МақолаларТафсир

ОХИРАТ ЛИБОСИ

   «Эй Одам фарзандлари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либос)ни ҳам нозил қилдик». (Аъроф сураси, 26- оят.)
Аллоҳ таоло бандаларининг баданларини ёпиб, жисмоний айбларини яшириб туриш учун либосни берди. Инсоннинг баданидаги ҳар қандай айб бўлсин буларнинг барини унинг либоси ёпиб, яшириб туради. Лекин банданинг охиратдаги айбларини тақво либосидан ўзга яширадиган нарса йўқ. Ким дунёда тақво либосини кийса, Охиратда унинг айблари ёпилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Тақво либоси, ана ўша яхшидир» (Аъроф сураси, 26- оят) деб хабар берди. Ўша Кунда халойиқ олдида банданинг шарманда бўлмай, гуноҳлари яширилишига энг катта сабаблардан бири – мусулмон биродарининг айбларини яширишдир. Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дунёда бир банда бошқа бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбини яширади».

   Телефонингизга келган «фалончи»нинг ундоқ қилгани, «писмадончи»нинг бундоқ қилгани ҳақидаги сурат ёки видеолавҳаларни дарров ўчиринг, асло тарқатманг! Бир мусулмоннинг айби очилиб халойиқ кўз ўнгида шарманда бўлишига на қўлингиз, на тилингиз ва на қалбингиз билан сабаб бўлиб қолманг. Тарқатиб қўйиб ёки тарқалишига сабаб бўлиб гуноҳкор бўлиб қолманг. Зеро, тавба эшиклари очиқдир, балки Аллоҳ таоло унинг гуноҳини аллақачон кечириб юборгандир, сиз билмассиз. Мусулмон одамнинг шарманда бўлиши сизни асло хурсанд қилмасин. Мусулмон кишининг бирор айб ёки гуноҳ қилганини кўрдингизми авваламбор сизни шу гуноҳдан сақлаган Аллоҳга ҳамд айтинг ва ўзингиз ҳам
шу ҳолатга тушиб қолишингиздан қўрқиб Парвардигордан паноҳ-офият сўранг. Асосийси, кўрган нарсангизни бошқалардан яширинг, биродарингизни обрўсини сақланг, Аллоҳ қиёмат кунида сизнинг бошқалар билмаган айбларингизни яшириб, шарманда бўлишингиздан сақлайди.
   Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади».

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг