ҚУРЪОНДА БОРЛИҚ, ТАБИАТ, АТРОФ- МУҲИТ МУАММОЛАРИНИНГ БАЁНИ
Ислом дини сайёрамиз аҳволини инсон қўли билан яхшилашга асосий эътибор қаратади. Чунки, одамлар Аллоҳ томонидан ер юзидаги барча воқеа ҳодисаларга масъул қилиб қўйилган. Инсоннинг бахт-саодатга интилиши эзгулик деб қаралади ва бу туфайли савоб тўплашга ҳамда келгуси ҳаётда жаннатга эришишга кўмак беради.
Ислом фан ёрдамида кашф этилган ва тадқиқ этилган табиат қонунларидан инсоният бахт-саодати ва фаровонлиги йўлида одилона ва виждонан фойдаланишга чақиради. Барча исломий таълимотлар мантиқий бўлиб, фанга зид эмас. Бундан ташқари ислом ўз умматларига илм эгаллашга чақиради. Буни биз Қуръони каримнинг “Алақ” сурасининг илк оятида кўришимиз мумкин: “Ўқинг (Эй Муҳаммад бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Роббингиз исми билан”.
Қуръони Карим ўқишни билимнинг асосий қуроли деб билади.
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала-11).
Одамлар Аллоҳ таоло томонидан яратилган маҳлуқотнинг энг мукаррамидир. Барча мавжудотлар Аллоҳ томонидан инсоният бахт-саодати учун яратилган. Аллоҳ ҳайвонлар, қушлар, ўсимликлар, сувлар ва жонсиз табиатни инсонга бўйсундириб қўйган. Ўз навбатида инсон ҳам ушбу мавжудотларга меҳр-ғамхўрлик билан муносабатда бўлишлари лозим. Улардан фойда олишда бошқаларнинг фойдаланишини таъқиқламайди ва шахсий манфаатлардан кўра жамоа манфаатини устун қўйяди. Ислом дини коинотнинг яратилишига очиқ хитоб ҳамда сайёҳатга чорловчи йўл сифатида қараб, бу йўл инсон иймонини доимий равишда мустаҳкамлаб боради ва уни унинг буюк яратувчига бўлган ишончини кучайтиради.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида кеча ва кундузнинг алмашиб туришида одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли ўлик ерни тирилтирган сувда турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан ер орасидаги бўйсундирилган булутда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг вужуди ва қудратига далиллар) бордир” (Бақара-164).
Ислом дини бутун коинотдаги махлуқотнинг ҳар бир турини ўзига маъқул бўлган ҳаёт тарзи, кўпайиши, тили ва мулоқот услуби, ўз ҳиссий тизмига эга деб ҳисоблайди ва уларнинг барчаси ўзига хос равишда Аллоҳга тасбеҳ айтади ва ўз Роббисининг хизматида бўлади.
Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад) Осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўп инсонларнинг (ёлғиз Аллоҳга сажда қилишини) кўрмадингизми?” (Ҳаж-18).
Мазкур оятлар бизга сайёрамизда яшовчи жонзотларга нисбатан ислом динининг муносабатини баён қилади. Ушбу мавжудотлар инсониятга унинг бутун умри давомида ҳамроҳ ва ёрдамчи бўлиб, эҳтиромга сазовор ҳамда ўзларининг маълум позициясига эгадирлар. Улар инсонлар учун яратилган бўлиб, инсоният уларсиз яшаши мумкин бўлмаган бўларди. Бунга мисол сифатида ҳамма маълум бўлган ҳақиқат ўсимликлар бўлиб, улар инсон нафас оладиган кислороднинг асосий манбаидир. Инсонлар шуни билиб олишлари зарурки, ислом дини табиатга қўпол ва масъулиятсиз ҳолда муносабатда бўлувчи кишилардан уни асраш учун атроф-муҳит билан муносабатларда маълум чекловлар ва қоидаларни ўрнатган.
сув ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: “Кофир бўлганлар осмонлар ҳам ер ҳам, аввалда яхлит бўлганини, бас, биз уларни ёриб юборганимизни ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?” (Анбиё-30). Сув бизнинг мавжудлигимизнинг сирини мужассам қилгани учун ислом сувни исроф қилишни ва уни ортиқча ишлатишни ҳаром қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар ўзларининг ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки биз ёғдирувчимизми?” (Воқеа-68-69). Сувни инсонлар, ҳайвонот ва наботот ҳамда қушлар ичиши учун сақлаш Аллоҳ таолонинг марҳаматига сазовор бўлувчи ишлардан биридир. Ислом турғун сувли сув омборларидаги ёки бошқа сув омборларни ифлослашни қатъиян таъқиқлайди. Шундан хулоса қилиш мумкинки, ислом сув омборларидаги канализатция ва саноат чиқиндиларини таъқиқлайди. Чунки бу сувни ифлослайди ва денгиздаги жониворларнинг ҳаётини хавф остига қўяди.
Ўсимликлар.
Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?, уни сизлар ундирурмисиз ёки биз ундирувчимизми”(Воқеа-63-64).
Аллоҳ таоло айтади: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин. Биз (осмондан) мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин деб) ёрдик. Сўнгра биз унда донларни ундирдик. Узум ва кўкатларни зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам (буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)” (Абаса-24-32).
Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) шу ҳақида хабар берадики, ҳар бир мусулмон боғ барпо қилса ёки экин экса ва бундан бошқа одамлар ҳашоротлар ёки қушлар озиқланса, бунинг учун унга Аллоҳдан ажру мукофот олади. У яна айтадики: “Кимки, дарахт экса, унинг соясида одамлар дам олса, шу сабали у Аллоҳнинг раҳматига эришади”. Шунинг учун дарахтларни ноқонуний ва асосли сабабларсиз кесиш Аллоҳнинг саховатини ва у яратган гўзалликка суйқасд қилишдир.
ер – бу биз яшаётган биринчи онамиздир. Биз унинг саховатидан баҳраманд бўламиз. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади:“Ерни эса ёйдик ва унга тоғларни ўрнатдик ҳамда унда (ҳар ернинг ўзига мос) турли нарсаларни (ўсимлик ва меваларни ) ундирдик. Яна унда (ерда) сизлар учун ҳам, сизлар ризқлантирувчиси саналмайдиганлар учун ҳам тирикчилик( ризқу насиба)ни яратиб қўйдик. Ҳар бир нарсанинг хазиналари бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни маълум ўлчов билан (сизларга) туширурмиз”.( Ҳижр сураси, 19-21-оятлар)
Бинобарин, унинг олдида бизнинг маълум мажбуриятларимиз бор. Бу яшил дарахтзорлар ва ўсимликлар ёрдамида ерни тирилтиришдир. Бунга бизни пайғамбар Муҳаммд (с.а.в.) руҳлантириб, айтадики: “ерни ўзлаштирган киши унинг хўжайини бўлади”. Агар бу ер ташландиқ бўлса, ҳечқиси йўқ. Шундай пайтда киши уни ўзлаштиришни қонуний талаб қилиб олиши мумкин. Бунинг учун киши Аллоҳдан ажр-мукофот олади. Ушбу иккинчи ҳолатни қуйидагича изоҳлаш мумкин: “Ерни ўзлаштирган киши унинг энг муносиб хўжайинларидан ҳисобланади”.
ҳайвонот олами
Биз тирик табиатнинг барча турфа хиллигини сақлаб қолишга интилган ҳолда уларга жуда мулойимлик ва раҳм-шафқат билан муносабатда бўлишимиз лозим. Биз бу оламни шунчаки ов ёки спорт учун суиистеъмол қилмаслигиммиз керак. Пайғамбар (с.а.в.) айтадиларки: “Кимки ҳайвонларга яхши ва меҳрибон бўлса, унга Аллоҳ меҳрибон ва марҳаматли бўлади”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга айтадиларки: “Ҳайвонни сўяётиб, унинг кўз ўнгида пичоқни қайрамаслик лозим. Сўйганда бўғзидан сўйиш ва унга оғир азоб бермайдиган услуб билан тезроқ ўлдириш керак. Ҳамда ҳайвонларни ҳеч қачон бошқа ҳайвон кўз ўнгида ўлдирмаслик лозим. Чунки, у азобланиши мумкин”. Шуни таъкидлаш жоизки, исломда ҳайвонни шунчаки кўнгил очар эрмак сифатида ўлдириш ҳаром қилинган. Ислом дини ҳайвонлар ва ўсимликларни тинч вақтида бўлганидек уруш вақтида ҳам нобуд қилишни ҳаром қилган.
қушлар ҳаёти.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ислом дини қушларга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга буюради. Биз қушларни тўйдиришга, уларни ҳимоя қилишга ва эсон-омон бўлишига ҳаракат қилишимиз зарур. Аллоҳ таоло айтади: “Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби уммат бўлмасалар”.(Анъом-38). Пайғамбар (с.а.в.) сафарларидан бирида унинг саҳобаларидан бири каптар жўжаларидан бирини инидан суғуриб олди. Унинг онаси унинг боши устида уча бошлади. Пайғамбар (с.а.в.) ўз ҳамроҳларидан мазкур кишининг исмини сўради. Кейин эса, она каптарга меҳрибонлик ва раҳм-шафқат кўрсатиб, жўжани эҳтиётлик билан инига қайтарди.
Пайғамбар (с.а.в.)нинг бошқа бир ҳадисида шундай дейилади: “Қиёмат куни қуш Аллоҳдан уни эрмак учун ўлдирган кишига адолатли жазо беришини сўраб, дейди: “Эй Аллоҳим! бу одам мени ҳеч қандай эҳтиёжсиз ва бошқа манфаатсиз ўлдирди. Унга адолат юзасидан муомала қил” дейди.
ҳаво – бу Аллоҳ таолонинг мулкидир. Агар биз бор йўғи икки дақиқа ҳаводан маҳрум қилинсак, бўғилиб- димиқиб қоламиз.
Ҳаво товуш тарқатганлиги сабабли мулоқот воситаси ҳамдир. Бинобарин, ҳавони тутунлар билан ифлослантириш инсоният ва бошқа жонзотлар ҳаётига хавф солувчи зарардир. Ҳайвонинг тирик табиат учун аҳамияти ниҳоятда катта бўлиб, шундан энг муҳими уларни зарарли нурлар ва бошқалардан ҳимоя қилишдир.
Қуръон ва Суннада атмосферанинг ҳимоя вазифасига катта эътибор қаратилади. “Ер атмосфераси улкан кўзгуга ўхшайди. Бир томондан ер учун фойдали нарсаларни сайёра юзига қайтарса, бошқа томондан ерга ва унда яшовчиларга зарарли бўлган нарсаларни коинотга қайтаради. Хусусан, атмосфера глобал исишга олиб келиши мумкин бўлган ултрабинашфа нурларни қайтаради. Айни вақтда атмосфера ерга дарёлар, денгизлар ва уммонлар юзасидан кўтарилаётган сув буғларини қайтаради, кейин эса уларни ёғин кўринишида ерга туширади. Булар ёрдамида одамлар бутун дунё бўйлаб, бир-бирига сигналларни узатиши ёки қабул қилиши мумкин”.
Қуръон атмосферанинг ушбу вазифасини қуйидагича тасвирлайди: “Қайтарувчи осмон билан қасамки…” (Ториқ-11). Атмосферанинг энг муҳим қатламларидан яна бири озон қатламидир. У 10-50 км қалинликда бўлиб, ерни зарарли ултрабинафша нурлардан ҳимоя қилувчи табиий қалқон сифатида ўзини намоён қилади. Гап шундаки, Қуёш бошқа юлдузларга ўхшаб, кенг диапозонда нур сочади. Биз қуёш нурлари деб атайдиган кўринувчи тўлқинлар бу нурнинг фақат бир қисмидир. Ўзининг узунлиги бўйича улар ултрабинафша ва инфрақизил нурлар оралиғида бўлади. Инфрақизил нурлар инсон кўзини қамаштириши мумкин. Ултрабинафша нурлар эса, инфрақизил нурлардан узунроқдир. Қисқа тўлқинлар (рентген ва гамма нурлар) атмосферанинг юқори қатламларида тўлалигича тутилиб қолади. Ултрабинафша нурларнинг катта қисми озон қатламига ютилиб кетади ва фақат унинг озгина қисми ер юзига етиб келади.
Қадимги муфассирлар учун ушбу оятнинг чуқур мазмунини тушуниш ниҳоятда қийин бўлган. Аммо бугун замонавий фаннинг ютуқларига таяниб, ушбу оят ҳақида бир қанча фикрлар билдириш мумкин.
Биринчидан, “парда” сўзи шуни кўрсатадики, қуёш зарар келтириши мумкин, чунки акс ҳолда ундан пардаланиш шарт бўлмасди.
Иккинчидан, кўпгина илк муфассирлар фикрича, “парда” сўзининг замирида тоғлар ёки тепалар назарда тутилади. Шуни таъкидлаш лозимки, тоғлар ва тепалар фақат уларнинг орасида яшаётган кишиларнигина ултрабинафша нурлардан ҳимоя қилиши мумкин.
Учинчидан, оят мазмуни шунга ишора қиладики, мазкур қуёшдан тўсилмаган одамлар ўша пайтда бошқа одамлар учун шундай “парда”нинг мавжудлиги сабабли истисно қилинди.
Тўртинчидан, “Биз уларнинг устидан ҳеч қандай парда ўрнатмаган эдик…” сўзи шунга далолат қиладики, “парда” инсонлар томонидан қурилмай балки, табиий парда бўлган. Шундай қилиб, бу оят инсонлар томонидан қурилган уйлар ёки бошқа иншоотларга тегишли эмас.
Бешинчидан, Қуръон ояти бундай “парда”га эга бўлмаган бутун бошли бир халқга ишора қилмоқда. Бизнинг фикримизча, бу озон қатламидаги “туйнук” деб аталувчи нарсанинг борлиги ҳақидаги замонавий тасаввурлар билан мос келади. Тадқиқотчилар фикрича, бундай “туйнук”лар ер куррасининг кўплаб ҳудудларида ҳар доим мавжуд бўлган. Аммо улар ҳақида яқинда гапирила бошланди. Чунки бу пайтга келиб, унинг кўлами кенгайиб бошлаган эди ва у инсон ҳаётини хавф остига қўйган эди.
Шундай қилиб, ижтимоий табий муаммоларнинг ҳавфини тушунтириш Қуръон ва Суннада асосий ўринни эгалайди. Ҳадисларда таъкидлаанишича, Бу муаммоларни ҳал этишда ислом дини инсон фаолиятини оқилона тартибга солишда кўради.
Тошкент шаҳар вакил ўринбосари
“Носирхон”жоме масжид имом хатиби
Жасур Раупов