояти)

Рамазонда бойлар ҳам бир ой очлик ва чанқоқликни бошларидан кечиришиб, камбағалларнинг йил давомидаги ҳолатларини ҳис этадилар. Бу эса   уларга раҳм-шафқат кўрсатишларига сабаб бўлади.

Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасандан ривоят қиладилар: Юсуф алайҳиссаломга: “Ер хазиналари қўлингизда бўла туриб оч қоласиз-а” дейишди. У зот: Қорнимни тўқ тутсам, очларни унутиб қўяман, деб қўрқаман” дедилар.

Ҳадиси шарифда баён қилинганидек рўзадорни тўйдирган киши унга бериладиган савоб миқдорида савобга эришади. Аммо бу ўзи рўза тутмаса ҳам рўзадорни тўйғазиб қўйса бўлди, ўшанча савоб олаверади дегани эмас. Балки рўзадорларга ифторлик қилиб бериб янада кўпроқ савоб олишга тарғибдир.  

Шунингдек, очлик сабабли банданинг қалби ҳам покиза бўлади. Муҳаммад ибн Фазл Балхий айтганлар: Очлик – Аллоҳ таолонинг ер юзидаги таоми бўлиб, у билан дўстларининг қалбини тўйдиради. Яъни, очликни ёки рўзани ўзига одат қилган кишининг қалби ислоҳ бўлиши осон бўлади.

Рўзанинг ушбу фазилатларига имон келтириш ва унинг асл моҳиятини тўғри англаш лозим. Шунга кўра ўзи рўза тутсада балоғатга етган фарзандини гўё раҳми келганидан рўза тутишга ундамаслик қўштирноқ ичидаги раҳм қилиш бўлади. Чунки бундай “меҳрибонлик” натижасида бола тарбияси бузилаётган, фарз тарк қилинаётган ва Аллоҳнинг ҳаққи поймол этилаётган бўлади. Зеро, ислом қариб, нафақага чиқиб, гуноҳга ярамай қолганлар кўнгилларини овутиб ўтирадиган дин эмас.   

Хабарларда бир кунлик фарз рўзани тутмаган киши қирқ йил жаннат ҳидини ҳидламайди, дейилган. Ҳа, бир кунлик фарз рўзасини тутмаган одам бир умр рўза тутса ҳам ўша фарз рўзанинг ўрнини асло тўлғаза олмайди. Чунки ўша кун ҳеч қачон қайта келмайди, кейинги кунлар эса кейинги амалларнинг фурсатидир. 

Фақатгина тилларидаги иймонларига суяниб, биз ҳам мусулмонмиз, деб, намоз, рўза, закот, ҳаж ибодатларини бажармайдиган кишиларни уламолар шайтонга ўхшатишган. Чунки шайтон ҳам Аллоҳга иймон келтириб туриб  исён қилган.

Шариат мусулмон кишига Аллоҳ таолонинг борлигини билиб қўя қолишнигина таклиф қилмаган. Балки тили билан шаҳодат калимасини айтишни, қалби билан тасдиқлашни ва аъзолари билан бўйинсинишни буюрган.

Рўза тақво ҳосил қилдирадиган, сабрга ўргатадиган ойдир. Бу ой гуноҳкорларнинг гуноҳларидан қайтишлари учун катта фурсатдир. Эътибор берадиган бўлсак ютимизда ҳам баъзи ойлар “Ёнғин хавфсизлиги ойи”, “Ҳаракат хавфсизлиги ойи” ва ҳакозо номлар билан аталиб шу ойда ўша ном остидаги муаммоларни бартараф қилишга уринилади. Бунинг андозаси ҳам аслида динимиздан олинган десак муболаға бўлмайди. Чунки инсон бир нарса билан бир ой узлуксиз машғул бўлса ёки бирор нарсадан ўзини сақласа, ўша нарса унга одатга айланиб қолиши турган гап.

Рамазон рўзаси ушбу оят билан фарз бўлган:

Эй, иймoн кeлтиргaнлaр! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз. (Бақара сураси 183-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй инсонлар” деб эмас, балки “Эй иймон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобдан: “Эй менга иймон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно тушунилади.  

 Қуръони каримда мўмин бандаларга буйруқ тариқасида бўлсин, ёки бошқа кўринишда бўлсин, хитоб бўлар экан, албатта бу нарсада мўмин бандаларга фойда бордир. Бу нарса кўп тажрибаларда кузатилган.

Ўз навбатида мўмин бандалар ҳам ушбу буйруқларни  севиниб, чин кўнгилдан қабул қилишади. Агарчи унда машаққат бўлса ҳам, амал қиладилар. Чунки бу Роббиларининг буйруғи. Шу билан бирга рўза тутишнинг ўтган бошқа умматларга ҳам фарз бўлгани мусулмонлар учун тасалли ва машаққатни кўтаришга далдадир.

Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло яҳудийлар ва насронийларга ҳам рамазон рўзасини фарз қилди. Яҳудийлар бу ойнинг рўзасини тарк қилиб, йилнинг бир кунида – бу кун Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ қилган кун деб рўза тутдилар. (Яъни, муҳаррам ойининг ўнинчи куни – ашуро куни рўза тутдилар). Насронийлар эса, рамазон рўзасини тутдилар. Бас, қаттиқ иссиққа тўғри келиб қолдилар. Шунда рамазонни ўзгармайдиган вақтга сурдилар. Сўнгра унга яна зиёда қиламиз деб, ўн кунни қўшиб қўйдилар. Сўнгра подшоҳлари касал бўлиб етти кунни назр қилади, улар буни ҳам қўшиб қўядилар. Кейин бошқа бир подшо келиб: “бу уч кунга нима бўлди”, дейди ва рўзани тўлиқ эллик кун қилиб қўяди.” Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзининг маъносидир.

Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини Робб тутдилар. (Тавба сураси 31-оят).

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Абдулқодир Пардаев

Давомли…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг