Мақолалар

ТАФАККУР: ИНСОН ВА ГУНОҲ

Ҳар бир инсон маъсум бўлиб дунёга келади. Болалар юзидаги бу покиза маъсумликни осонликча кўришимиз мумкин. Бу маъсумлик балоғат ёшигача давом этади. Бу ёшдан сўнг мукаммаллик даври бошланади. Инсон гуноҳлар орасида яшай бошлайди.

Инсон қалби гуноҳдан беҳузур бўлади. Илк маротаба ёлғон сўзлаган ёки ичкилик ичган кишининг қалбида сиқилиш пайдо бўлади. Аммо гуноҳларида давом этаверса, бу ҳолат йўқолади. Аввалда нозик қилдек оғирликни ҳам кўрсатувчи хассос тарози бўлган қалб, гуноҳларга ботгач, кўп оғирликни ҳам кўрсатмайдиган бузуқ тарозига ўхшаб қолади.

Хассос машина ичига озгина ғубор кирса ҳам, ишламай қолади, шонли “машина” бўлган инсон эса, гуноҳлар билан маънан курашолмайдиган ҳолга тушади. Покиза ойна кирланса, шаффофлигини йўқотганидек, инсон қалби ҳам гуноҳ қилиш туфайли поклигини йўқотади, қораяди.

Гуноҳлар бу дунё ҳаётида қалб, виждон, руҳ учун маънавий хасталик бўлса, абадий ҳаётда эса, доимий хасталикдир. Гуноҳлар – яратилишига, Яратувчига бўлган исён. Аллоҳнинг амрларига қарши чиқишдир.

Кунгабоқар қуёшга қараб интилади. Аммо боши оғирлашгач, интилишдан тўхтайди, ерга бош эгиб қолади. Гуноҳга ботиб, тавба қилмаганларнинг ҳоли худди шундайдир. Улар юксакликка интилолмайдилар, ҳориб-чарчаб, толадилар. Буюкликни, оламни билолмайдилар, жарликда, ташналикда бўғилиб қоладилар.

Қанотларига гуноҳлар ёпишгач, ҳақиқат самоларига парвоз қилишолмайди. Қуръони каримда гуноҳ тўғрисида шундай марҳамат қилинади:

“Жиноятчи кимсалар юзидаги белгилардан билинадилар…”. Раҳмон сураси, 41).

Жаҳаннам аҳлини тасвирловчи ушбу оят маҳшардаги ҳолатлардан огоҳ этади. Ўша куни мўъминлар нуроний сиймолари билан танилганларидек, осий, итоатсизлар ҳам қорайган юзларидан маълум бўладилар. Ҳа, исёнкорлар бу дунёда ҳам юзларидан аёндирлар. Пешонасида сажда аломати бор бўлганлар билан пешонаси мутлақо саждага эгилмаган инсонлар, албатта, бир эмаслар. Бир оз ақл фаросати бўлган кишилар буларни ҳеч қийналмай ажрата олади. Фақат шуни унутмаслик лозимки, кеча осий яшаган киши бугун яхши инсон бўлиши мумкин, гуноларини тавба билан ювиши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илк даъватни бошлаганларида аввало, гуноҳкор инсонларни бу йўлдан қайтаришга интилдилар. Иймон неъматига эришган саҳобийлар ўтмишнинг қора кунларини ортга улоқтириб, янгидан ҳаёт бошладилар. Шундай экан, бундан сабоқ олмоқ лозим. Аллоҳ бу дунёда осийларга ҳам, мўъминларга ҳам истаганларини бераверади. Ҳисоб-китоб куни эса, адолат қарор топади.

Вужуди билан мўъжиза қилиб яратилган инсон, руҳи билан ҳам ҳақиқий мўъжиза, ғаройиботдир. Вужудга кўз, қулоқ, қўл, оёқ кирса, руҳ ҳис-туйғу, қизиқиш, севги, қўрқув кабиларни қамраб олади. Бу туйғуларни моддийлаштириб бўлмайди. Масалан, инсонда қизиқиш бўлмаганида, илмлар вужудга келмасди. Шу боис, қизиқишдан маҳрум бўлган ҳайвонлар яратилганларидан то шу кунга қадар бирор нарса кашф қилишмаган. Уларнинг қизиқиш доираси жуда чекланган. Масалан, ўт ейдиган ҳайвонлар фақат яшилликни биладилар холос.

Фақат инсонгина ўзи ерда бўла туриб, самолардаги нарса ва ҳодислар ҳақида фикрлайди ва ақлу хаёллари билан кезади. Ҳатто, баъзан коинот ҳам гўё тор келиб: “Ажабо, у ёғида нима бор экан-а?” дея қизиқади. Булардан биз шуни кўришимиз мумкин: Аллоҳга бўлган иймон инсон қалбидаги шубҳаларни кетказади. Агар инсон Аллоҳга ишонмаса, унинг ақлу фикрида минглаб шубҳалар пайдо бўлади ва бу шубҳалар уни еб битиради.

Олимжон АЛЛОҲҚУЛИ
www.islomota.uz

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг