Мақолалар

АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ

Юртимизда ҳар йили 9 майни “Хотира ва қадрлаш куни” деб белгилангани халқимизнинг қадрини кўтарди. Юртимиз мустақиллиги учун, даҳшатли қирғин-баротларда ўз жонларини фидо этганларнинг авлодлари, қариндош-уруғлари юрагидаги аламли дардларига гўё малҳам ва қалблар таскини бўлди. Улар ўзларининг аждодларини хотиралар эканлар, беихтиёр Аллоҳ таолонинг қўйидаги ояти каримасини ёдга оладилар ва уларнинг руҳи покларига дуолар қиладилар:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

(سورة الحشر/10)

яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.

Яқинда Юртбошимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари  мукофотлаш тўғрисида”ги эълон қилган Фармони уруш фахрийларининг кўнглини кўтарган бўлса, бугунги дориломон кунларнинг, тинчликнинг нақадар муқаддас неъмат эканлигини яна бир бор ёдимизга солади.

Маълумки, “Хотира ва қадрлаш куни” сўзининг моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, унда имонли халқимизга хос бўлган қадриятларининг теран мазмунини англаймиз. Зеро, ҳар бир оила ўзининг тарихи мобайнида яшаб ўтган марҳумларини хотиралаши, уларнинг номларини, яхши амалларини ёдга олиши ва уларнинг руҳларини шод этиши инсоний бурч сифатида лозим ишлардандир.

Чуқурроқ мулоҳаза қилсак, Хотира ва қадрлаш кунининг моҳияти теран, қамрови кенг. Биз буюк бобоколонларимиз ва яна кўплаб алломаларимизни ҳам хотиралаймиз. Уларнинг халқ, жамият ва дин тараққиётига ва фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаларини амалий суратда ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этишга ҳаракат қиламиз.

Шу маънода кўҳна ва навқирон пойтахт Тошкент шаҳрида, барча вилоятлар марказларида, шаҳарлар ва туманларда хотира майдонларининг бунёд этилгани айни ўринли бўлди. Пойтахтимиздаги хотира майдони ҳамиша зиёратчилар билан гавжум.

Дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш ва хотирлаш инсониятга хос азалий анъаналардан саналади. Мазкур анъаналарнинг маънавий ва диний жиҳатлари бисёр. Ихлосманд халқимиз ўзининг бой маданияти, ажойиб урф одатлари, миллий ва диний қадриятларига ҳамоҳанг бўлган маросимлари, анъаналарига эга. Жумладан, ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг эзгу ишларини хотирлаш халқимизнинг улуғ фазилатларидан ҳисобланади.

Ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш хайрлидир. Қуръони каримнинг қарийб учдан бир қисми аввалги ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг ҳаётларини баён қилувчи оятлардан иборатдир. Бу – жамият келажагини бунёд қилишда тарихнинг муҳим аҳамият касб этишига далилдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَلَقَدْ أَنْزَلْنَا إِلَيْكُمْ آَيَاتٍ مُبَيِّنَاتٍ وَمَثَلًا مِنَ الَّذِينَ خَلَوْا مِنْ قَبْلِكُمْ وَمَوْعِظَةً لِلْمُتَّقِينَ

(سورة نور/34)

яъни:(Эй, мўминлар!) Дарҳақиқат, Биз сизларга (ушбу) баён этувчи оятларни, сизлардан илгари ўтганлар тўғрисидаги мисолларни ва тақводорлар учун насиҳатни нозил қилдик”.

Бу фоний дунёдан ўтган инсондан унинг ўчмас хотираси, эзгу ишлари қолади. Шундай экан, марҳумларнинг ҳаётлик даврида қилган яхши амалларини эслаш, тирикларни эса қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Пайғамбар (сав):

» أُذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَ كُفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ » (الجامع الكبير للسيوطى)

яъни: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” – деб марҳамат қилганлар. Қолаверса аждодларимизнинг эзгу ишлари ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанимиз, халқимизга садоқат, фидойилик ва ҳурмат руҳида тарбиялашга катта хизмат қилади.

Дунёдан ўтган марҳум ва марҳумаларимизни эслаб-хотирлашимиз ва уларнинг руҳларини шод этиш учун ҳақларига дуои хайрлар қилиб туришимиз лозимлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган. Аллоҳ таоло муқаддас Каломида Иброҳим (а.с)нинг дуоларини қуйидагича баён этади:

رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ  (سورة إبراهيم/41)

яъни: “Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!”

Оятда мусулмонлар учун бу дунёдан ўтиб кетган ота-онаси, олдинги яшаб ўтган аждодлари ҳамда мўминларни яхшилик билан эслаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилишга далолат бордир.

Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (сав) шундай дейдилар:

» اِذَا مَاتَ الاِنْسَانُ اِنْقَطَعَ عَمَلُهُ اِلاَّ مِنْ ثَلاَثَةٍ : صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ اَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ اَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ» (رواه مسلم)

яъни: “Агар, бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёки ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”.

Бизнинг қилаётган барча амалларимиз, марҳумлар ҳақдаги гапларимиз ва дуоларимиз доимо уларга кўрсатилиб турилади. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилинади:

وَقُلِ اعْمَلُوا فَسَيَرَى اللَّهُ عَمَلَكُمْ وَرَسُولُهُ وَالْمُؤْمِنُونَ وَسَتُرَدُّونَ إِلَى عَالِمِ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ فَيُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ  (سورة التوبة/105)

яъни: “Айтинг: «Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”.

Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.) ривоят қилган ҳадисда Расули акрам (сав) шундай дейдилар:

» اِنَّ اَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى اَقْرِبَائِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ فِى قُبُورِهِمْ فَاِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِه ِ» (رواه ابو داود)

яъни: “Албатта, амалларингиз (вафот қилиб кетган) яқин кишиларингиз ва қариндошларнигизга қабрларида кўрсатилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар бундан шодланадилар …”.

Тарихда яшаб ўтган аждодларимизни ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш билан бирга тез-тез уларнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш ҳам манфаатли ва яхши амаллардандир. Бу тўғрида Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (сав):

» فَزُورُوا الْقُبُورَ فَاِنَّهَا تُذَكِّرُ الْمَوْتَ » (رواه مسلم)

яъни: “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки, у ўлимни (охиратни) эслатади” деганлар.

Қабристонларни зиёрат қилиб туришдан асосий мақсад ҳам ўтганларни хотирлаб, ҳақларига дуо қилиш, ўлим ва охиратни эслаш, ибрат кўзини равшанлаштириш, қабристондаги тозалик ва озодалик ишларига ҳисса қўшиш каби эзгу ниятлар билан уйғунлашган бўлиши лозим.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига биноан киши чин ихлос ва иймон-эътиқод билан қилган солиҳ амалларининг савобини вафот этганларнинг руҳига ҳадя қилиши жоиз. Бу  билан иншоаллоҳ, марҳумларнинг руҳлари шод бўлади. Зеро, тирикларнинг марҳумларга қиладиган яхшиликлари мана шулардан иборатдир. Ривоят қилинишича бир йигит Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, онасининг вафот этганини айтади ва: Нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан? — деб сўрайди. Шунда Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам: “Қудуқ қазиб сув чиқар!”, — дейдилар. Шундан сўнг йигит қудуқ кавлаб сув чиқарди ва: “Бунинг савобини онамга ҳадя қилдим” — дейди (Имом Ҳоким ривояти).

Динимизда вафот этганларнинг руҳларини шод этишга тарғиб қилинишидан мақсад бир томондан марҳумларни йўқлаб, уларга манфаат етказиш учун бўлса, иккинчи томондан тириклар учун тарбиявий аҳамиятга эга эканлигидир. Зеро, ўтганлар руҳини шод қилишлик нафақат уларга солиҳ амалларнинг савобини ҳадя қилиш билан балки, шариат қайтарган ишлардан тийилиб, солиҳ амалларда бардавом бўлиш билан ҳам ҳосил бўлади

Аллоҳ таоло барчаларимиздан ўтмишда ўтганларни Ўз раҳматига олиб, қолганларни аждодларимизга муносиб авлод бўлиб яшашимизга муяссар айласин.

 

Тошкент шаҳар “Ислом ота”

жоме масжиди имом-хатиби

 Жасур РАУПОВ

Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP Facebook Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг