Мақолалар
Оила – жамиятнинг бир бўлаги-2
Хотиннинг эрдаги ҳақлари:
-овқат ва таом билан таъминлаш;
-яшаш жойи ва кийим-кечак билан таъминлаш;
-тўрт ойдан ошиқ муддатга ёлғиз ташлаб кетмаслик. Агар шу муддатдан ортиқ вақтга сафарга кетмоқчи бўлса, ўзи билан олиб кетиш;
-ўз қариндош-уруғларини кўришдаги аёлнинг ҳаққига риоя қилиш;
-хотиннинг қўлидан келмайдиган ишларни буюрмаслик.
Эрнинг аёлдаги ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
- хотиннинг эрга кундалик маъруф ишлар, яъни уй-рўзғор масаласи ва фарзанд тарбияси каби ишларда агар гуноҳ иш бўлмаса итоат этишлик.
Бу борада Қуръони карим оятида шундай дейилган: “Агар аёлларингиз сизга итоат этсалар, унда ҳаддан ошмангизлар”.
- аёл киши ўз эрининг моли, обрўсини сақлаши, унинг рухсатисиз кўчага чиқмаслиги;
- эрнинг хизматидан бош тортмаслик;
- эрнинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслик;
- бегоналар олдида эрнинг ҳурматини бажо келтириш.
(Келинлар учун)
- Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари бисёр.
- Рўзғорнинг бор йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутаҳҳаралари Оиша онамизнинг гапларини эсланг: «Муҳаммад (с.а.в.) хонадонидагилар Мадинага келгандан то ул зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони ейишмаган.
- Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқлик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай», дейди. Ҳузайфадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.
- Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг, маблағингизни қайнона билан келишиб харжланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.
- Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ботил сўзлар билан тилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): «Одамларни юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!» деганлар. Бир марта ёлғон гапириш билан бир умрга ишончдан чиқиб қолишингиз мумкин.
- Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор маъракага бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-онага итоат этмоқни намозни вақтида ўқишдан кейинги Аллоҳ таолога энг маҳбуб (севикли) амал, деб ҳисоблаганлар.
- Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда «Эгилган бошни қилич кесмайди», деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.
- Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу «қилди-қилмади»лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. Бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан «Эй Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат қилдириб қўяман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?» деб сўраганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос», деган эканлар.
- Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, «Болам иккита бўлди», деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг «сабабчиси» бўлган, ўғлини «оғдириб олган» келинини ёқтирмай қолади.
- Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдонлашиб қолган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, мақсадга эришармикансиз? Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Одам фарзанди учун намоз, муросасозлик ва хушхулқликдан афзал иш йўқдир». «Қизига жони ачиган келинини қарғайди», деган мақол ҳам бор.
Жасур РАУПОВ
Тошкент шаҳар“Ислом ота”
жоме масжид имом хатиби