Ислом тарихиМақолалар

ҲИЖРИЙ-ҚАМАРИЙ ОЙЛАРНИНГ ТАРИХИ ВА ТАРТИБИ

#Ислом_тарихи

Ҳижрий-қамарий ойлар ўн иккита. Улар қуйидаги номлар билан юритилади:

1. Муҳаррам;
2. Сафар;
3. Рабиул аввал;
4. Рабиус соний (ёки Рабиъул охир);
5. Жумодул аввал;
6. Жумодус соний (ёки Жумодул охира);
7. Ражаб;
8. Шаъбон;
9. Рамазон;
10. Шаввол;
11. Зулқаъда;
12. Зулҳижжа.

Исломда Рамазон ойи, ҳаж мавсуми каби ибодатларни вақтини белгилашда ҳижрий-қамарий тақвим (календар)дан фойдаланилади. Бу тақвим ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Ҳилол (янги ой) кўринса, эртаси кундузи ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли бир ҳижрий-қамарий йил 354 кун бўлиб, мелодий йилдан 11 кун кам бўлади. Ҳижрий-қамарий тақвимнинг биринчи куни Муҳаррам ойининг биринчи кунидан бошланади.

Ҳижий-қамарий тақвимдан фойдаланишга иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу даврида, яъни 16 ҳижрий йилнинг Рабеъул аввал ойида қарор қилинди ва келадиган 1-Муҳаррам 17 ҳижрий йилнинг боши деб ҳисобланди. Ҳижрий-қамарий йилнинг бошланишига Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган йиллари асос қилиб олинди. Бу мелодий 622 йилга тўғри келади. “Ҳижрий”, деган сўз “ҳижрат (кўчиш)га тегишли”, “қамарий” эса “ойга тегишли” деган маънони билдиради.

Қамарий тақвимдан Ислом келишидан аввал ҳам араб қабилалари фойдаланишган. Лекин ойларнинг исмлари ҳар хил бўлган. Мана шу турли хиллик улар учун муҳим тижорат ва ибодат мавсуми бўлган ҳаж вақтини белгилашда мушкиллик туғдирган. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг бешинчи боболари Килоб ибн Мурра ҳаётлигида қабила бошлиқлари мажлис қилишиб, ой номларини бир хил қилишга келишадилар. Ой номларини эса воқеъликдан келиб чиқиб қўйишади:
1. Муҳаррам (луғатда “ҳаром қилинган”) – жоҳилият даврида ва Исломнинг аввалида уруш ҳаром қилинган 4 ойдан бири.
2. Сафар (луғ. “сарғайиб қолиш”) – араб қабилалари уруш қилиш учун чиқиб кетишарди, ерлари эса сап-сариқ кимсасиз бўлиб қоларди.
3. Рабиул аввал (луғ. “аввалги баҳор”) – бу ойнинг номланиши баҳорга тўғри келган.
4. Рабиус соний (луғ. “иккинчи баҳор”) – маъносида. Бунинг номи аввалгисига эргаштириб қўйилган.
5. Жумодул аввал (луғ. “аввалги музлаш”) – Бу ойнинг номланиши қишга тўғри келгани учун шундай аталган.
6. Жумодус соний (луғ. “иккинчи музлаш”) – юқоридагига эргаштирилиб ном берилган.
7. Ражаб (луғ. “ўқни ёйдан олиш”, “тўхтаб туриш” маъносида) – бу ой ҳам уруш ҳаром қилинган ойлардан бири эди.
8. Шаъбон (луғ. “икки тоғни бўлиб турувчи дара”, “тарқалиш”) – Ражаб ва Рамазонни бўлиб тургани учун шундай аталган ёки қабилалар Ражаб ойида урушдан тўхтаб қолгандан кейин яна тарқаб кетишар эди.
9. Рамазон (луғ. “қаттиқ қизиш”) – бу ойнинг номланиши йилнинг энг иссиқ пайтларига тўғри келган.
10. Шаввол (луғ. “думнинг кўтарилиши”) – номланиши туялар ориқлаб, сутлари қуриб, думлари кўтарилиб қоладиган вақтга тўғри келган.
11. Зул-қаъда (луғ. “ўтирувчи”) – бу ой уруш ҳаром қилинган ойларнинг биринчиси, одамлар урушдан ўтириб қолгани учун шундай номланган.
12. Зул-ҳижжа (луғ. “ҳаж эгаси”) – қадимдан одамлар мана шу ойда ҳаж қилиш учун чиқишган. Бу ҳам уруш ҳаром қилинган ойлардан.

Ҳижрий-қамарий йил мелодий йилдан 11 кун камлиги ва ҳар йили 11 кун эрта келганлиги сабабли, ойлар йилнинг турли фаслларида айланиб келади. Табиийки, дастлабки номланишидаги маъноларга тўғри келмаслиги мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг