Мақолалар

ЮРТИМИЗ УЛАМОЛАРИ СИЙРАТИ-2

Улуғ адждодларимизнинг ислом олами, балки бутун дунё илм-фан аҳлини лол қолдирган илмий меросларига ҳам эътибор қаратилиб, пешма пеш нашрдан чиқа бошлади. Қуйидаги мақоламизда Қуръонга хизмат қилиб ўтган аждодларимиз, алломаларимиз ҳақида сўз юритамиз:

“Аз-Замаҳшарий 467-ҳижрий сана ражаб ойининг йигирма еттинчисида –чоршанба куни (милодий ҳисобда 1075 йилнинг 19 мартига тўғри келади) Хоразмнинг катта қишлоқларидан бири Замаҳшарда таваллуд топган.  Шу сабабли Замаҳшарий аталган.”

     Замаҳшарий дастлабки таълимни замонасининг билимли кишиларидан бўлмиш отасидан олади. Кейин отаси илмга чанқоқ ўғлини Хоразмдаги  мадрасалардан бирига беради. Мадрасани тугаллагандан кейин билимини ошириш учун Бухоро шаҳрига йўл олади. Йўлда бахтсиз ҳодиса рўй бериб, оёғидан яраланади. Оёғидаги жароҳати тузалавермагандан кейин оёғини кестиришга мажбур бўлади. Замаҳшарий Бухородаги мадрасани тугатгач, Хоразмшоҳлар саройида хизмат қилади, котиблик қилади. Лекин билими, салоҳиятига яраша эътибор кўрмагач,  узоқларга сафар қилади.

     Олим Хуросон, Исфаҳон, Бағдод шаҳарларида бўлади. У ерларда олимлар билан учрашиб мунозаларда қатнашиш билан бирга ҳукмдорларнинг хайрли ишларига бағишлаб мадҳиялар ёзади. Олимнинг ҳукмдорларга атаб мадҳия ёзишидан мақсади бирор лавозимга эга бўлиш эди. Лекин олим ўз мақсадига эриша олмайди

 “Хоразмга қайтиб келгач, бир неча йилдан сўнг 538 йилнинг арафа кечаси (1143 милодий йил ) Журжонияда (Ҳозирги Кўҳна Урганч) вафот этади.” 

         “Ал-Кашшоф”  Замаҳшарий ижодининг гултожи ҳисобланиб, тўлиқ исми “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ат-танзийл фи вужуҳ ат-таъвил.”

(“Қуръондаги берк ҳақиқатларни ва уни шарҳлаш орқали ривоятлар кўзини очгич”) дир.

        “Ал-Кашшоф”  аз-Замаҳшарийнинг ўзига ҳам ғоят манзур бўлган. Ҳатто у ўз асари ҳақида шундай ёзган эди: “Чиндан ҳам дунёда тафсирлар беҳад кўпдир. Ўлай агар улар орасида “Кашшоф” кабиси бўлса. Агар ҳидоят изласанг “Ал-кашшоф”ни ўқи. Нодонлик  бир касал бўлса, “ал-Кашшоф” унинг шифосидир”.                                                               

Олтинхон тўра номи билан машҳур йирик олим, адиб, таржимон Маҳмуд ибн Саййид Назир ат-Тарозий Қуръони карим маъноларини илк бор турк (эски ўзбек) тилига таржима қилган. У милодий 1894 йили Авлиё ота (Туркистон)да туғилган. Дастлабки таълимни падари бузрукворидан, кейинчалик Носирхон тўра Косонийдан олган. 1932 йили советлар тузуми тазйиқи туфайли мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Афғонистон, Ҳиндистонда, кейин эллик йил мобайнида Макка ва Мадина шаҳарларида яшаган. Масжидул-Ҳаром ва Масжидун-набавийда мударрислик қилган. Унинг қаламига мансуб Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги илк таржима ва тафсири Саудия Арабистони, Покистон ва Ўзбекистонда араб ва кирилл ёзувларида бир неча бор нашр эилган. Имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳийн», Имоми Аъзамнинг «Фиқҳул-акбар», шунингдек «Нурул-басор», «Ақоиди Исломийя» ва бошқа китобларни ўзбек тилига ўгирган. 1992 йилда вафот этган..

           Қуръони карим маъноларининг яна бир таржимони шайх Алоуддин Мансур таниқли ўзбек уламоларидан. У 1952 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида туғилган. Замонасининг атоқли олимларидан таҳсил олиб, илмини камолга етказди. Олим Қуръони карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлашдек улкан вазифани шараф билан адо этди ҳамда унинг таржимаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси ўтказган танловда энг яхши деб топилди. Китоб 1992-1993 йилларда аввал «Шарқ юлдузи» журналида, кейин Ғафур Ғулом ва «Чўлпон» нашриётларида бир миллион нусхада босилди. Шундан кейин у 2000 йилда Қорасув шаҳрида «Қуръони каримни ўрганиш илмий маркази» ташкил этиб, Қуръони карим маъноларини рус тилига (Алишер Аҳмад билан ҳамкорликда) ва қирғиз тилига таржима қилди. Сўнгги йилларда у Қуръони каримнинг имкони борича кенгроқ тафсирини тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.   Шайхнинг Бишкекда босилган «Имом Аъзам буюк имомимиз» каби бошқа асарлари ҳам бор..

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам Қуръони каримни тафсир қилган ва маъноларини ўзбек тилига ўгирган атоқли замондош олимларимиздан. У 1952 йили Андижон вилоятининг Булоқбоши қишлоғида туғилган. Ўрта мактабда ўқиш билан бирга оталари Муҳаммад Юсуф ҳожидан диний таълим олган. Бухородаги Мир Араб мадрасасини, Тошкентдаги Имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадини битирганидан сўнг бирмунча вақт «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида ишлаган. 1980 йили Ливиядаги «Ислом даъвати» олий ўқув юртини имтиёзли тугаллагач, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси халқаро бўлимида, кейинчалик Ислом институти мудири ноиби, 1983 йилдан эса мудири бўлиб ишлади. 1989 йил баҳорида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг тўртинчи қурултойида диний идора раиси, муфтий этиб сайланди. У бу вазифада 1993 йилгача ишлади. Бир неча халқаро Ислом ташкилотлари аъзоси. Унинг олти жилдли «Тафсири Ҳилол», кўп жилдли «Ҳадис ва Ҳаёт», шунингдек «Иймон», «Сунний ақидалар», «Дин – насиҳатдир», «Васатия – ҳаёт йўли», уч жилдли «Руҳий тарбия», уч  жилдли «Мухтасари виқоя» шарҳи «Кифоя», «Зикр аҳлидан сўранг», «Ислом мусаффолиги йўлида» каби китоблари бор. Собиқ СССР Олий Кенгашига депутат бўлган.

 Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига ўгириб, тафсир қилган ўзбек уламоларидан шайх Абдулазиз Мансур(ов) 1944 йилда Фарғона вилоятининг Миндон қишлоғида туғилган. Замонасининг бир неча атоқли уламо ва фузалоларидан илм ўрганган. 1975-1979 йилларда Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтида, 1980-1981 йилларда Судандаги «Умму Дурмон» университетида таҳсил олган. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлар идораси масжидлар ва фатво бўлими мудири, «Мовароуннаҳр» нашриёти директори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада бўлим мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университетида проректор лавозимларида ишлади. 2006 йил августидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари вазифасида ишлаб келяпти. У Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимаси ва тафсири муаллифи бўлиши билан бирга «Ахлоқ-одобга доир ҳадислар», «Мусулмончиликдан илк сабоқлар», «Ҳаж ибодати қоидалари», «Минг бир фатво», «Ислом гиёҳвандликка қарши» каби бир неча асарлар ёзган. Шунингдек, «Минг бир ҳадис», «Унвон ул-баён», «Атвоқ аз-заҳаб» асарларини араб тилидан ўзбекчага ўгирган.

Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржималарини қиёсан ўрганиб чиқилганида улар ўртасида айрим фарқлар борлиги кўзга ташланади. Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига ўгирган Олтинхон тўра, Алоуддин Мансур, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдулазиз Мансур таржималари услуб ва луғавий жиҳатдан анчагина фарқланади. Олтинхон тўра таржимасида инқилобдан олдин муомалада бўлган эски ўзбек тили хусусиятларини сақлашга уринилган бўлса, Алоуддин Мансур таржимаси маъноларни кенгроқ, барча ўринларда батафсил изоҳлар орқали тушунтиришга қаратилгани билан характерланади. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф арабча истилоҳ ва жумлаларни айнан, сўзма-сўз беришга ҳаракат қилади. Абдулазиз Мансур таржимаси эса лўндалиги, фикрларнинг сиқиқлиги билан ажралиб туради.

Жасур РАУПОВ
“Ислом ота” жомеъ масжиди имом-хатиби

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг