Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Замонамизнинг мужтаҳид олимларидан бири Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ 1943 (ҳижрий 1326) йил Ҳиндистоннинг Саҳаронпур шаҳридаги Девбанд қишлоғида дунёга келди. Машҳур нақлга кўра, бу оиланинг насаби учинчи халифа Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга бориб етади.
Муҳаммад Тақий Усмоний дастлабки илмларини ота-онасидан олган.
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг юксак илм чўққиларини эгаллашида отаси Муҳаммад Шафи раҳимаҳуллоҳнинг улкан ҳиссаси бор.
Муҳаммад Тақий Усмоний таълимни саккиз ёшида отаси Муҳаммад Шафи Карачида қурдирган “Дорул улум” мадрасасида бошлади. Бу ерда тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, фароиз каби классик Ислом илмларини яна араб тили ва адабиётини ўқиди. Ўн олти ёшида ушбу таълим даргоҳини имтиёзли шаҳодат билан тамомлаган биринчи битирувчилардан бўлди.
Муҳаммад Тақий Усмоний 1964 йилда Карачи университетининг “Ҳуқуқ, иқтисод, сиёсат”, 1967 йилда шу олийгоҳнинг “Ҳуқуқ”, 1970 йилда Панжоб университетининг “Араб адабиёти” бўйича олий дипломини қўлга киритди.
Тақий Усмоний Ислом иқтисоди бўйича дунёнинг энг етук мутахассиси саналади. Исломий банк соҳасига доир бир қанча ташкилотлар аъзосидир. Хусусан, Покистон Ислом иқтисодиёти раиси, Жидда шаҳридаги Саудия-Америка Банкининг шаръий ҳайъати раиси, Нью-Йорк Ислом Кенгашининг шаръий қўмитаси раиси, Баҳрайн City банкининг шаръий қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган.
Бундан ташқари, “Swiss Re Takaful” (Швецария), “Dow Jones Index” (Нью-Йорк), “Commission for Islamisation of Economy of Pakistan”, “Centre for Islamic Economics” (Покистон), “HSBC Amanah Finance Dubai” каби ташкилотлар аъзоси ҳисобланади.
Ҳозирда Тақий Усмоний “Дорул улум” университети ректори ўринбосари, шунингдек, Ислом олами бирлиги ташкилоти қошидаги Ислом фиқҳи академияси, Европа фатво ва тадқиқот Қўмитаси ва бошқа кўплаб ташкилотларнинг раиси ва аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Тақий Усмоний таълиф этган китоблар қуйидагилардан иборат: Акаси қаламига мансуб тафсир “Маъорифул Қуръон”га муқаддима; “Улумул Қуръон”; “Маъорифул Қуръон”ни инглизчага таржимаси; “Такмилату фатҳил мулҳим” (6 жилд); “Дарсут Термизий” (Термизий номли университетда ўтган маърузалари йиғиндиси бўлиб, жияни Рашид Ашраф тўплаган); “Буҳус фий қазоё фиқҳийя муъосира” (Унда олди-сотдининг барча тури жамлаган); “Сўйиш ҳукмлари”; “Ақл ва шариат чегарасида наслни чеклаш”; “Эътикоф аҳкомлари”; “Ислом ва замонавий иқтисод”; “Оилавий муаммоларимиз”; “Намозингизни суннатга мувофиқ ўқинг!”; “Фатво усуллари”; “Шариат мезонидаги тақлид”; “Ҳозирги асрдаги ижтиҳод дастури”; “Насронийлик нима?”; “Муқаддас китоб нима?”; “Қадим аҳддан Қуръонга”; “Қаророт ал-Қазоийя”; “Ер мулкчилиги ва унинг чегараси”; “Таълимдаги низомимиз”; “Низом дастури қандай ўрганилади”; “Ҳозирги замонамизда шариат қандай татбиқ қилинади?”; “Шариатни татбиқ қилиш ва унинг масалалари”; “Ислом ва инсон ҳуқуқлари”; “Тарих воқеълигидаги Муовия разияллоҳу анҳу”; “Отам ва устозим ва у зотнинг завқлари”; “Ўтганларни излари”; “Ким Девбанд шайхи бўлса”; “Ислоҳ ваъзлари” ва ҳ.к.
Тақий Усмоний ҳақида шогирди Луқмони Ҳаким “Қози, фақиҳ, даъватчи ва тадқиқотчи Тақий Усмоний” деб номланган китоб ёзган. Дамашқдаги “Дорул қалам” нашриётида чоп этилган ушбу китоб 144 саҳифадан иборат бўлиб, унда барча шогирдлари, устозлари, китоблари хусусида маълумотлар келтирилган.
Муҳаммад Тақий Усмоний 2017 йилдан бери “Дунёнинг энг таниқли 500 мусулмони” рўйхатида муносиб ўрин эгаллаб келади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати