Мақолалар

ОИЛА МУҚАДДАСДИР

Оила жамиятнинг муқаддас маскани, энг асосий тарбия маконидир. Оиладаги  ота ибрати, она меҳри, бобо ва бувилар ўгитлари орқали миллий қадриятларимиз бўлган имон-эътиқод, ҳалоллик, меҳр-оқибат авлоддан авлодга ўтади, фарзандларимиз онги ва қалбида муҳрланиб боради. Иқтисодий жиҳатдан фаровон, ижтимоий-ахлоқий ва ғоявий муҳити соғлом оила негизида юзага келган жамият ва давлатнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Чунки бундай оилаларда маънавий баркамол инсон вояга етади, унинг ҳис-туйғулари, дунёқараши, тафаккури эл-юртга ҳалол хизмат қилишдек инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган.

Ўзбекларда оиланинг раҳбари ота ҳисобланиб, у оилани моддий жиҳатдан таъминлашга масъулдир. Отанинг раҳбарлиги тўғрисида Қуръони каримда “Эркаклар хотинлари устидан раҳбардурлар” дейилган. Оят моҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, оиладаги молиявий масалалар, четдан бўладиган хуружлардан уни ҳимоя қилиш отага юклатилмоқда. Нафақат раҳбар, балки ота-оила посбони болалар юзида табассум, она қалбида осойишталик.

Оилада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарор бўлиб туришида, фарзанд тарбиясида онанинг, аёлнинг ўрни беқиёс. Фарзандларимизнинг оилада шаклланган имон-эътиқоди, одоби, ғурури, ифтихори, орияти, маҳалла муҳитида мустаҳкамланиб боради. Оилада имон-эътиқодли ориятли этиб тарбияланган қиз ёки ўғил маҳалланинг шаъни, обрўси, келажаги учун қайғуради. Маҳалла юзага келган ҳар қандай нохушликларга барҳам беришга интилади.

Аллоҳ таоло аёлни шундай улуғ зот қилиб яратдики, у ўзининг ақл-идроки, фаҳм-фаросати билан эрига ҳузур бағишлайди, хонадонга файз-баракот келтиради. Ана шундай аёл туфайли эр икки дунё саодатига эришади. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, жаннат неъматлари билан сийлади. Жаннатда ҳамма нарса муҳайё эди. Лекин Одам алайҳиссаломга нимадир камлик қилаётгандек туюлар эди. Шунинг учун Аллоҳ Ул зотнинг чап қовурғасидан Момо ҳаво онамизни яратиб, Одам алайҳиссаломнинг қалби таскин топди.

 Қуръони каримда яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”

Солиҳа, обида, ақлли аёл никоҳингизда бўлса, сиз ҳаёти дунё жаннатидасиз. Бундай  аёл ўз фазилатлари билан фаришталардан ҳам улуғдир.

Ҳар қандай дин  инсонга бу дунёнинг ўткинчи эканини ва охиратни ўйлаб яшашга, одам боласини хушёр бўлишга, нопок йўллардан узоқ юришга, ҳаётда, яхши из қолидиршга даъват этади. Ислом дини ҳам одамларда ишонч ҳиссини мустаҳкамлаб, мусулмонларнинг қалбларини поклантиради, ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида уларга куч бағишлайди, умуминсоний маънавий қадриятларнинг авлоддан-авлодга етиб келишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳам ислом инсоннинг ишончли ҳамроҳи, ҳаётимизнинг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.

Ислом таълимоти ва унинг тарбиявий аҳамияти Аллоҳ томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил этилган муқаддас китоб – Қуръони каримда баён этилган. Исломнинг тарбиявий жиҳати жуда кенг ва серқирра жараён эканлигини ҳисобга олиб, унинг оилада болалар ва ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида қисқача тўхталамиз.

Оилада бола тарбияси ҳақида Аллоҳ ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, аввало, ота-онани, қавм-қариндошларни, таниш-билишларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, ҳамиша тўғри сўз, одобли, хушхулқ, ширинзабон, хушмуомала ва камтар бўлишни ўргатади. Жумладан, Қуръони каримнинг “Луқмон” сурасида Одамларга яхшилик қилишга амр этилгани хусусида шундай дейилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик… Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёга яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!…” .

  • Болалар Худонинг неъмати бўлганлиги учун ҳам ота-оналар қиёмат куни Аллоҳ таоло олдида улар учун жавобгар ҳисобланадилар. Агар улар ўз фарзандларини тақводор ва итоатгўй қилиб тарбияласалар, ота-она пок ва ҳалол умр кечирган бўлади.

Ислом динида Қуръони каримдан кейинги мўътабар манба саналган Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларида ҳам ота-онага ҳурмат, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, эҳсон, сабр-тоқат, камтарлик, вафо-садоқат, поклик каби инсоний фазилатлар ва хушмуомала бўлиш йўллари баён этилган. Шу боисдан ҳам Марказий Осиё халқлари Қуръон ва ҳадисларга маънавий баркамол инсонни тарбияловчи муҳим манбалар сифатида қараб, оила, мадраса ва дорилфунунларда уларни ўқиб-ўрганиш ва ёд олишга эътибор бериб келганлар.

Жасурбек Раупов

 Тошкент шахар бош  имом-хатиб ўринбосари,
“Исллом ота” жоме масжиди имом-хатиби

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг