Мақолалар

ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ

    Ислом динининг барча илоҳий таълимоти ва йўл-йўриқлари Ер юзида яшовчи инсонлар ўртасида ўзаро дўстлик ва биродарлик, бир-бирларига меҳр-шафқат кўрсатиш, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, хусусан жамиятнинг ажралмас бир томони, яъни оила таянчи, меҳрибон волида ва садоқатли хотин, севикли қиз,азиз опа-сингил, муҳтарама амма-хола,оқила қайнона ва келин бўлган аёл зотига улуғ назар билан қарашга буюради.

Қуръони каримдаги 176 оятдан иборат мустақил бир суранинг номи “Аёллар” деб аталиши ва бошқа суралардаги юзлаб оятларда аёллар тўғрисида аҳкомларнинг нозил қилингани илоҳий таълимотда аёлларга берилган беқиёс эътиборнинг ёрқин далили ҳисобланади.

Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратлари: “Жаннат равзасию боғлари оналар оёғи остидадир, лекин равзани кўрмоқ ва ундан баҳраманд бўлмоқ бахтига эришмоқни истар бўлсанг, оналар оёғи остида тупроқ бўлишни ихтиёр қил”. Чунки оналар ёмонликни ҳеч кимга раво кўришмайди, улар дунёни тугал ва мукаммал кўришни хоҳлайдилар, фарзандлари илмли, доно, зукко ва албатта, соғлом вояга етишини, фаровон ҳаётда умргузаронлик қилишини истайдилар.

Аллоҳ таоло барча жонзотларни, шунингдек, инсонларни ҳам жуфт-жуфт бўлиб яшашга мос ҳолда яратган. Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли ишларидан ҳисобланади.

Исломда оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, унинг аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики:

 “…сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб:

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” – деган.

Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ  (سورة النساء/19)

яъни: “…Улар билан тотув турмуш кечирингиз…”

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (сав) шундай деб марҳамат қиладиларки:

” خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْليِ ” (رواه الترمذي)

   “Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Демак, аёл киши оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Маълумки, жоҳилият даврида уларга паст назар билан қаралган. Ислом дини уларга катта ҳуқуқлар бериш билан бирга эр томонидан бошпана, озиқ-овқат ва уст-бош билан таъминланишликни вазифа қилиб қўйган. Бу ҳақда Қуръони каримда:

яъни: “…Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир…” – деб баён қилинган.

Ривоят қилинишича саҳобалар Расулуллоҳ (сав)дан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” – деб сўрашганда, У зот (сав):

أَنْ تُطْعمَهَا إِذَا طَعِمْتَ ، و تَكْسُوَهَا إِذَا اكْتَسيْتَ وَ لاَ تَضْرِبِ الْوَجْهَ ، وَ لاَ تُقَبِّحْ “

яъни: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик,”дедилар (Абу Довуд ривояти).

Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Пайғамбаримиз (сав) ҳадисларининг бирида:

كَفَى بِالْمَرْءِ اِثْمًا اَنْ يُضِيعَ مَنْ يَقُوتُ ” (رواه ابو داود)

яъни: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” – деб марҳамат қилганлар.

Мамлакатимизда аёлларни ҳуқуқи тўла тўкис ҳимоя қилиниб, чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам аёлларни соғлиғини тиклаш, шифохоналарни ташкил қилингани, барча ижтимоий сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир. Аёллардан катта ва кичик раҳбарлар, тадбиркорлар, сиёсат арбоблари, фан докторлари ва ҳатто Ўзбекистон қаҳрамонлари мавжудлиги дилимизни қувонтиради, албатта.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай холатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.

Расулуллоҳ )сав) Ҳажжатул Вадоъда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар:

яъни: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, Ўз навбатида сизлар ҳам уларни яхшилик билан едириб, кийдирингиз”.

Фарзандларни одатда оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиш мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.

Расулуллоҳ (сав) биз умматларига аёлларга яхши муносабатда бўлишга буюриб, шундай марҳамат қиладилар:

أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيْمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا ، وَ خِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ “ (رواه الترمذى)

яъни: “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлу аёллари билан яхши бўлганларингиздир”.

Оят- ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Уларни турли ёмонлик, хавф-хатар ва иллатлардан ҳимоялаш ҳамда уларни ҳурматини жойига қўйиб, чиройли муносабатда бўлиш эса, биз эркакларнинг зиммамиздадир. Лекин афсуски, барча оналар ҳам ўз фарзандларига оналик меҳрини бахш этавермайдилар. Шундай аёллар ҳам борки, улар ўз болаларини бекордан-бекор болалар уйларига топшириб юборадилар.

Бунинг учун уларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму-маърифатга қизиқтириб, ўргатиб боришга тўғри келади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасида бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб, ўрганиб маълумот ҳосил қилган ҳар қандай инсон, албатта, одамийлик хусусиятларига маълум миқдорда бўлсада, эга бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

яъни: Ўқиб илм орттирганлар билан ўқимаганлар тенг бўладиларми?” – деб илму фанга тарғиб қилади.

Шунинг учун ота-онанинг фарзандга илму ҳунар ўрганишлик билан бирга ахлоқ ва одоб фазилатларини тобора кўпроқ эгаллаб боришларида барчаларимиз ўз фарзанд ва набираларимизга яқиндан кўмаклашишимиз лозим бўлади. Аллоҳга шукрки, юртимизда илм-маърифат ва касб-ҳунар ўрганиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Халқимизда бир мақол бор: “Олим бўлиш осон, лекин одам бўлиш қийин”. Бинобарин, илму фан ютуқларини қўлга киритиб боришлик билан бирга инсонийлик, меҳру оқибат ва ахлоқий баркамолликка интилиб боришимиз лозим ишлардандир.

Маълумки, она соғлом бўлсагина баркамол фарзанд дунёга келади. Юртбошимиз томонидан “Соғлом бола” йили, деб номлангани ёш авлод саломатлиги йўлидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга, бу борадаги маъсулиятни оширишга барчамизни даъват этади.

Яна эътироф этиш керакки, Ўзбекистон аёлларни эҳтиром қилиш, уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, саломатликларига қайғуриш борасида ҳар қандай мамлакатга ибрат бўла оладиган давлатдир! Аёлларимиз моҳир уй бекаси жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда юртимиздаги ижтимоий, маданий ва сиёсий жабҳаларда эркаклар билан тенгма-тенг туриб фидокорона меҳнат қилишмоқда. Биз уларни аввало, аёл сифатида, қолаверса, фидоий меҳнаткаш сифатида ардоқламоғимиз лозим!

Жасур Раупов
Тошкент шаҳар бош имом-хатиб ўринбосари
“Ислом ота”жоме масжид имом-хатиби

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг