Оила – жамиятнинг бир бўлаги-1
Маълумки, Аллоҳ таоло оламдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Бу ҳақда Қуръони каримда алоҳида ояти карималар нозил бўлган. Жумладан:
Яъни: “Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”.
Ҳақиқатан, ҳайвонот, наботот (ўсимлик) дунёсидан тортиб парранда-даррандаларнинг ҳаммаси эркак-аёл жинслардан иборат бўлиб, илоҳий қонун-қоидаларга биноан табиий равишда насл қолдириш ҳаракатида бўладилар. Булар ичида инсоният дунёда ўзи учун энг олий мақомни эгаллаганлиги билан яшаш, турмуш қуриш, зурриёт қолдириш ҳусусида ўзига хос йўлдан боради. Зеро, инсон ақлли мавжудот. У ақл-идрокидан ташқари ўзи эътиқод қилган дин аҳкомларига ҳам амал қилган ҳолда яшайди.
1.Никох тушунчаси
Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (сав)нинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир.
Қуръони каримда оиланинг муқаддаслиги ва илоҳий бошқарув остидагилиги тўғрисида Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади:
яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.(Рум сураси 21-оят)
Шунингдек, никоҳ Пайғамбаримиз ва барча пайғамбар (а.с.)ларнинг суннатидир.
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, Исломда никоҳ икки тамоннинг ихтиёри биландир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда аввал қиздан, сўнгра йигитдан розиликларини сўраш ва жавобни гувоҳлар эшитишлари никоҳнинг асосларидан қилиб белгиланган.
Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.
Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди” (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас” (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
“Никоҳ” ўзи нима дегани? Бу сўзнинг луғатда “қўшиш”, “жамлаш”, “яқинлик” каби маънолари бор. Никоҳ эр ва хотиннинг ихтиёрий равишда гувоҳлар иштирокида бир-бирларига берган розиликлари, аҳд-паймонлари, оила тузиш битимларидир.
Яъни: “Одам боласининг бу дунёдаги саодати – солиҳа хотин, қулай уй-жой ва яхши уловдир”.
(Имом Аҳмад ривояти) Оила жамиятнинг муқаддас маскани, энг асосий тарбия маконидир. Оиладаги ота ибрати, она меҳри, бобо ва бувилар ўгитлари орқали миллий қадриятларимиз бўлган имон-эътиқод, ҳалоллик, меҳр-оқибат авлоддан авлодга ўтади, фарзандларимиз онги ва қалбида муҳрланиб боради. Иқтисодий жиҳатдан фаровон, ижтимоий-ахлоқий ва ғоявий муҳити соғлом оила негизида юзага келган жамият ва давлатнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Чунки бундай оилаларда маънавий баркамол инсон вояга етади, унинг ҳис-туйғулари, дунёқараши, тафаккури эл-юртга ҳалол хизмат қилишдек инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган.
Ўзбекларда оиланинг раҳбари ота ҳисобланиб, у оилани моддий жиҳатдан таъминлашга масъулдир. Отанинг раҳбарлиги тўғрисида Қуръони каримда “Эркаклар хотинлари устидан раҳбардурлар”(“Нисо” сураси 34-оят) дейилган. Оят моҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, оиладаги молиявий масалалар, четдан бўладиган хуружлардан уни ҳимоя қилиш отага юклатилмоқда. Нафақат раҳбар, балки ота-оила посбони. Ота бор хонадон чароғон, болалар юзида табассум, она қалбида осойишталик.
Оилада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарор бўлиб туришида, фарзанд тарбиясида онанинг, аёлнинг ўрни беқиёс. Фарзандларимизнинг оилада шаклланган имон-эътиқоди, одоби, ғурури, ифтихори, орияти, маҳалла муҳитида мустаҳкамланиб боради. Оилада имон-эътиқодли ориятли этиб тарбияланган қиз ёки ўғил маҳалланинг шаъни, обрўси, келажаги учун қайғуради. Маҳалла юзага келган ҳар қандай нохушликларга барҳам беришга интилади.
2.Талоқ масаласи.
Шу билан бир қаторда бевосита никоҳ ва оилага алоқадор бўлган бир шаръий масала, талоқ масаласи ҳам борки, уни ҳам эътибордан четта қолдириб бўлмайди. Ёшларимиз шариатни ушбу нозик масаласига енгил қарамоқдалар, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан талоқ лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади, шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига харом бўлиб қолади. Талоқ Аллоҳнинг ёмон кўрган ҳалолларидан бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар яъни: “Ҳалол ва рухсат этилган нарсаларнинг ичида Аллоҳ таоло таолога хуш келмайдигани – талоқдир”. (Абу Доуд ривояти)
Оила – жамиятнинг бир бўлаги. Ушбу бўлак соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади ва гуллаб яшнайди.
Биз мусулмонлар ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз (сав)га эргашмоғимиз лозим. Айниқса, жамиятнинг бошланғич хужайраси ҳисобланмиш оилани барпо этишда эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Биздаги оилавий ҳаёт ҳавас қилса арзигуликдир. Бу ҳам бўлса, ўртамизда сақланиб қолган исломга мос одоб-ахлоқ, муомала самарасидир.
Улкан саҳобий Анас ибн Молик Пайғамбар (сав)нинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюрар эдилар, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”. Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-куёвларимизга ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини хусусан никоҳни бузилишига сабаб бўладиган талоқ масалаларини мукаммал тушунтирмоғимиз лозимдир. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади”, дедилар. Эридан беҳудага талоқ қилишни сўраган аёл жаннатга кириш у ёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Одатда, баъзи аёллар сал нарсага кўндаланг қилиб қўйиб, туриб оладилар. Бунинг оқибатида гап кўпайтириб, жанжал кучаяди ва иш талоқ билан тугайди.
Ҳазрат Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан аёлнинг эрдаги ҳуқуқлари нимадан иборат деб сўраганларида, Расулуллоҳ: “Таом есанг хотинингга ҳам едир, янги кийсанг, хотинингга хам янги кийим олиб бер”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Эрнинг хотиндаги ҳақлари ҳам оят ва хадисларда баён қилинган: “Агар маъсиятга (гуноҳга) юрмаса хотин эрга итоат этиши керак, уйдаги ашёни саришта қилиб сақлаш ҳам аёлнинг бурчидир. Эридан рухсатсиз хотинлар, ҳатто ибодат бўлса ҳам, нафл рўза тутмаслиги зарур, эридан рухсатсиз уйдан чиқиб кетмаслиги ва эри норози бўладиган ишни қилмаслиги керак”.
Хотин оиланинг бир бўғуни ҳисобланади. Жоҳилият даврида уларга паст назар билан қаралган. Ислом уларга катта ҳуқуқлар бериш билан бирга шарафли ва масъулиятли вазифаларни ҳам юклади. Бу эса аёлнинг оилада ўзига хос ўрни борлигига ишорадир. Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир аёл эрини рози қилиб оламдан ўтса, жаннатга киради”,-деганлар.(Имом Термизий ривояти).
Хотинлар зиммасида масъулиятли вазифалар ҳам мавжуд бўлиб, энг асосийси эрга итоат этиш, уни рози қилишга интилишдир.
Бошқа бир ҳадисда эса: “Агар бирор киши бошқа бир кишига сажда қилишга буюришим мумкин бўлганда эди, хотини ўз эрига сажда қилишга буюрар эдим”,- деганлар. (Имом Термизий ривояти).
Фарзандларни эмизиш ва тарбия қилиш ҳам хотиннинг вазифалари сирасига киради.
Эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиши мумкин эмас. Эрнинг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган хотинлар ҳатто гуноҳкор бўладилар.
Хотин ўз зийнатларини эри ва маҳрамларидан бошқаларга кўрсатиши мумкин эмас. Зийнат деганда чиройли кийим, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Чиройли бўлиб, яхши кўринишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин. Лекин аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ана шу фитрий рағбатни ҳисобга олиб, Ислом шариати эркаклар учун ҳаром қилинган тилла тақинчоқ ва ипакни уларга ҳалол қилган. Лекин уларнинг зебу зийнатлари номаҳрам – бегона эркакларнинг диққатини тортишга, шаҳвоний ҳисларни қўзғатиб, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“…Солиҳа аёллар – итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир…” деб таърифлаган.
Юқорида баён этилган ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда айтиб ўтилган вазифаларни адо этган хотинлар “солиҳа хотин” номига муносибдир. Аёл – аввало онадир. Фарзанд тарбиясида комилликка эришишда унинг тутган ўрни беқиёсдир.
Жасур РАУПОВ
Тошкент шаҳар“Ислом ота”
жоме масжид имом хатиби