ҲАЙВОНОТ ОЛАМИГА ШАФҚАТ
Улуғларимиз авваллари ерга қараб юришар экан, нега ерга қараб юрасиз? деб сўрашса, чумолини босиб олмай, деб жавоб беришган экан.
Динимиз меҳр-шафқат дини. Одам тугул ҳайвонларга ҳам мулойим муносабатга чақиради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло ҳайвонот оламини нима учун яратгани, уларга қандай муносабатда бўлиш лозимлигини ўргатиш билан бирга, ҳайвонот оламидан қандай фойдаланиш ҳақида ҳам таълим беради: “Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби умматлар бўлмасалар…”(Анъом, 38). Яъни, сизлар қандай уммат бўлсаларинг, улар ҳам ўзларига хос умматдир. Шундай экан, уларни бекорга ўлдириш, зулм қилиш, қийноққа солиш асло мумкин эмас.
Ҳайвонот олами инсон манфаати учун яратилганини улардан хоҳлаганча фойдаланиш мумкин деб тушунмаслик керак. Динимиз бу борада ҳам адолатли ўлчовларни белгилаб қўйган. Яъни: ҳайвонот оламидан тўғри фойдаланиш; маҳсулотларидан эҳтиёжга кўра манфаат олиш; зарурат бўлганидагина ов қилиш ва ҳоказо. Аммо зинҳор ҳеч бир парранда ёки ҳайвон сабабсиз ўлдирилмайди, ини, уяси бузилмайди, уларга озор берилмайди. Ҳадиси шарифда: «Бирон киши чумчуқни сабабсиз ўлдирса, қиёмат куни Аллоҳга: “Эй Парвардигорим, бу киши мени ноҳақ ўлдирди, бундан унга ҳеч қандай фойда йўқ эди”, деб шикоят қилади», дейилган (Имом Насаий ривояти).
Демак, ҳайвонларга белги қўйиш масаласида ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Тамға юзига босилмайди, қулоғининг катта қисми кесиб ташланмайди, думи бекорга кесиб олинмайди. Агар ҳайвон одамларнинг экинига зарар етказса, унинг зарари ҳайвон эгасидан ундирилади.
Ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлиш инсоннинг охиратда ҳам баланд даражаларга эришишига сабаб бўлади. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ ташна бўлди. Йўлида бир қудуқ кўриниб қолди-да, унинг ичига тушиб сувидан ичди. Қудуқдан қайтиб чиққан вақтида бир ит ташналигидан ҳансираб, ҳўл тупроқ ялаётганини кўрди. Бу бечора ҳам менга ўхшаб чанқабди, деб ўйлади ва қайта қудуққа тушиб, маҳсисига сувдан тўлдириб чиқиб итга ичирди. У кишининг қилган иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳини кечди”, дедилар. Шунда саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ! Ҳайвонларга қилган яхшилигимиз учун ҳам бизларга савоб бўладими?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, ҳар бир жонлида шундай ажр бор”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий).
Аксинча, ким ҳайвонларга жабр-зулм ўтказса, азоб берса, бундай одамни охиратда қаттиқ жазо ва уқубат кутади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир хотин урғочи мушукни очликда сақлаб ўлдиргани учун дўзахга тушди. Худо билсин, бу мушукни қамаб қўйганингда на таом ва на сув бермадинг ёки ердаги ҳашаротлардан тутиб емоғи учун ўз ҳолига қўймадинг, деб азобланса керак”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳайвонларга улардан кўриладиган манфаатдангина келиб чиқиб меҳр-шафқатли бўлинмайди. Инсон бутун борлиққа шафқат билан муносабатда бўлишга буюрилгандир. Табиатга яхши муносабатда бўлиш билан динимиз қоидаларига, одамийлик талабларига риоя қилган бўламиз. Барча савобли амаллар қаторида, бу ишимиз учун ажру савобларга эришамиз, иншааллоҳ.
Биз тирик табиатнинг барча турфа хиллигини сақлаб қолишга интилган ҳолда уларга жуда мулойимлик ва раҳм-шафқат билан муносабатда бўлишимиз лозим. Биз бу оламни шунчаки ов ёки спорт учун суиистеъмол қилмаслигиммиз керак. Пайғамбар (с.а.в.) айтадиларки: “Кимки ҳайвонларга яхши ва меҳрибон бўлса, унга Аллоҳ меҳрибон ва марҳаматли бўлади”.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ислом дини қушларга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга буюради. Биз қушларни тўйдиришга, уларни ҳимоя қилишга ва эсон-омон бўлишига ҳаракат қилишимиз зарур. Пайғамбар (с.а.в.) сафарларидан бирида унинг саҳобаларидан бири каптар жўжаларидан бирини инидан суғуриб олди. Унинг онаси унинг боши устида уча бошлади. Пайғамбар (с.а.в.) ўз ҳамроҳларидан мазкур кишининг исмини сўради. Кейин эса, она каптарга меҳрибонлик ва раҳм-шафқат кўрсатиб, жўжани эҳтиётлик билан инига қайтарди.
Пайғамбар (с.а.в.)нинг бошқа бир ҳадисида шундай дейилади: “Қиёмат куни қуш Аллоҳдан уни эрмак учун ўлдирган кишига адолатли жазо беришини сўраб, дейди: “Эй Аллоҳим! бу одам мени ҳеч қандай эҳтиёжсиз ва бошқа манфаатсиз ўлдирди. Унга адолат юзасидан муомала қил” дейди.
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани
“Ислом ота”жоме масжид имом хатиби
Жасур Раупов