Поклик-ислом маданиятининг муҳим белгисидир
Аллоҳ таоло бу дунёни чексиз ҳикматларга тўла ҳолда яратган. Бунда ҳеч бир беҳуда ва бефойда нарса йўқ. Атрофимизда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишларнинг барчаси Аллоҳ таолони танитувчи далиллардир. Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби, атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди.
Исломда мусулмонларнинг покиза, тоза бўлишларига, ҳамиша ҳар жойда пок юриш-туришларига катта эътибор билан қарайди. Чунки Аллоҳ таолонинг амри шундай! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари шундай! Сабаби ислом дини покизалик, гўзаллик устига қурулган. Шариатимизда покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, дуоси ижобат бўлади, деб ҳисобланади.
Поклик-муминнинг кўзгуси. Ислом мусулмонларнинг тоза, пок бўлишларини таъминлашда турмушнинг энг майда – чуйда (икир-чикр) жихатларигача аралашган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари орқали бу соҳадаги йўл – йўриқ ва кўрсатмаларини тарғиб қилади. Аллоҳнинг мўмин зиммасидаги ҳаққи етти кунда барча аъзосини тўла ювиб, ғусул қилишдир. Динимизда эр-хотин муносабатидан кейин, ҳам ғусул қилиш вожиб амал ҳисобланади. Мўйлабларни қисқартириш, тирноқ олиш, қўлтиқ ва киндик ости тукларни тозалаш, хатна қилдириш, мисвак тутиш каби ишлар мусулмонларга шарт қилиб қўйилган. Мусулмонлар кийимларини, ҳовли-жойларини ибодат ўринларини тоза тутадилар.
Чунки бу исломнинг талаби. Ислом дини тозалик дини, назофат дини. Покизалик эса-диннинг ярмидир. Ҳақиқатдан ҳам ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий-маънавий ҳам жисмоний поклашликка даъват этади. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларида:
” اَلنَّظَافَةُ تَدْعُو إِلىَ الْاِيْمَانِ وَ الْاِيْمَانُ مَعَ صَاحِبِهِ فىِ الْجَنَّةِ ” (رواه طبرانى)
(Поклик кишини имонга чақиради, имон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир) деб марҳамат қилганлар.
Ислом дини ўзининг ҳар бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади. Ислом дини инсон танавул қиладиган озуқаларнинг ҳам пок ёки нопоклиги ҳақида инсонларга ўз кўрсатмаларини берган. Ислом таълимотида нимаики ҳалол деб ҳукум қилинган бўлса, бу нарса инсон учун фойдалидир. Агар ҳаром дейилган бўлса, у зарарлидир.
Дунёдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза тутиш ва уларни ифлослантирувчи ва зарар берувчи нарсалардан сақлаш динимизнинг амридир. Ҳар биримиз атроф-муҳитни обод қилишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар экишимиз керак бўлади. Экилган кўчатлар ва ўсимликлар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтиб туради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда жуда кўп оятларда баён қилади. Жумладан: “Осмонлардаги ва ердаги бор нарса мутлақ подшоҳ, нуқсонлардан пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур”-дейилган. Уларнинг айтган тасбеҳ ва зикрлари уларни эккан ва парвариш қилган кишиларни номаи аъмолига ёзилади. Атроф муҳитга қўпол муносабатда бўлишни динимиз ман қилади
Атроф муҳитни тоза сақлаш ҳам бизнинг бурчимиз ҳисобланади. Чунки Қуръони карим оятларида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида жуда кўп марта поклик ва тозаликка ундовчи буйруқлар келган. Аллоҳ Қуръонда марҳамат қиладики:
إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ
“Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”.
Бу оятда моддий ва маънавий кирлардан покланувчилар Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари эканлиги уқтирилмоқда. Гуноҳлар маънавий кирлар ҳисобланади. Унда тавба ва истиғфор билан покланиш мумкин. Атроф муҳитимизни тоза сақлашимиз ҳам шу оятдаги мақталган тозалик қаторига киради. Табиатни муҳофаза қилиш бутун ер юзидаги кишилар сингари биз мусулмонларни ҳам ташвишга солиб келмоқда. Оят ва ҳадислар аввало, инсоннинг ўзини, қалбини, қолавирса атроф муҳитни пок қилишга ундайди. Масалан “Кийимларингизни покланг” деган маънода жисмий покланиш назарда тутилган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жоҳилият давридаги ҳар хил тушунчаларда “Қалбингизни покланг” деб талқин қилинган.
Исломнинг энг аввалги чақириқлари поклик ва озодаликка тарғиб қилувчи оятлар билан бошланади. Аллоҳ таоло ато этган бу табиат, тоғлар, боғалр, тошлар, анҳор ва куллар жуда гўзалдир. Бизлар эса улар устидан масъулдирмиз. “Албатта Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Ҳавли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”. Поклик, озодалик гўзаллик ҳақида гап борганда биз кўпроқ инсоннинг руҳий маънавий поклигини эътиборга олишимиз зарур бўлади.
Ислом динининг муқаддас манбалари-Қуръони карим ва ҳадис шарифларда моддий олам, унинг тузилиши ва ривожланиши ҳақида ҳам кўплаб қимматли фикрлар учрайди. Шунингдек мазкур манбаларди табиатни тоза сақлаш, уни ифлослантирмаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Албатта бу манбаларнинг муқаддаслигига шак келтириб бўлмайди ва юқорида айтилган фикрлар чуқур маънавий ва фалсафий мазмунга эгадир. Мустақиллик шабадалари эсганида рўзнома, ойномалар саҳифаларида радио телевидениеларда табиат хавф остида “Экологик фожеа” ҳақида тез-тез гапириладиган бўлиб қолди. Табиийки ҳар биримизда “Экология” нима? деган савол туғилади. Экология-оддий қилиб айтганда атрофимиздаги бутун борлиқ, осмонўпар тоғлар, сершовқин денгизу–дарёлар, экинзорлар, ям-яшил ўтлоқлару –ўрмонлар, сайроқи қушлару-ҳайвонот дунёси ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва мувозанатининг сақлаш ҳолатидир.
Аслида, инсон ва жамият табиатнинг ажралмас қисмидир. Инсон бутун борлиги билан табиатнинг бағрида яшайди. У табиатнинг онгли бир қисмидир. Тўғрироғини олиб айтганда бутун борлиқ, коинот, она табиат ва барча махлуқотлар биз учун яратилган. Шунинг учун ҳам инсон ўзининг атрофидаги муҳитга яхши муносабатда бўлиши керак. Ислом дини табиатга қўпол ва масъулиятсиз муносабатда бўлувчи кишилардан уни асраш учун атроф-муҳит билан муносабатларда чекловлар ва қоидаларни ўрнатган.
Аҳоли истиқомат қилаётган масканларни уларни ўраб турган атроф-муҳитни тезроқ соғломлаштириш гўзал табиатимизга раҳна солмаслик одамларни турли касалликлардан асраш ва бундай касалликларнинг олдини олиш биринчи галдаги вазифадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ерда яшанглар ўзларингдан кўпайинглар, енглар, ичинглар аммо исроф қилманглар, бузғунчилик қилиб маҳлуқотларимга зарар етказманглар, бесабаб жонни бежон қилманглар. Топшириб қўйган омонатим ер, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот олами ва ҳакозоларга ҳиёнат қилманглар амримга итоат этинглар. Ўзингизга яхши бўлур, акс ҳолда қиёматда қаттиқ сўроққа тутилурсизлар ва албатта тегишли жазоингизни олурсизлар” деб огоҳлантирилган.
Ушбу мавзуга асосан ислом дини нуқтаий назардан қарамоқликни ва шу билан бир қаторда кишиларни оз бўлсада табиатни яхши кўришга ва уни кўз қорачиғидик асрашликка имкон қадар ўз ҳиссамизни қўшамиз, деган умиддамиз.
Чунки инсон ҳаётининг табиат билан чамбарчас боғлиқлигини, табиатнинг зарарланиши инсон ва унинг ҳаёти учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳар биримиз яхши англаб етмоғимиз лозим. Мусулмон киши ўзи яшаб турган гўшасини озода сақлаши озодалик, покликка риоя қилиш мусулмончиликнинг белгисидир. Бу мўмин кишининг нафақат ибодати балки юриш-туриши, кийиниши, ейиши-ичиши одобида ҳам дастурул амал бўлмоғи лозим демакдир.
Шу қоидаларга амал қилиб ўзимизни ва атроф-муҳитимизни моддий ва маънавий поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёмиз саодатли бўлади иншааллоҳ.
“Ислом ота”жоме масжиди имом-хатиби
Жасур Раупов