ЮРТИМИЗ УЛАМОЛАРИ СИЙМОСИ-1
Ушбу кўҳна заминдан юзлаб алломалар, аҳли дониш мутафаккирлар етишиб чиқган, уларнинг исми-шарифлари тарихий манбалардан маълум.
Дунё илм фанига буюк ҳисса қўшган алломаларимиз номларини тиклаш, меросларини ўрганиш соҳасида ҳам улкан ишлар қилинди.
Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди деганларидек, собиқ тузум даврида оммавий саводсиз деб топилган халқ аслида дунёда фан ва маданият соҳасини ривожлантиргани, ҳозирги кунда юксак технология ва асбоб ускуналар билан эришилган кўп кашфиётларни бу юрт ўғлонлари бундан минг йиллар аввал кашф этиб қўйганлари тан олинди.
Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Бурҳониддин ал-Марғиноний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд каби исломий илмлар ривожига салмоқли ҳисса қўшган беназир алломалар номини тиклаш, уларнинг умумбашарий аҳамиятга молик илмий-фалсафий меросини ўрганишни йўлга қўйиш орқали асл маънавий қиёфамизнинг “эгилган” қадди ростланди.”
Маълумки, халқимиз азалдан ислом дини ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келади. Бу ҳақиқатни жаҳон жамоатчилиги, бутун мусулмон дунёси яхши билади ва тан олади.
Улуғ боболаримизнинг номларини тиклаш, фақат у зотлар абадий қўним топган жойларини обод қилиш билан чекланиб қолмади. Уларнинг ислом олами, балки бутун дунё илм-фан аҳлини лол қолдирган илмий меросларига ҳам эътибор қаратилиб, пешма пеш нашрдан чиқа бошлади.
Ҳадис илми бўйича Имом ал-Бухорийнинг ислом оламида қуръондан кейинги энг ишончли манбаа “Ал-Жомеъ-ас-Саҳиҳ” асарлари ва “Адаб ал-муфрад” асарлари, “Сиҳоҳ ас-Ситта” (олти ишончли) ҳадис китоблардан бири Имом ат- Термизийнинг “Сунан ат-Термизий”, “Шамоил ан-Набавия” асарлари,.Фиқҳ илми йўналишида “Дин ва миллатнинг ҳужжати” номини олган Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг ислом фиқҳи соҳасига улкан ҳисса қўшган “Ал-Ҳидоя”, Содруш-шаръиййа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Мухтасар ул-Виқоя” асарининг ўзбекча шарҳи Мансурхўжа ўғли Мақсудхўжанинг “Мажмаъул-мақсуд шунингдек Абуллайс ас-Самарқандийнинг “Танбиҳ ул-Ғофилийн” асарлари, Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “Атвоқуз-Заҳаб” асари ва Шайх Абдуссалом ал-Муборакфурийнинг ҳадис илмининг султони буюк ватандошимиз Имом ал- Бухорий ҳазратлари ҳақида ёзган “Имом ал Бухорий” асарлари нашрдан чиқарилди. Халқимиз Қуръони карим, пайғамбаримиз (сав) ҳадислари, ислом фиқҳи асослари, шонли тарихимиз ва одоб ахлоқ борасида ёзилган мумтоз адабиёт билан бевосита ўз тилимизда танишиш имкониятига эга бўлди.
Ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланган ҳижрий учинчи (мелодий тўққизинчи) асрда бу борада мислсиз натижаларга эришилган. Чунончи, мусулмон оламида энг нуфузли манбалар деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўплами (Ас-сиҳоҳ ас-ситта) муаллифлари ҳам мана шу асрда яшаб ижод қилганлар. Яна шуниси диққатга сазоворки ушбу олтита муҳаддиснинг деярли барчаси Маркази Осиё халқлари вакиллари эдилар. Улар – Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194/810-256/870), Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож (206/819-261/874), Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209/824-279-892), Имом Абу Довуд Сулаймон Сижистоний (202/817-275-888), Имом Аҳмад ан-Насоий (215/830-303-915), Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Можа (209/824-273/886) каби сиймолардир. Ушбу муҳаддисларнинг ҳар бири ҳам ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар бўлиб уларнинг муборак номлари абадийдир.
Аммо бу зотлар ичида “Ҳадис илмида амирул мўминийн”(мўминларнинг амири), “Имомуд дунё” (Дунё имоми), “Имомул муҳаддисийн” (барча муҳаддисларнинг имоми) каби шарафли номлар билан сифатланган Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳадис илмида алоҳида мақомга эга бўлганлар.
Буюк бобокалонимиз Имом ал-Бухорий тўғрисида Имом ат-Термизий айтадилар: “Мен ул каби бошқа бирор алломани учратмадим. Худо уни пайғамбар умматларининг безаги қилиб яратгандир”.
Абдуллоҳ ибн Ҳаммод ал-Айлий: “Мен Муҳаммад ибн Исмоилнинг баданларида бир тук бўлсайдим”, деб орзу қилурман”,-дедилар.
Ибн Ҳузайма айтадилар: “Осмон гумбази остида Муҳаммад ибн Исмоилдан устунроқ ҳадис олими йўқдур”.
Имом ал-Бухорий биринчи бобни Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони каримдаги бир ояти карима билан номлаган. Бошқа муҳаддисларнинг ҳам одатлари шундай, ҳар бир бобни бошлашдан аввал шу бобга тааллуқли бир оят келтиради. Аллоҳ таоло ушбу оятни “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик”. деган. Демак, биринчи боб ота-онага яхшилик қилиш тўғрисида. Имом ал-Бухорий мусулмон одоби, маданияти, яъни инсонларни бир-бирига бўладиган муомила одоби рўйхатининг биринчи сатрида ота-онага яхшилик қилишликни ва бу қанчалар аҳамиятли олиймақом иш эканини баён қилганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.дан сўрадилар: Аллоҳ учун энг маҳбуб иш қайсидир?. Пайғамбаримиз айтдилар: Вақтида ўқиган намоз. Ундан сўнг қайси амал?. Пайғамбаримиз айтдилар: Ота-онага яхшилик қилиш,-дедилар. Бу ҳадиси шарифда ота-онага яхшилик қилиш, намоз ўқишдан сўнг энг афзал амал ҳисобланмоқда. Мана шундан биламизки, ота-онага хизмат қилиш буюк ишлардан экан. Исломда намоз ўқиш динни устунидир, буни ҳаммамиз биламиз. Ана шу динимиз устуни бўлган намоз ибодатидан кейин энг афзал ишлардан бири ота-онага яхшилик қилиш экан. Ота-она ҳар-бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишидир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъий назар, уларни ҳурмат эҳтиром қилишга буюради. Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам уларга яхшилик қилиш мусулмоннинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлаик вазифаси ҳисобланади
Имом ал-Бухорий ота-она билан муомала, уларга яхшилик қилиш мусулмон инсонинг одам зоти билан бўладиган алоқаси, маданияти рўйхатининг биринчи ўрнига қўйган, ундан сўнг қариндошлар билан бўладиган алоқани қўйган ва шу ҳақиқатни ҳисобга олган. Албатта инсон ўз туғишганлари билан одоб ва маданият асосида муомала қила олмаган кишининг бошқалар биланг одобли муомала қилиш ҳаёлга сиғмайдиган ҳолатдир. Ҳадисда келтирилади: Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади; Бобом: “Эй Расулуллоҳ (с.а.в.), кимга яхшилик қилай?”,- деди. Онанга, отанга, опа-сингилларинга, ака-укаларинга ва улардан кейин келадиган яқинларинга вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир”,-дедилар.
Демак ота-онага, ака-укага, опа-сингилга ва бошқа қариндошларга силаи раҳм қилиш, яхшилик қилиш, муҳтож бўлса ёрдам буриш ҳар бир мусулмон учун вожиб амал ҳисобланади.
Буюк аждодларимизнинг деярли барчаси ҳадис илмини ўрганиш билан унинг тарғиботи билан мунтазам шуғулланиб келганлар. Жумладан, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Маҳмуд аз-Замахшарий, Юсуф Хос Ҳожиб Маҳмуд Қошғарий, Амир Темур, Хожа Аҳрор Вали, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби дона аждодларимиз ўз даврининг ҳадисшунослари бўлганлар. Шулардан буюк бобомиз Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ўз асри ва Ватанининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида кўзга кўринган тарихий сиймоси эди. Бошланғич ва ҳадис илмини у асосан Бухорада олди, зеро бунинг учун муҳит мавжуд эди.
Имом ал-Бухорий фақат машҳур муҳаддис эмас, балки қомусий олим эди. Ундан “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”, “ал-Адаб ал-Муфрад”, “ат-Тарих ас-сағир”, “ат-Тарих ал-Кабир”, “ал-Муснад ал-Кабир” ва “ат-Тафсир ал-Кабир” каби 20 дан ортиқ асарлар қолган. Албатта Имом Бухорийни дунёга танитган асар “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”дир. Ҳадис илмининг олтин даври ҳисобланган IX асрда мусулмон дунёсида 1000 дан ортиқ муҳаддис ижод қилган. Имом ал-Бухорий жаҳон фанида кўзга кўринган алломадир.
Имом Бурҳониддин Абул-Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ибн Аби Бакр ал-Фарғоний ал-Марғиноний.
Марғинонийнинг оиласи илм маърифатли оилалардан бўлиб, у энг аввал ўз отасидан таълим олади ундан кейин ўз даврининг машҳур алломалари, фақиҳ ва мужтаҳид даражасидаги олимларидан дарс олиб, ўзининг зуҳди, тақвоси ва юксак истеъдоди туфайли Ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳ ва мужтаҳид даражасига кўтарилиб, шайхул-ислом деган улуғ мартабага сазовар бўлади.
Имом даражасига эришган буюк мужтаҳид, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, исломий илмларни ўзида жам қилган, барча илм ва фанларнинг олими, ҳар бир масалани бутун нозикликлари билан эгаллаган ўткир назарли, аъло даражадаги зоҳид, тақвадор, адиб ва шоир бўлган.
Имом Бурҳониддин Абул-Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Фарғоний ал-Марғиноний 1117 йил Марғилон шаҳрининг Риштон туманида туғилган. Бу ҳижрий йил ҳисоби билан 511 йил Ражаб ойининг саккизинчиси яъни душанба куни аср намозидан кейинги вақтга мувофиқ келади, деб ёзишади тарихчилар.
Буюк аллома умрининг охирларида Самарқандда яшаб, ижод этиб, 1197 милодий йили (593 ҳ.) зулҳижжа ойининг ўн тўртинчи куни сешанба оқшомида вафот этган. Буюк фақиҳ «Радд-ул-мухтор» асарида келтирилишича, Самарқанддаги 400 га яқин Муҳаммад исмли фақиҳлар дафн этилган «Турбатул-Муҳаммадиййийн», яъни Муҳаммадийлар қабристонига дафн этилган. Бу қабристон тарихда “Чокардиза” номи билан машҳурдир.
Бурҳониддин Марғиноний зиёли оилада туғилган, унинг отаси ҳам ўз даври олимларидан бўлган. Бурҳониддин Марғиноний дастлаб илмни ўз отасидан ўрганган. Кейин машҳур устозлари Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий “ал-Ақоидун-Насафий” асари муаллифи, Шайх Имом Баҳоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Исмоил Исфижоний, Имом ас-Садруш аш-Шаҳид Ҳисомиддин Умар ибн Абдулазиз, Тожиддин Аҳмад ибн Абдулазиз, Имом Қувомиддин Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий “Хулосат-ул-баён” асари муаллифининг отаси, Зиёуддин Муҳаммад ибн Ҳусайн Бандижий бу киши Алоуддин Самарқандийнинг шогирди бўлган ва бошқа кўплаб фақиҳлар ундан илм ўрганганлар.
Бурҳониддин Марғиноний ҳадис илмини аввал Зиёуддин Абу Муҳаммад Саъид ибн Асъад ал-Марғинонийдан ўрганган.
Бурҳонуддин Марғинонийнинг юзга яқин асарлар ёзганлиги манбаларда қайд қилинган. Аллома асарлари устидан олиб борилган тадқиқотлар орқали уларнинг қўйидагилари борлиги аниқланган:
- «Нашрул-мазҳаб». 2. «Китобу маносукил-ҳаж» 3. «Китоб фил-фароиз». 4. «Ат-тажнийсу вал-мазийд». 5. «Мухтаротун-навозил». 6. «Мазийдун фи фуруъил-ҳанафия». 7. «Бидоятул-мубтадий». 8. «Кифоятул-мунтаҳий» 9. Бурҳониддин Марғинонийнинг шоҳ асари «Ҳидоя». 10. Имом аш-Шайбонийнинг муҳим асари бўлмиш «ал-Жомиул-кабийр»нинг шарҳи.
Муаллиф «Бидоятул-мубтадий»ни Абулҳасан ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурийнинг «Ал-Мухтасар» (илм аҳли орасида «Ал-Қударий» деб шуҳрат қозонган) китоби ва Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг «ал-Жомиус-сағийр» асарига асосланиб, бир қисқартирилган фиқҳ китоби сифатида ёзиб, ундаги масалаларни тартибга солишда табаррук бўлсин деб, аш-Шайбоний услубидан фойдаланган. У «Бидоятул-мубтадий» муқаддимасида бундай деб ёзган эди: «Ёшлик чоғларимда фиқҳ илмининг барча турларини ўз ичига қамраб олган ҳажми кичик, режаси кенг бир китоб бўлса, деб ўйлаб юрардим. Иттифоқан йўлларни босиб ўтиш (сафар) жараёнида, Ал-Қудурий қаламига мансуб «Ал-мухтасар»ни энг гўзал, мўжаз (қисқа) ажойиб китоб, деб топдим. Муаллиф «Бидоятул-мубтадий» муқаддима-сида уни шарҳлаш ниятида эканлигини амалга ошириш мақсадида, асарнинг ниҳоят қисқалигини назарда тутган ҳолда, унинг устидан катта шарҳ ёзиб, уни «Кифоятул-мунтаҳий» (Якунловчиларни қониқтирувчи китоб) деб атади. Кунавийнинг “Мифтоҳ ус-саъода” асарида келтирилишича бу шарҳ етмиш жилддан иборат, ҳеч назири йўқ шарҳдир деб эътироф этилгандир.
Жасур РАУПОВ
“Ислом ота” жомеъ масжиди имом-хатиби