РЎЗА ВА ИЙМОН
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
“Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини яҳудийлар ва насронийларга фарз қилган эди. Яҳудийлар бу ойда рўза тутишни тарк қилдилар ва бир йилдан бир кунни Фиръавн ғарқ бўлган кун деб, рўза тутдилар. Насронийлар эса Рамазон ойида рўза тутдилар ва ўта иссиққа тўғри келиб қолганларида уни умуман ўзгармайдиган вақтга алмаштириб олдилар. Сўнгра “унга зиёда қиламиз” деб, ўн кунни қўшиб олдилар. Сўнг бир қанча вақт ўтгандан кейин уларнинг подшоҳлари касал бўлиб қолиб, етти кунни назр қилди ва улар ана шу етти кунни зиёда қилишди. Ундан кейин бошқа бир подшоҳ келди ва “уч кунни қўшсак нима бўларди?” деб, эллик кунга тўлдириб қўйди. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу оятининг маъносидир: “Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандлари ва роҳибларини рабб (илоҳ) қилиб олдилар”. (Тавба сураси, 31-оят)”.
Ҳа, рўза иймонимиз тақозосидаги амал ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят) деб, ўртага иймонни қўйиб хитоб қилди. Шунинг учун биз мусулмонлар ушбу оятни “Роббим менга хитоб қиляпти-ку!”, деб қабул қилишимиз лозим бўлади. Зеро, иймонимизнинг тасдиғи ҳам мана шудир.
Қудратуллоҳ Сидиқметов