ҚЎЙЛИҚ МАССИВИ ТОМОН ҲАРАКАТЛАНУВЧИ МЕТРО БЕКАТИ ҚУРИЛИШИГА СТАРТ БЕРИЛДИ
Тошкент шаҳрининг “Дўстлик” (“Чкалов”) метро бекатидан Қўйлиқ массивига олиб борувчи метро линияси қурилиши бошланмоқда. Facebook ижтимоий тармоғининг “Ташкент строится” (Tashkent is under construction) гуруҳида мавзуга доир суратлар ва маълумотлар тақдим этилди.
Манбага кўра, янги метро линияси «Ўзбекистон» йўлининг «Дўстлик» бекатидан бошланади ва у эстакада кўринишида бўлади.
Қўйлик томон ҳаракатланувчи метро йўналиши қурилишига шу кунларда, яъни 2017 йилнинг октябрида старт берилиши кутилмоқда.
Бундан аввал Ўзбекистон пойтахтида метрополитен узунлигини 160 километргача кўпайтириш режалаштирилгани, улар учун 20 дан ортиқ янги бекат ва битта метрополитен тармоғи қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Биринчи 10 бекат қурилиши 2030 йилга қадар тугалланади.
Таъкидланишича, метро ер устида бўлади, туннеллар узунлиги 22 километрни ташкил этади. Умуман олганда, Тошкент метросининг узунлиги 160 километргача ошади, ҳозирда пойтахт метрополитени 36,2 километрга тенг ва 29 та бекатга эга.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент метрополитени 1977 йилда очилган ва Марказий Осиёдаги биринчи метрога айланган. Пойтахт метрополитени уч тармоқдан иборат бўлиб, унинг йўловчи ташиш ҳажми кунига 168 минг кишини ташкил этади. Тошкент метрополитени ҳозирча фақат ер ости бекатларидан иборат.
kun.uz