МАҲСИГА МАСҲ ТОРТИШ
Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири – таҳоратда оёқни ювиш ўрнига маҳси, кигизли этик, қўнжли ковуш каби оёқнинг тўпиғини беркитадиган, сув кирмайдиган ва уч кеча-кундузлик сафарда йиртилмайдиган ҳар қандай оёқ кийимига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусофир (оёқ кийимига) уч кеча-кундуз масҳ тортади, муқим эса, бир кеча-кундуз”, деб айтдилар”.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан етмиш киши у зотнинг оёқ кийимларига масҳ тортганларини кўрганлари ҳақида ривоят қилганлар”.
МАҲСИГА МАСҲ ТОРТИШ ШАРТЛАРИ
– Оёқнинг ошиқларини беркитган бўлиши.
– Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги.
– Юрган вақтда оёқдан ечилиб кетадиган даражада кенг бўлмаслиги.
– Сув ўтмайдиган бўлиши.
– Камида бир фарсах* миқдоридаги йўл юриш билан йиртилиб кетмаслиги.
– Маҳсини тўла таҳоратли ҳолда кийган бўлиши.
*Изоҳ. Бир фарсах – 5544 метрга тенг.
МАСҲ ТОРТИШНИНГ ФАРЗИ
Икки қўл бармоқларидан учтаси миқдорича икки маҳсининг устига оёқ учидан бошлаб нам қўл билан силаш масҳнинг фарзидир. Оёқнинг остига ёки ёнларига масҳ тортиш дуруст эмас. Тўрт бармоқ билан масҳ тортиш суннатдир.
МАСҲ ТОРТИШНИНГ СУННАТИ
Қўлларни ҳўллаб, ўнг қўл бармоқларини ўнг қадамнинг бармоқлари устидан, чап қўл бармоқларини чап қадамнинг бармоқлари устидан теккизиб масҳ тортади. Қадамларда масҳдан сўнг чизиқлар ҳосил бўлиши учун бармоқлар ораси бир оз очиқ бўлади.
Масҳнинг муддати. Муқим учун масҳ тортиш муддати бир кеча-кундуз бўлса, мусофир учун уч-кеча кундуздир. Бу вақт таҳорат бузилгандан бошлаб эътиборга олинади.
Масалан, бир киши бомдодда таҳорат қилиб, маҳсини кийса ва шу таҳорати пешинда синса, бунда у янги таҳорат қилади, оёғига масҳ тортади ва кейинги куннинг пешин намозигача оёғига масҳ торта олади, агар мусофир бўлса, учинчи куннинг пешинигача масҳ тортади.
Мусофир деб, пиёданинг ўртача юриши билан уч кунлик йўлга қасд қилиб чиққан кишига айтилади. Бу тахминан 99 километрлик масофадир.
Агар муқимнинг масҳ муддати тугамай, сафарга чиқса, унинг масҳ тортиш муддати мусофирнинг масҳ тортиш муддатига айланади. Мусофир бир кун ўтиб уйига қайтса, маҳсисини ечиб оёғини ювади. Чунки масҳ тортиш муддатнинг охирги вақтига қараб эътибор қилинади.
МАСҲНИ БУЗАДИГАН АМАЛЛАР
- Таҳоратни бузадиган нарсалар.
- Масҳ муддатининг тугаши.
- Оёқ товонининг кўп қисми маҳсининг тўпиққача бўлган жойидан чиқиб кетиши.
- Бир оёқ кийимидаги йиртиқ жамланганда оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорга етиши. Аммо икки оёқ кийимидаги йиртиқлар жамланмайди.
Жароҳатга масҳ тортиш. Синган ёки кесилган аъзо устидан бирор нарса боғланганда, уни ечиб ювиш оғриқни кучайтирса ёхуд тузалишини кечиктирса, таҳорат вақтида шу жароҳат боғланган жой устига масҳ тортилади. Жароҳатга масҳ тортиш таҳоратда ҳам, ғуслда ҳам рухсат этилади. Жароҳатга тортиладиган масҳнинг муддати таҳорат бузилиши билан тугайди. Агар жароҳатга сув тегиши зарар етказса, у тузалгунча масҳ тортиш дуруст бўлади. Масҳ жароҳатнинг кўпроқ жойига тортиш билан бўлади, унинг ҳамма ерига масҳ тортиш шарт эмас. Жароҳатга тортилган масҳ уни ювишнинг ўрнига ўтади. Агар жароҳат ечилганда тузалмаган бўлса, масҳ тортиш давом эттирилади. Аммо жароҳат ечилганда тузалган бўлса, унинг ўрнини ювиш вожиб бўлади. Агар жароҳат сабабидан бошқа аъзоларга ҳам сув тегиши зарар бўладиган бўлса, таяммум қилади.
“Намоз ибодати арконлари” китобидан