100 ТА ОИЛАГА ТАШРИФ ВА МАСЖИДЛАРДАГИ ГЎЗАЛ СУҲБАТЛАР
Жойларда юзга яқин хонадонларга кириб, кишилар дарду ташвишига қулоқ тутиш, уларга имкон қадар кўмаклашиш, оз бўлсада кўнгилларига шодлик улашиш – Ватани, халқи, маҳалладошларини севган инсоннинг бурчидир десак, муболаға бўлмайди.
Шу йил 4 октябрь куни Китоб туманининг марказида жойлашган “Хожа Бухорий” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакили Раҳматилло домла Усмонов бошчилигида шаҳар-туманлар бош имом-хатиблари, масжид имом-хатиблари ва фаол ҳожилар иштирокида юзга яқин хонадон аҳиллари ҳолидан хабар олиб, улардан ҳол-аҳвол сўралди.
Чунончи ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), дейилган.
Шундай экан, ҳар бир ҳожи ўз ҳудудидаги имом-хатиб билан бирга маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолига, айниқса, ёшларга панду насиҳатлар қилишмоқда. Бунинг фарзандларимиз турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, халқимизнинг маънавияти ва маърифати ошиб боришидаги аҳамияти беқиёс.
Тадбир давомида шаҳар-туман бош имом-хатиблари Китоб туманида фаолият юритаётган 17 та жоме масжидда бўлиб, пешин намозидан сўнг намозхонлар билан дилдан суҳбатлар ўтказди. Маърузаларда “Шукуроналик ва тинчлик”, “Ёшларни илму маърифатга йўналтириш” каби долзарб мавзуларда суҳбат қилиб берди.
Мазкур хайрли тадбир давом этади.
Қашқадарё вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати