Мақолалар

ИСЛОМ БАРЧАМИЗНИКИ ЭМАСМИДИ?

Биз битта калима ‒ «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан бу динни танладик. Битта жаннатни орзу қилмоқдамиз. Бир хил ибодатни адо этмоқдамиз. Қибламиз, амалимиз бир хил. Умид қилган нарсаларимиз, тасаллиларимиз бир хил. Бир хил нарса учун қувониб, ғам чексак ҳам бир хил нарса учун ғам чекмоқдамиз.

Дин учун хизмат қилишга келганда нима учун баъзи инсонларнинг номи дин кишиси бўлиб қолди? Дин – Ислом барчамизники эмасмиди?! Дин ҳам, унинг юки ҳам бизники. Африкадаги бир инсоннинг миссионерлар қўлидаги ширин кулча ёки моддий таъминлаши эвазига Исломдан чиқиб, христианликни қабул қилиши бизни нақадар ташвишга солса, бу диннинг юки бизники эканини эътироф этишимиз ҳам шундай бўлиши керак.

Бугун Исломни қабул қилган бир германиялик ҳақидаги хабар бизни қувонтираётган бўлса, бу диннинг ютуғига ҳам ҳар биримиз мана шундай масъулмиз демакдир. Каъбаси бизники эканлигига кўра, дарду-ғамлари ҳам бизники.

Имомларимиз динга давъат қилишса-да, Исломнинг ташвиш барчамизники. Намоз ўқийдиган масжидларимизнинг тозалиги, назорати ҳар бир намозхоннинг вазифаси. Азон ҳамманики, муаззин эса унга масъул; лекин биз ҳам азон айтамиз. Барчамиз «Аллоҳ буюкдир» дейишдан-да шарафли ишларни қилишимиз керак.

Майли, фарзандимизга Қуръонни имом ё устоз ўргатсин. Аммо уларнинг ҳақиқий устози, мураббийи бўлишга, уларни мўмин қилиб вояга етказишда ҳар биримиз жавобгармиз. Барчамиз чўпонмиз, қўл остимиздагиларга масъулмиз. Барчамиз устозмиз, барчамиз имом, барчамиз муаззин, барчамиз мураббиймиз. Бунинг учун диплом, ваколат шарт эмас. Билмаган нарсамизга аралашмай, билганларимизни ўргатиб, ҳаётга татбиқ қилак, шунинг ўзи кифоя.

Таҳоратни биламиз-ку, шуни ўргатайлик. Ароқнинг ҳаром эканидан хабаримиз бор, буни ҳам айтиб қўяйлик. Бировга ноҳақ озор беришнинг ҳаромлигини биламиз-ку, ундан ҳам қайтарайлик. Мўмин кишига ёрдам бериш иймоннинг тақозоси эканини биламиз-ку, буни ҳам қилайлик.

Бу вазифалар учун устоз бўлиш, ҳукуматдан ваколат кутиш шартми? Динни ёйиш учун мусулмон киши мусулмон бўлаётганида берган сўзлари билан ваколатли бўлган эмасмиди?! Жамиятнинг турли маънавий иллатлардан тозаланиши, келажак авлоднинг ислоҳ бўлиши, уларнинг маънавий комил, руҳий гўзал тарбия топиши, илмий камолотга эришиши йўлидаги саъй-ҳаракатнинг ўзи жиҳод эмасми?

(давомли)

Олимжон МАЗАМОВ

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг