Мақолалар

МУОМИЛА ВА МУЛОЙИМЛИК ФАЗИЛАТИ

Биз «мулойимлик» деб таржима қилган сўз арабчалар «рифқ» деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи кези келганда ўзини билмасликка солиш оқиллик аломати эканини таъкидлаган эканлар. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», – дедилар». Юмшоқлик бўлмаса одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун биз – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак экан. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга мулойимликдан насибаси берилган бўлса, ўшанга яхшиликдан насибаси берилибди. Ким мулойимлик насибасидан маҳрум бўлса, ўша яхшилик насибасидан маҳрум бўлибди. Қиёмат куни мўминнинг мезонида энг оғир тош босадиган нарса ҳусни ҳулқдир. Албатта, Аллоҳ фаҳшчи ва уятсизни ёмон кўради», дедилар».

Бу маънода бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У зот мулойимликни яхши кўрадир ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани берадир», дедилар». «У кишидан саҳрога чиқиш ҳақида сўралганда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам манашу шовваларга чиқар эдилар. У зот бир марта саҳрога чиқмоқчи бўлдилар. Бас, менга садақанинг туяларидан минилмаган бир туяни юбордилар ва: «Эй Оиша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, албатта, уни зийнатлаган ва уни не нарсадан суғириб олинган бўлса, албатта, уни айблаган», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган. Бундан нафақат ҳайвонларга нисабатан, балки барча нарсаларга нисбатан мулойим бўлиш зарурлиги келиб чиқади. Ҳа, мулойимлик зийнатдир ва кўполлик айбдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Обрўли кишиларингизнинг қоқилишларини кечиринглар», дедилар». Албатта, мўмин-мусулмонлар ичида кўзга кўринган, обрўли кишилар Ислом жамиятининг ҳам юзи, обрўсини ифода қиладиган рамзга айланиб қоладилар. Албатта, банда беайб бўлмайди, беайб Парвардигори оламнинг ёлғиз Ўзи. Банда ҳар қанча етук, улуғ бўлмасин, баъзан хато, камчиликлар бўлиши турган гап.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарқ ҳар бир нарсада бўлса, албатта, уни айбли қилади. Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўрадир», дедилар». «Ҳарқ» сўзи араб тилида «йиртиқ, тешик, эски» маъноларини билдиради. Бу сифат ҳар бир нарсани, масалан бир кийимни айбли қилиб қўяди, унинг зийнатини йўқотади. Бандада ҳам ана шундай айб бўладиган иш бўлмаслиги керак экан. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло рафиқдир, мулойим муомала қилувчи ва мулойимликни яхши кўрувчи Зотдир. Ушбу ҳадисга биноан мўмин-мусулмонлар мулойим бўлишлари, қўпол, дағал бўлмасликлари лозим. Буни эшитган ҳар бир киши ўзида мулойимлик сифати бўлса, уни янада зиёда қилишга уриниши лозим. Агар баъзи сабабларга бу сифатдан йироқ бўлса, уни ўзида ҳосил қилиш учун баъзан нафсларини мажбурлаб бўлса ҳам ҳаракат қилиши лозим бўлади. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали турмушга чиқмаган, чачвон (чиммат) ичидаги ёш қиздан ҳам ҳаёли эдилар. Агар бир нарсани ёқтирмасалар, буни у Зотнинг юзларидан билар эдик». Албатта, одатда ёш муслима қизлар жуда уятчан, тортинчоқ бўлишади. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшалардан ҳам кўра ҳаёлироқ бўлганликлари айтилмоқда. У Зот ўзларига ёқмаган нарсани айтмас эканлар, балки юзлари ўзгариб қолганидан атрофдагилар дарров хулоса чиқариб, ўша нарсани тузатишга уринар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биров қилаётган бир ишда ўзларига ёқмаган нарса содир бўлса ҳам, буни овоз чиқариб айтиб, танбеҳ бермас эканлар. Саҳобаи киром у Зотга бирор нарса ёқмаганлигини, хуш кўрмаганликларини муборак юзларидаги ўзгаришдан билиб олар эканлар. Бу ҳам ҳар бир мўмин-мусулмонга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламинг умматиданман, деб юрган киши зийнатланиши лозим бўлган юксак ва олиймақом сифатлардан ҳисобланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли солиҳ ҳидоят, самт-гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш Пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуздир», дедилар». Ўзини салоҳиятли тутиш, гўзал кўриниш ва вазминлик, сукут, виқор ва тежамкорлик Пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуз экан. Албатта, Пайғамбарлик буюк, олий бир мақом. Ана шу олиймақом сифатларнинг ичидаги мазкур сифатлар нубувватнинг етмиш жузидан бир жуз экан. Бу нарсага яқин бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Доим аҳли солиҳлик билан ҳидоятда юриш, ўзини ораста тутиш, одоб билан, виқор билан юриш ҳамда тежамкор бўлиш, исроф қилмаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламасли. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  «Мен бир саркаш туяга минган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Мулойим бўл. Чунки мулойимлик қайси бир нарсада бўлса, унга зийнат бўлади. Қайси бир нарсадан мулойимлик суғуриб олинган бўлса, унга айб бўлади», – дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Сизлар зинҳор ва зинҳор мумсикликдан сақланинглар. Чунки у сиздан олдингиларни ҳалок қилди. Улар бир-бирларининг қонларини тўкдилар ва қариндошлик алоқаларини уздилар. Зулм қиёмат кунининг зулматларидир», дедилар». Бу дунёда ким бировга зулм қилса, охиратда зулматлар узра зулматлар ичида қолади, қаттиқ азобларга дучор бўлади. Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон мумсиклик, қизғанчиқлик ва зулм каби қабиҳ сифатлардан узоқда бўлиши, бу нарсаларга мутлақо яқин йўламаслиги лозим. Аввал ўтган қавмлар мол-дунёни талашиб, қизғанчиқлик қилиш оқибатида ҳалокатга учрадилар. Бу ҳолат кейин келганларга ўрнак бўлиши керак. Ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам менга қуйидагиларни айтиб берди:  «Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига кириб бораётган эдим, у киши:  «Тўхтаб тур! Мен кўйлагимни ямаб олай», дедилар. Тўхтаб турдим. Кейин:  «Эй мўминларнинг онаси! Агар ҳозир мен ташқарига чиқиб, сиз қилган ишни одамларга айтсам, сизни бахил деб ўйлашади», дедим. «Ўзингга қара! Билиб қўйки, ким эскини киймас экан, янгини кия олмайди», дедилар». Оиша онамиз розияллоҳу анҳо улуғ зот бўлишларига қарамай, шу қадар камтарона ҳаёт кечирган эканлар. Эски кўйлакларини ўзлари ямоқ солиб кийганлар. Буни ўзлари учун ор, номус ёки қандайдир камчилик деб кўрмаганлар, балки оддий ҳолат деб, ҳатто фахр деб билганлар.

Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўради. Мулойимлик учун қўполликка бермаган нарсани беради», – дедилар». Демак, Аллоҳ мулойимликка алоҳида ажр-савоб ва даражотлар берар экан. Шунинг учун мўмин банда мулойим, юмшоқ, ниҳоятда хушмуомала инсон бўлиши керак экан. Бу ҳақиқатни кундалик ҳаётимиз давомида зинҳор унутмаслигимиз керак. Афсуски, воқеъликда бундан йриқлигимиз бор. Қўполлик ва дағаллик кўпроқ мулойимликдан устун келиб қолади. Ислом динининг фазийлатини қарангки, ўзимизнинг бугунги кунга ҳаётимиз учун ўта зарур бўлган сифатни шахсимизда мужассам қилганимиз учун бизга ажр ва савоб ваъда қилинмоқда. Бас, ушбу марҳаматдан унумли фойдаланиш пайидан бўлишимиз керак.

 

Жасурбек Раупов
ЎМИ Тошкент шаҳар бош имом-хатиб ўринбосари,
«Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг